8 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Мотуридий мажмуасидаги «снос»лар, Қорасаройда қуриладиган янги туннел, қорадори савдосида қўлга тушган мактаб директори ва ноқонуний автотўловларга қарши чақириқ — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Мотуридий мажмуаси кенгаяди: 217 та уй «снос» қилинади
Самарқанддаги Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаси атрофида зиёрат маркази барпо этиш мақсадида 217 та тураржой биноси бузилади.
Маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, ушбу бинолар миллий рўйхатдаги маданий мерос объектлари эмас. Уларнинг эгаларига бозор қийматида компенсация тўланади. Президентнинг 2021 йилдаги фармойишига асосан, ҳудудда ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш кўзда тутилган.
Лойиҳа ЮНЕСКО талабларига мувофиқ амалга оширилади. Қурилиш ва кенгайтириш ишлари агентлик билан келишилган ҳолда олиб борилади.
Яқинда Самарқандга ташрифи чоғида давлат раҳбарига Имом Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш лойиҳаси тақдимот қилинган эди. Унга кўра, Мотуридий мажмуасида 1500 кишига мўлжалланган жоме масжид, маъмурий бино қурилиши кўзда тутилган. У ерда кутубхона, мажлислар зали, инновацион музей ҳамда мутахассислар учун хоналар бўлади. Мажмуа яқинида зиёратчилар учун автотураргоҳ, таҳоратхона қурилади.
Қорасаройда туннел қурилиши бошланди
Тошкентнинг Олмазор туманида 1,2 км узунликдаги туннел қурилиши бошланди. У Қорасарой кўчасининг Ҳастимом мажмуаси олдидан ўтиб, пиёдалар учун сайилгоҳга айлантирилади.
Gold Step Invest пудратчи компаниясига кўра, 800 метрлик қисми сентябргача қуриб битказилиши мумкин. Компания ходими Нодир Шодмоновга кўра, туннел устки қисми яшил ҳудудга айлантирилиб, туристлар ва фуқаролар учун дам олиш маскани яратилади.
«Туристлар, ўзимизнинг фуқаролар келганда дам оладиган, мақбара, музейларни айланадиган жой бўлади. Ҳар хил манзарали дарахтлар экилади. Ҳозир аҳоли учун пиёдалар йўлаги қилиняпти. Махсус техникалар келишни бошлади», – дейди Шодмонов.
1 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги айни шу оралиқда автомобиллар ҳаракати сентябр ойигача тўхтатилганини маълум қилган, сабаб сифатида “қурилиш-таъмирлаш ишлари”ни кўрсатган эди. Аммо расмий ахборотда туннел қурилиши ҳақида сўз бормаган.
Ҳозирча ҳокимлик қурилишнинг лойиҳа қиймати ва бошқа қурилишлар ҳақида маълумот бермаган.
Қорадори сотган мактаб директори
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 71-мактаб директори қарийб 1 килограмм опий моддасини 12 минг долларга сотишга уринган пайтда қўлга олинди. У жиноий тил бириктирган маҳалладоши билан бирга тезкор тадбирда фош қилинди. Улардан олинган ашёвий далил 921 граммлик опий моддаси бўлди.
Директор Ф.Х. судда айбини қисман тан олди. У моддани туман таълим бўлимида ишловчи танишининг илтимосига кўра топиб берганини, бу ишлардан моддий фойда олмаганини айтди. Қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик сўради.
Шу ишдаги иккинчи шахс — Ш.А. ҳам айбини тан олди. У директор турмуш ўртоғини ишга жойлаштиришини айтгани учун ёрдам берганини билдирди.
Суд ҳукмига кўра, директор 10 йил 2 ой, шериги эса 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Ноқонуний автотўловларга қарши чақириқ
Рақобат қўмитаси автотураргоҳ ёки электрозаряд станцияларида ноқонуний тўловлар ундирилаётган ҳолатларга нисбатан мурожаат йўллашга чақирди. Қонуний тўлов фақат махсус лицензия ва белгиланган тарифлар асосида амалга оширилиши шарт.
Агар тўлов ундирувчи субъектда тегишли рухсатнома бўлмаса, бу ҳолат қонунга зид деб баҳоланади. Ҳар қандай шубҳали ҳолатда истеъмолчилар 1159 қисқа рақами орқали қўмитага мурожаат қилишлари мумкин.
Бу чоралар фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Коррупция камайди, рейтинглар яхшиланди
Антикоррупция агентлиги 2024 йилдаги давлат органлари фаолиятини баҳолади. Коррупциявий жиноятлар сони Рақамли технологиялар вазирлигида 71 фоиз, Сув хўжалигида 48 фоиз, ҳокимликларда 43 фоиз, Адлия вазирлигида 22 фоиз камайгани қайд этилди.
103 та ташкилот рейтинг баҳолашдан ўтказилди. Улардан 41 таси «яхши», 53 таси «қониқарли», 9 таси эса «қониқарсиз» деб топилди. Умумий баҳолар ўртача 73,8 баллни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 4,9 баллга ўсган.
Шунингдек, 112 тузилмада коррупцияга қарши назорат раҳбарлари ишдан олинди. Уларни алмаштириш учун 20 апрелгача очиқ танлов ўтказилади.
Мавзуга оид

22:07 / 11.04.2025
11 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:02 / 10.04.2025
10 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

23:18 / 09.04.2025
9 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:12 / 07.04.2025