«Ракета шаҳарлари». Теҳрон нима учун ўзининг махфий ерости базаларини айнан ҳозир кўрсатишга қарор қилди?
«Агар биз ҳар ҳафта битта ракета шаҳарчасини кўрсатадиган бўлсак, икки йилдан кейин ҳам тугатолмаймиз – улар жуда кўп». Яқинда Эрон шу сўзлар билан ракеталар сақланувчи яна бир махфий ерости бункерлари мажмуасини ошкор қилди, Теҳрон бу ракеталарни Исроил ёки АҚШнинг эҳтимолий ҳужумига жавобан қўллаши мумкин.

Фото: Tasnim
АҚШ расмийларининг анонимлик шарти билан Reuters агентлигига маълум қилишича, сўнгги ҳафтада АҚШ Эрон ва Яманнинг қўл етиши мумкин бўлган ҳудудидаги ҳарбий базага «стелс» технологияси билан жиҳозланган ва Американинг энг оғир бомбаларини олиб юришга қодир олтита қўшимча ҳарбий самолётини жойлаштирган.
Эрон бунга жавобан Американинг минтақадаги катта ҳарбий иштироки улар «шиша деворли хонадалиги» ва «тош отмаслиги» кераклигини англатишини билдирди.
Эрон, шунингдек, Чагос архипелагидаги Диего-Гарсия оролида жойлашган ҳарбий базани бомбардимон қилиш билан таҳдид қилди – бу Ҳинд океанидаги Британия ҳудуди бўлиб, ҳозирда уни Маврикийга топшириш жараёни кетмоқда. Аввалроқ Эрон бундай имкониятга эга эканини маълум қилмаганди.
«Ракета шаҳарлари» деб аталадиган бу шаҳарлар нимани англатади, нима учун Эрон улар ҳақида айнан ҳозир гапиришга қарор қилди ва бу Яқин Шарқдаги эҳтимолий можаро учун нимани англатади?
Эроннинг «ракета шаҳарлари» нима?

«Ракета шаҳарлари» – Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан йирик ерости ракета базаларини ифодалаш учун ишлатиладиган атама. Ушбу базалар бутун мамлакат бўйлаб тарқалган, бир-бири билан чамбарчас боғланган чуқур туннеллар мажмуасидан иборат бўлиб, уларнинг аксарияти стратегик жиҳатдан муҳим тоғли ҳудудларда жойлашган.
Улар баллистик ва қанотли ракеталарни, шунингдек, бошқа стратегик қуролларни – учувчисиз учоқлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сақлаш, учиришга тайёрлаш ва учириш учун ишлатилади.
Корпус қўмондонларининг сўзларига кўра, бу ракета шаҳарлари – шунчаки қурол-яроғ омборлари эмас. Уларнинг баъзилари – бир вақтнинг ўзида «жанговар навбатчиликка қўйишдан олдин ракеталарни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун» заводлар ҳам ҳисобланади.
Ушбу ракета базаларининг аниқ жойлашуви номаълум ва ҳеч қачон расман ошкор этилмаган.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси аэрокосмик кучлари қўмондони, бригада генерали Амир Али Ҳожизода IRIB давлат телерадиокомпаниясига берган интервюсида энг янги «ракета шаҳри»ни тақдим этди. Видеода ер остида чуқур жойлашган баллистик ракеталар ва камикадзе-дронлар акс этган. Бу видеода айнан нима тасвирланганини мустақил равишда текшириб бўлмайди.
Бу нега айнан ҳозир содир бўлаётганига ишора сифатида давлат нашрлари Теҳрон бу қуролдан «Эронга қарши ҳар қандай душманлик ҳаракатлари»га жавобан фойдаланишини маълум қилди.
«Агар Эронга минтақадаги ёки Эрон ракеталари таъсир кўрсатадиган радиусдаги исталган базадан ҳужум қилинса, у Британия ёки Америка объектини ажратмайди», – дея таъкидлайди Теҳрон.
Сўнгги 10 йил ичида корпус вақти-вақти билан кўплаб ракеталар, дронлар ва мудофаа тизимлари сақланадиган ерости туннелларининг суратларини эълон қилиб, уларни «махфий ракета шаҳарлари» деб атаган.
Бу АҚШ ва Исроил учун қанчалик муҳим?
Эрон ўз имкониятларини намойиш этиб, Исроил ва АҚШни янада кескинлашувдан тийишга интилмоқда.
Янги кадрларда «Ҳайбар Шекан», «Ҳожи Қосим», «Эмад», «Сежил», «Кадар-Н» ва «Павеҳ» қанотли ракеталарини кўриш мумкин.
Эрон 2000 километргача бўлган масофадаги нишонларни ура олишини айтади.
«Эмад» баллистик ракеталари Эроннинг Исроилга 2024 йил апрелида қилган ҳужумида қўлланганди, бунинг натижасида Исроилнинг марказий қисмидаги «Наватим» авиабазасига зарар етказилган.
Эрондан Ироқ, Сурия ва Иордания орқали Исроилга энг қисқа масофа минг километрга яқин чиқади. Исроил 2024 йил апрел ойидаги ҳужумда ракеталарнинг 99 фоизи тутиб қолинганини маълум қилган. Октябр ойидаги иккинчи ҳужум сезиларли зарар етказмаган.
Бироқ Эрон ракеталарининг учиш масофаси ва қуввати борасида шубҳалар бор. Шунинг учун улар АҚШнинг Диего-Гарсия оролидаги ҳарбий базасига етиб боришга қодирлиги ҳақидаги сўнгги баёнотларни муҳим воқеа деб ҳисоблаш мумкин.

