Спорт | 10:12 / 06.04.2025
14537
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бокс жамоаси жаҳон кубогида 5 та олтин қўлга киритди

Финалга чиққан етти нафар ўзбекистонликдан беш нафари ғалаба қозонди ва жамоа умумий рейтингда биринчи ўринни эгаллади. Мезбон Бразилия иккинчи, қозоғистонликлар учинчи бўлишди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси расмий канали

Бразилиянинг Фос-ду-Игуасу шаҳрида катталар ўртасида янги тузилган World Boxing ташкилоти ҳомийлигидаги Жаҳон кубогининг биринчи босқичи якунланди.

Тўлқин Қиличев бошчилигидаги эркаклар жамоасининг 10 нафар вакилидан фақат икки аъзоси медалсиз қолди: Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-65 кг) турнирдаги иштирокини чоракфиналдан бошлаганди, аммо илк жангдаёқ мезбонлар вакили Юри Рейсга ютқазди. Иқболжон Холдоров (-70 кг) саралаш босқичидан муваффақиятли ўтганди, аммо чоракфиналда англиялик Одел Камарага ютқазиб қўйди.

Мадияр Данияров (-60 кг) чоракфиналда италиялик рақибдан устун келганди, яримфиналда бразилиялик Луиз Оливейрага ютқазди ва бронза билан кифояланишга мажбур бўлди.

5 апрел куни мусобақанинг финал баҳслари ўтказилди, унда Ўзбекистондан 7 нафар вакил финалга чиқиб, улардан 5 нафари олтин медалга эга бўлишди, 2 нафар боксчи кумуш билан кифояланди.

Асилбек Жалилов (-50 кг) финал йўлида дастлаб қозоғистонлик Нурзат Онгаровни ва ҳиндистонлик Жадумани Манденгбамни мағлуб этди, олтин учун жангда эса Франция вакили Ники Куммингсга ҳам ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Асилбек Жалилов

Фазлиддин Эркинбоев (-75 кг) иштирокини яримфиналдан бошлади ва Михал Ярлински (Полша) устидан ғалабага эришиб, финалга йўл олди. Олтин учун баҳсда эса Кауе Белинини қийинчиликсиз мағлуб этди. Фазлиддин жанг давомида уни нокдаун ҳолатига ҳам туширди.

Фазлиддин Эркинбоев

Жавоҳир Умматалиев (-80 кг) чоракфиналда АҚШ вакили Робби Гонсалесни 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олганди, яримфиналда қозоғистонлик Диас Молжигитовга қарши баҳс олиб бориб, қийинчиликларсиз ғалабани қўлга киритди (5:0). Финалда бразилиялик Вандерлай Перрейрани 4:1 ҳисобида енгиб, жамоа ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

Жавоҳир Умматалиев

Ўзбекистон бокс жамоасининг ҳозирги авлоди етакчиси Тўрабек Ҳабибуллаев (-90 кг) ҳам ишончни тўла оқлади. У иштирокини яримфиналдан бошлади ва ҳиндистонлик Вишални қийинчиликсиз мағлуб этиб, финалга йўл олди (5:0). Финалда ҳам англиялик Исаак Окоҳга ҳеч қандай имконият қолдирмади (5:0).

Тўрабек Ҳабибуллаев

Жаҳонгир Зокиров (+90 кг) ҳам иштирокини яримфиналдан бошлади ва қозоғистонлик Даниял Сапарбайга ҳеч қандай имконият қолдирмади (5:0). Финалда эса англиялик Дамар Томасни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Жаҳонгир Зокиров

Финалга чиққан икки ўзбекистонлик – Миразизбек Мирзаҳалилов ва Акмалжон Исроилов эса Қозоғистон вакилларига ютқазишди.

Мирзаҳалилов (-55 кг) мусобақада энг кўп - тўрт бор жанг ўтказди. У финалгача бўлган йўлда Небил Ибраҳим (Швеция), Николас Павлик (Полша) ва Жосе Фелипе (Гватемала) каби рақиблардан устун келди, аммо финалда қозоғистонлик Нурсултан Алтинбекга ҳакамларнинг қарорларига кўра 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Акмалжон Исроилов (-85 кг) саралаш жангида Леонид Беришадан устун келди, яримфиналда полшалик Якуб Страшевскини таслим этди, аммо финалда қозоғистонлик Даулет Тулемиссовга 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Акмалжон Исроилов

Натижада Қозоғистон жамоаси жами олтита медалга (учта олтин ва учта бронза) эга чиқди ва умумий рейтингда учинчи ўринда жойлашди. Жаҳон кубогининг кейинги босқичига Қозоғистон мезбонлик қилади.

photo_2025-04-06_08-52-44.jpg
photo_2025-04-06_08-53-49.jpg
photo_2025-04-06_08-54-15.jpg
photo_2025-04-06_08-54-56.jpg
photo_2025-04-06_08-53-20.jpg

Мавзуга оид