Фан-техника | 10:00 / 04.04.2025
7539
2 дақиқада ўқилади

Apple 250 млрд доллар йўқотди: энди iPhone қимматлайдими?

Apple компанияси фақатгина пайшанба куни бозор қийматидан 250 миллиард доллардан кўпроғини йўқотди. Унинг акциялари Президент Доналд Трампнинг кенг қамровли божлар сиёсати туфайли 8,5 фоизга тушиб кетди.

Фото: howtogeek.com

iPhone ишлаб чиқарувчиси Уолл-стритда энг катта йўқотишни кўрган технологик гигантлардан бири бўлди. Инвесторлар хатарли активлардан пулларни чиқариб ола бошлар экан, Tesla, Nvidia ва Meta компаниялари 6 фоизга пасайди. Amazon акциялари эса 7,2 фоизга арзонлашди, деб ёзмоқда TechCrunch.

Трамп чоршанба куни тушдан кейин бутун импортга камида 10 фоиз миқдорида божлар жорий этилишини эълон қилди. Айрим мамлакатлар учун эса бу рақам анча юқори — масалан, Хитой учун умумий бож ставкаси 54 фоизгача чиқди. Божлар 5 апрелдан кучга киради.

Wedbush Securities таҳлилчилари бу божларни технологик сармоядорлар учун «энг ёмон сценарийдан ҳам ёмонроқ», деб атади.

Оқ уй бу божларни музокара воситаси эмас, балки ички ишлаб чиқаришни рағбатлантириш учун зарур чора, деб ҳисоблайди. Президент уларни «Америка иқтисодиётини озод қилиш ҳаракати», деб таърифлади.

Трамп томонидан АҚШга импорт қилинадиган маҳсулотларга қўйилган божлар Appleʼнинг Хитойдан то Тайван, Ҳиндистон ва Вйетнамгача бўлган барча йирик таъминотчилар ва ишлаб чиқариш марказларига таъсир кўрсатади. Бу эса Apple томонидан сотиладиган ҳар бир iPhone, iPad, Mac ва аксессуар моделлари нархига таъсир қилади.

Apple раҳбари Тим Кук маъмурият билан яқин муносабат ўрнатишга уринган бўлса-да, ҳозирда унинг олдида икки йўл бор: ёки маҳсулотлар нархини истеъмолчилар учун оширади, ёки юзага келадиган миллиардлаб доллар йўқотишларни ўз зиммасига олади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид