Жаҳон | 01:11 / 01.04.2025
5569
2 дақиқада ўқилади

Европанинг олтита давлати «Россияга босим ўтказишни» давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди

Шунингдек, ушбу давлатлар «Украинанинг ҳарбий ҳамда мудофаа саноатини чекловчи» бирор келишувни қабул қилмасликларини билдирди.

Фото: Reuters

Германия, Франция, Италия, Полша, Испания ва Буюк Биртания ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Европа дипломатияси раҳбари қўшма баёнот эълон қилиб, «Россияга босим ўтказишни давом эттиришга» тайёр эканликларини билдирди. Мадриддаги учрашув якунлари бўйича эълон қилинган баёнот Германия ТИВ сайтига жойлаштирилган.

Унда «Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлаш», шунингдек, БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига асосланган «адолатли ва мустаҳкам тинчлик» ҳақида сўз боради. Европа давлатлари вакиллари қайд этишича, Украина дастлабки шартларсиз ўт очишни тўлиқ тўхтатишга розилигини билдириб, тинчлик ўрнатиш тарафдори эканини намоён қилган, аммо «Россиянинг Украинага қарши тажовузи тўхтагани йўқ». Баёнот муаллифларининг фикрича, Россия «янги шартлар қўйиш ва Украина шаҳарлари ҳамда инфратузилмасига ҳужумларни давом эттириш» ўрнига «урушни тугатишга жиддий ёндашаётганини» кўрсатиши керак.

Шунингдек, юқоридаги давлатлар Украинага қисқа ва узоқ муддатли ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёр эканликларини маълум қилган.

«Биз мавжуд барча воситалардан фойдаланган ҳолда, жумладан, янги санкцияларни қабул қилиш орқали Россияга босим ўтказишни давом этишга тайёрмиз… Тинчлик адолатли бўлиши керак ва Россиянинг тажовузи босқинчининг мукофоти билан якунланиши керак эмас», — дейилади баёнотда.

Германия, Испания, Франция, Италия, Полша ва Буюк Британия, шунингдек, «Украинанинг ҳарбий ҳамда мудофаа саноатини чекловчи» бирор келишувни қабул қилмасликларини маълум қилди.

EUobserver маълумотларига кўра, Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 17-пакети устида иш бошлаган. Европалик дипломатлардан бирининг айтишича, санкциялар ёз бошида жорий этилиши мумкин.

Мавзуга оид