Ўзбекистон | 18:30
3364
11 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев 20 га яқин мамлакат парламентлари делегацияларини қабул қилди

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 7 апрел куни Парламентлараро иттифоқ ассамблеясида Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган Россия федерал мажлиси федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенкони қабул қилди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган. Парламентлараро алоқалар самарали бўлаётгани юксак баҳоланган.

«Олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назорати бўйича фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Савдо-иқтисодий шериклик суръатини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳалари ва гуманитар алмашинув дастурларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев шу куни яна ўндан ортиқ мамлакат делегацияларини, хусусан Озарбойжон Миллий мажлиси раиси Соҳиба Гафаровани ҳам қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Озарбойжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Иқтисодий ҳамкорлик йили доирасида биргаликда самарали ишлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари фаол паллага кирган. Маданий-гуманитар тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва бўлажак олий даражадаги саммитлар учун янги таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида парламентлар ўртасида яқин амалий ҳамкорликни ва фаол алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Беларус Миллий мажлиси республика кенгаши раиси Наталя Кочанова билан учрашув аввалида делегация раҳбари Ўзбекистон етакчисига Александр Лукашенконинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Кўп қиррали Ўзбекистон-Беларус муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Товар айирбошлаш ҳажми жадал ортиб бораётгани, саноат ва қишлоқ хўжалигида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик самарали бўлаётгани, маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Фаол парламентлараро мулоқотни давом эттириш, шу жумладан олий даражада эришилган келишувларнинг парламент назоратини таъминлаш ва ўз вақтида бажарилишига кўмаклашиш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон президенти Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари делегациялари раҳбарларини ҳам қабул қилди

Қўшма учрашувда Қозоғистон парламенти мажлиси раиси Ерлан Кошанов, Қирғизистон Жогорку Кенеши торағаси Нурланбек Турғунбек ўғли, Тожикистон мажлиси намояндагон раиси Файзали Идизода ва Туркманистон мажлиси раиси Дунёгўзал Гулманова иштирок этди.

Юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистон президентига ўз мамлакатлари етакчиларининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар, минтақамизда илк бор ўтказилаётган ушбу халқаро тадбирнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

4 апрел куни Самарқанд шаҳрида ўтган "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи саммити ва Иқлим форумининг самарали натижалари юксак баҳоланди.

Олий ва юқори даражадаги фаол мулоқотлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Яқинда минтақада ўтказилган учрашувлар, жумладан, чегараларни делимитация қилиш масалалари тўлиқ тартибга солингани ҳамда Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолангани тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Кейинги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми кўп карра ошди, чегараолди савдо зоналари ташкил этилмоқда.

Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, шу жумладан мамлакатларимиз ҳудудларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Маданият ва таълимда тадбирларга бой дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.

Учрашувда мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштириш, қўшма кооперация ташаббуслари ва лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш мақсадида парламентлараро мулоқотни, шу жумладан қўмиталар даражасида мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон президенти Туркия билан парламентлараро алоқалар жадал ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди

Ўзбекистон президенти Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегация билан учрашув аввалида Туркия парламенти раиси президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Икки томонлама ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари ўсмоқда, муваффақиятли қўшма лойиҳа ва корхоналар сони, тўғридан-тўғри парвозлар кўпаймоқда. Икки давлат ва халқни яқинлаштиришга қаратилган муҳим маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга, Ўзбекистон-Туркия шериклигининг янги кун тартибини шакллантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштиришда, шунингдек, олий даражадаги келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлашда дўстлик гуруҳларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон президенти Покистон билан келишувлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш муҳимлигини қайд этди

Покистон ислом республикаси сенати раиси Юсуф Ризо Ғилоний давлат раҳбарига президент Асиф Али Зардарий ва бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри парвозлар сони ортмоқда, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида бизнес форумлари ва кўргазмалар мунтазам ўтказилмоқда.