1970-йиллар бошидан бери Диего Гарсия оролида Буюк Британия ва АҚШнинг қўшма ҳарбий базаси мавжуд. У яхши ҳимояланган ва Эрон ҳудудидан 3800 километрга яқин масофада жойлашган.
Шу ҳафтада Эрон ўзининг «Shaheed-136B» учувчисиз учоқлари 4000 километргача учиш масофасига эгалиги ҳақидаги баёнотини такрорлади, лекин бунга ҳали ҳам далиллар йўқ.
Ҳозирда Эроннинг парвоз масофаси 2000 километрдан ортиқ бўлган ракеталари йўқлигига қарамай, назарий жиҳатдан у денгиз флоти воситалари билан оролга зарба бериши ёки ўзидаги мавжуд ракета тизимларини ўзгартириши мумкин.
Яқин Шарқда аллақачон Американинг катта кучлари жойлаштирилган ва тез орада минтақада иккита авиаташувчи пайдо бўлади.
Қуйидаги сунъий йўлдош тасвирларида Диего-Гарсияда B-2 бомбардимончи самолётлари борлигини кўриш мумкин; улар яқинда Американинг Ямандаги ҳусийчиларга қарши амалиётида ҳам иштирок этганди.

«Агар Эрон ёки унинг тарафдорлари Америка ҳарбийлари ва АҚШнинг минтақадаги манфаатларига таҳдид солса, Қўшма Штатлар халқимизни ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўради», –деди шу ҳафта Пентагон расмий вакили Шон Парнелл.
АҚШ қуролли кучлари стратегик қўмондонлиги Диего-Гарсия базасида нечта B-2 бомбардимончи самолёти борлигини айтишдан бош тортди ва улар иштирокидаги машғулотлар ёки операцияларга изоҳ бермаслигини таъкидлади.
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ихтиёрида жами 20 дона B-2 бомбардимончиси мавжуд, шу туфайли, улардан кўп фойдаланилмайди.
Эрон «ракета шаҳарлари» ҳақида нега айнан ҳозир айтишни истаб қолди?
Эрон расмийларининг янги баёнотлари Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасида учта масала бўйича кескинлик кучайган бир пайтда пайдо бўлди: Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар таҳдиди, Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар ва Исроилнинг Ливандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳини заифлаштириш учун янги ҳужумлари.
Якшанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳрон Вашингтон билан ядро дастури бўйича келишувга эришмаса, Эронни бомбардимон қилиш ва қўшимча божлар билан таҳдид қилди.
Бундан ташқари, ўтган йили Эрон ва Исроил ўртасидаги қарама-қаршилик кучайганди – томонлар бир-бирига зарбалар берди ва янги ракета иншоотининг намойиш этилиши, афтидан, Эрон ҳужум қилинган тақдирда кучли ракета зарбаси бериши мумкинлигини таъкидлашга қаратилган.
Эрон Исроилга учинчи зарбани ваъда қилишда давом этмоқда. Бироқ, Теҳронга жаҳон ҳамжамияти томонидан доимий равишда босим ўтказилмоқда ва Теҳрон ваъдасини охиригача етказа олишига шубҳа бор, айниқса Исроил зарбалари Эроннинг ракета салоҳиятини заифлаштиргани ҳисобга олинса.
Шунингдек, Эрон расмийлари ўз фуқароларига АҚШ томонидан бўладиган ҳар қандай таҳдидга қарши тура олишини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Ер остида «ракета шаҳарлари»ни қуришдан мақсад — ҳаво ҳужумларига чидамлилик ва бардошлиликни ошириш ва тийиб туриш омилига эга бўлишдир.
Эрон бундай «шаҳарлар»ни барпо этиб, АҚШ ва Исроилга қуруқликдаги базаларига ҳужум қилинган тақдирда ҳам жавоб зарбаси бера олишини намойиш этди.
Ерости базалари душманга номаълум нуқталардан ракета учириш имконини беради ва Теҳроннинг ҳарбий салоҳиятини аниқ баҳолашга тўсқинлик қилади.
Мавзуга оид

21:42
Ливан Исроил билан чегарага 4,5 минг ҳарбий хизматчисини жойлаштиради

10:47
Президент яна бир бор Украина, Яқин Шарқ ва Афғонистон масаласига эътибор қаратди

19:44 / 06.04.2025
Эрон армияси жанговар шай ҳолатга келтирилди — Reuters

16:01 / 06.04.2025