Марин Ле Пен қамоққа ҳукм қилинди
Франция президентлигига охирги икки сайловда Макроннинг асосий рақиби бўлган ўта ўнгчилар етакчиси Марин Ле Пен қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У Европарламент пулларини ўзлаштириб келганликда айбланди ва ҳокимият органларига сайланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Сиёсатчи энди 2027 йилги президент сайловида номзод бўлолмайди, у пайтда қамоқда бўлади.
4 йиллик қамоқ жазосининг 2 йили шартли, яна 2 йили эса уй қамоғи. Reuters хабарига кўра, апелляция шикояти қаноатлантирилмаса, мухолифат етакчиси 5 йил давомида давлат лавозимларига сайлана олмайди.
Албатта, Франция суди чиқарган бу қарор “Миллий бирлашув” партияси етакчиси Ле Пен учун оғир зарба бўлди. Чунки у узоқ вақтдан бери Европадаги ўта ўнг кучларнинг энг таниқли намояндаси эди. 2027 йилги сайловларда эса унинг ғалабаси деярли аниқ эди. Чунки амалдаги президент Макрон 2 муддат кетма-кет сайлангани боис кейинги сайловда номзод бўлолмайди. Жамоатчилик фикри сўровларида ҳам Ле Пен пешқадамлик қилаётганди. Юқоридаги жазолардан ташқари, Ле Пен 100 минг евро жарима ҳам тўлайдиган бўлди. Прокуратура талаблари деярли тўлиқ қондирилган.
56 ёшли Ле Пен апелляция бериши эълон қилинди ва унинг апелляциялари тугагунига қадар қамоқ жазоси ҳам, жарима ҳам қўлланмайди. Аммо лавозимга сайланишни беш йилга тақиқлаш чораси дарҳол бошланади.
Ле Пеннинг партияси расмий раҳбари, унинг ўнг қўли 29 ёшли Жордан Барделла вазиятга ўз муносабатини ёзиб қолдирган.
“Бугун нафақат Марин Ле Пен ноҳақ ҳукм қилинди, балки Франция демократияси ҳам ўлдирилди”, дейди у. Кейинги президентлик сайловида энди партия Барделланинг ўзини номзод сифатида кўрсатиши мумкин.
Ле Пен бугунгача уч марта – 2012, 2017 ва 2022 йилларда президентликка номзодини қўйган ва 2027 йилда у охирги марта номзод бўлишини айтганди. Энди Ле Пен сайлов олдидан апелляция тартибида ҳукм бекор этилишидан умид қилмоқда. Лекин сайловда у барибир номзод бўлолмайди, чунки 5 йиллик ҳокимият органларига сайланиш тақиқи билан у сайловни ўтказиб юборади.
Маълум бўлишича, пулларни ўзлаштириш ишида яна саккиз нафар европарламент депутатлари ва 12 нафар парламент ёрдамчилари айбдор деб топилди. Судланувчилар пул қонуний асосда ишлатилганини таъкидламоқда.
Ле Пен беш йилга ҳукм қилинганига қарамай, сиёсатдан чекингиси йўқ, деб ёзади машҳур француз нашри Le Figaro. Нашрнинг қўшимча қилишича, Барделла аввалбошидан Ле Пеннинг сиёсий вориси бўлишга тайёрланган. 29 ёшли сиёсатчи мухолифатнинг "Б" режаси, шундай вазиятларда у майдонга чиқиши аниқ эди.
Доналд Трамп мафкурадошининг суд иши ҳақида эшитаркан, буни ўз тақдирига қиёслади. Бу худди бизнинг мамлакатимизга жуда ўхшайди, деди АҚШ президенти сайловдан олдинги ўзига очилган суд ишларига шама қилиб. Ва Трамп Ле Пенга ўқилган ҳукм жуда жиддий масала эканини ҳам айтган.
Мухолифат кутилганидек, бу иш Ле Пеннинг кейинги сайловда номзод бўлолмаслигини таъминлаш учун қилинган, демоқда. Партия етакчилари Барделла билан матбуот парадига чиқмоқчи. Француз нашрлари вазиятни “демократик жанжал” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, ўта ўнгчилар партияси ва унинг етакчиси Ле Пеннинг таклифлари ўта шовинистик руҳга эга эди. Маъновий жиҳатдан Ле Пен дастури Франция қонунчилигини Евроиттифоқ қонунчилигидан устун қўйишга қаратилган ва агар у сайловда ютса, референдум ўтказишини айтган. Бу билан Франция сиёсатида Евроиттифоқдан чекиниш юз бериши мумкин эди ёки иттифоқни бутунлай тарк этиши ҳам ажаб эмасди. Иммиграция сиёсати бўйича ҳам у қатъий таклифлар берган, ишламаган чет элликларни чиқариб юбориш, яшаш рухсатномасидан маҳрум этиш, кино, матбуот ва мактабларда исломий қарашларни бутунлай тақиқлаш, жамоат жойларида рўмол ўрашни тақиқлаш, кўча безориларини жинсий жиноятчилар рўйхатига киритиш, 25 мингта янги қамоқхоналар яратиш, берилган жазони қисқартириш ёки тузатиш имкониятини йўқ қилиш, мудофаа харажатларини ошириш Марин Ле Пеннинг дастуридан ўрин олганди.
Франция собиқ президенти Франсуа Олланд Ле Пенни судни ҳурмат қилишга бирор шикояти бўлса, апелляция хати ёзишга чақирди. Оқ уйда амал теккан Трампнинг ўнг қўли Илон Маск эса Ле Пеннинг ҳибсга олинишига қарши фикр билдираркан, “радикал сўллар демократик овоз бериш йўли билан ғалаба қозона олмасалар, рақибларини қамоққа ташлаб, ҳуқуқ тизимини суиистеъмол қиладилар. Бу бутун дунё бўйлаб уларнинг стандарт китоби”, деди.
Бразилия собиқ президенти Болсонаро фикрича: “бу аниқ сўл қанотнинг иши. Ўнг қанот қаерда бўлишидан қатъи назар, сўл қанот ва тизим ўз рақибларини ўйиндан чиқариш учун ишлайди”, дейди у Ле Пеннинг ёнини оларкан.
"Албатта, биз Франциянинг ички ишларига аралашишни истамаймиз, биз ҳеч қачон бундай қилмаганмиз. Лекин, ҳақиқатан ҳам Европа давлатлари тобора демократик меъёрларни оёқости қилиш йўлига ўтмоқда”, дейди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Мавзуга оид

17:42 / 02.04.2025
Саида Мирзиёева Парижда «Худойберган Девонов мероси» кўргазмасига ташриф буюрди

07:54 / 02.04.2025
Францияда ултраўнг сиёсатчилар оммавий норозилик намойишлар ўтказмоқчи

21:07 / 01.04.2025
Ўзбекистон вакили Франциянинг «Санъат ва адабиёт» ордени билан тақдирланди

11:33 / 01.04.2025