Яқинда Ўзбекистонга амалга оширилган олий даражадаги тарихий ташриф давомида эришилган келишувларнинг самарали ижросини таъминлашда парламентларнинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт соҳаларидаги устувор лойиҳа ҳамда дастурларни жадаллаштириш, шу жумладан Трансафғон йўли қурилишини илгари суриш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон президенти Ҳиндистон билан парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштиришга чақирди

Ҳиндистон парламентининг қуйи палатаси – Лок Сабҳа спикери Ом Бирла ҳам Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда товар айирбошлашда барқарор ўсиш кузатилмоқда, муваффақиятли кооперация лойиҳалари кўпаймоқда, авиақатновлар кенгаймоқда.

Энергетика, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, IT, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 4 та университети филиаллари фаолият юритмоқда.

Суҳбатда яқин парламентлараро алмашинувларни, соҳавий қўмиталар даражасида фаол алоқаларни йўлга қўйиш, дўстлик гуруҳлари ва ёшлар платформаларини ташкил этиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларининг салоҳиятини самарали ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон президенти араб мамлакатлари парламентлари раҳбарларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси доирасида араб давлатлари парламентлари раҳбарларини қабул қилди.

Учрашувда Араб парламенти Раиси Муҳаммад бин Аҳмад Ал-Ямаҳий, Баҳрайн парламенти Вакиллар кенгаши Спикери Аҳмад бин Салмон Ал-Мусаллам, Миср Вакиллар палатаси Спикери Ҳанафий Али Ал-Жабалий, Ўмон Шўро кенгаши Раиси Холид бин Ҳилол Ал-Маъавали, Қатар Шўро кенгаши Раиси Ҳасан бин Абдуллоҳ Ал-Ғаним ва Бирлашган Араб Амирликлари Федерал миллий кенгаши қўмитаси раиси Али Рашид Ал-Нуаймий иштирок этди.

Араб дунёси давлатлари билан кўп қиррали муносабатларни, шу жумладан парламентлараро алоқалар орқали янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон етакчисига ўз мамлакатлари етакчиларининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва араб мамлакатларининг кенг қамровли шериклиги жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Олий даражадаги тарихий ташрифлар амалга оширилди, ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаол давом эттирилмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар Давлати билан муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди, Саудия Арабистони ва Миср билан кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Баҳрайн Подшоҳлиги ва Ўмон Султонлиги билан ҳар томонлама ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Ушбу мамлакатлар билан инвестиция лойиҳалари портфели 50 миллиард доллардан ошди. "Яшил" энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, IT, транспорт ва логистика, инфратузилма ва туризм соҳаларида лойиҳалар амалга оширилмоқда. 500 га яқин қўшма корхона ташкил этилди, тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ҳафтасига 150 тадан ошди.

Минтақавий кун тартибидаги, шу жумладан Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, энг аввало, жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқтининг иккинчи саммитини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти БМТ Бош котибининг махсус вакили билан ҳамкорлик кун тартиби кенглигини қайд этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Тошкент шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалани қабул қилди.

Юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломини етказди.

БМТ институтлари, хусусан, Махсус вакил офиси билан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўп қиррали шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Махсус вакил Ўзбекистон етакчисининг болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва болаларни можароли ҳудудлардан қайтариш, болалар меҳнатига барҳам бериш борасидаги самарали ислоҳотларини юқори баҳолади.

Бола ҳуқуқларига оид халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ва миллий институтлар фаолиятини такомиллаштириш масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича минтақавий конференция ва БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг амалий тажрибаси билан танишиш бўйича давра суҳбатини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

photo_2025-04-07_13-09-51.jpg
photo_2025-04-07_18-27-41.jpg
photo_2025-04-07_14-17-22.jpg
photo_2025-04-07_14-02-46.jpg
photo_2025-04-07_15-08-40.jpg
photo_2025-04-07_15-09-26.jpg
photo_2025-04-07_17-03-08.jpg
photo_2025-04-07_17-53-54.jpg

Мавзуга оид