Жаҳон | 08:41 / 08.04.2025
4638
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Европага газ етказиб беришда Россия ўрнини эгалламоқда

2024 йилда Озарбойжондан Европага газ етказиб бериш ҳажми 12 млрд куб метрдан ошди, 2026 йилдан эса бу кўрсаткични 14 млрд куб метрга етказиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Фото: Daily Sabah

Шоҳ Денгиз кони газни хавфсиз ва самарали тарзда қазиб чиқаришни давом эттирмоқда, бу Озарбойжоннинг Европа ва минтақавий бозорларга содиқлигини намоён этмоқда.

«2024 йилда бу конда тахминан 28 млрд куб метр газ қазиб олинди, бу режалаштирилган кўрсаткичлардан юқори. Бугунги кунда Шаҳ-Дениз BP компаниясининг энг йирик газ қазиб олувчи лойиҳаси бўлиб қолмоқда. Унинг қуввати кунига тахминан 79 млн куб метр газни қазиб олиш ва қайта ишлаш имконини беради», — деди BP Plc’нинг Озарбойжон, Гуржистон, Туркия, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги лойиҳалар бўйича вице-президенти Мэтт Киркҳэмнинг сўзларини келтирмоқда «Интерфакс».

Унинг сўзларига кўра, TAP газ қувурини кенгайтириш ишлари ҳам давом этмоқда.

«Биз 2026 йилдан бошлаб Европага умумий экспорт қувватини тахминан 14 млрд куб метргача оширишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, Шаҳ-Дениз конида хавфсизлик, иш самарадорлиги ва барқарорликни ошириш устида ҳам ишлаяпмиз», — деди Киркҳэм.

2024 йил октябр ойи ҳолатига кўра, Шоҳ Денгиздаги барча бешта денгиз ости фланги фаолиятга туширилган.

«Яқин йилларда олтита қазиб чиқарувчи қудуқни фойдаланишга топширамиз, — деди BP’нинг юқори лавозимли менежери. — Бу орқали биз бозорлар олдидаги мажбуриятларимизни бундан кейин ҳам бажаришда давом этамиз».

Қиймати 33 млрд доллар бўлган Жанубий газ коридори Каспийбўйи минтақасидан Европага газ етказиб бериш учун қурилган. ЖГКнинг асосий қисмларига қуйидагилар киради: Шоҳ Денгиз лойиҳасининг иккинчи босқичи, Жанубий Кавказ газ қувури магистрал тармоғини (Боку—Гуржистон-Туркия чегарасигача) кенгайтириш, Туркиянинг шарқий ва ғарбий чегараларини боғлайдиган Трансанатолия газ қувури (TANAP) қурилиши ҳамда Греция, Албания ва Италиянинг жанубини боғлайдиган Трансадриатик газ қувури (TAP).

Мавзуга оид