«Туркий дунё ягона алифбога эга бўлиши керак» — Нўъмон Қуртулмуш
Туркия Буюк Миллат Мажлиси спикери Нўъман Қуртулмуш Хоразмда бўлиб ўтган «Ёшлар — туркий дунёнинг порлоқ юлдузи: умумий меросимиз, умумий келажагимиз» анжуманида чиқиш қилди. Тадбир Ислом ҳамкорлиги ёшлар форуми (ICYF) ташаббуси билан Хива шаҳрида ташкил этилди.

Фото: fb.com/numankurtulmus
Ўз нутқида Қуртулмуш туркий дунё — Марказий Осиёдан Анатолия, Болқон ва Европагача чўзилган, 300 млн кишилик аҳолиси билан янги геосиёсий кучга айланаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу куч Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги тарангликдан холи янги тинчлик ўқи бўлиши мумкин.
«Ер юзидаги барча жисмоний, маънавий ва географик фарқларнинг мувозанатида жойлашган туркий дунё ўз 300 миллионлик аҳолиси билан инсониятнинг янги юлдузига айланмоқда», — деди у.
Қуртулмуш бир неча асосий йўналишларда умумийлик зарурлигини таъкидлади: умумий шахсият ва маданий мерос, илмий-технологик тараққиёт ҳамда иқтисодий ва савдо алоқаларни мустаҳкамлаш.
«Туркий дунё умумий алифбога эга бўлиши керак. Кейин умумий тарих яратишимиз лозим. Бу энг муҳим низомларимиздан бири. Шундагина 300 миллион киши ягона шахсият ва умумий мерос вакилига айланади», — деди Туркия парламенти спикери.
У туркий халқлар маданияти давлат чегараларидан устун эканини таъкидлади: «Қозоғистондаги Аҳмад Яссавийни Хивадаги Юсуф Ҳамадонийдан ажратадиган чегара йўқ. Қирғизистон билан Ўзбекистондаги маданий мерос ўртасида масофа деган нарса йўқ».
Илм-фан ва технологиялар мавзусида Туркиянинг мудофаа саноатидаги ютуқларини тилга олар экан, Қуртулмуш мазкур ютуқлар бутун дунёда мудофаа стратегияларини ўзгартирганини қайд этди ва туркий давлатлар ўртасида юқори технологиялар соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.
У глобал савдо тизимидаги ўзгаришлар туфайли иқтисодий алоқаларни кучайтириш зарурлигини ҳам таъкидлади. Унинг айтишича, «жаҳондаги янги мувозанат халқаро савдо мувозанатида ҳам ўзгаришларга олиб келиши аниқ».
Нутқининг якунловчи қисмида Қуртулмуш туркий давлатлар инсоният учун янги, адолат ва тинчликка асосланган жаҳон тартибини барпо этиши мумкинлигини таъкидлади: «Дунёда адолат, тенглик, тинчлик, шафқат, виждон ва инсонийликни тиклаш имконияти юзага келди».
Мавзуга оид

20:27 / 23.11.2024
Сурия ҳудудидан энг қадимий алифбо топилди

16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди

21:34 / 24.09.2024
“Юз йиллар олдин қилиниши керак эди” — туркий алифбо бўйича келишувга эришилди

21:06 / 13.09.2024