Самарқанд иқлим форумида қандай натижаларга эришилди?

Фото: Экология ва иқлим вазирлиги
4–5 апрел кунлари Ўзбекистон яна бир муҳим халқаро тадбир — Самарқанд иқлим форумига мезбонлик қилди.
Мазкур форум Марказий Осиё тарихидаги иқлим масаласига бағишланган илк тарихий воқеликка айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг уч нафар ўринбосари, БМТнинг экология йўналишидаги ташкилотлари, конвенциялар раҳбарлари, бир қанча давлатлар, халқаро ташкилотлар ва агентликларнинг (UNCCD, FAO, UNIDO, UNECE, ICBA ва ҳоказо) экология соҳасига масъул бўлган 30 дан ортиқ вазирлари, етакчилари ҳамда бошқа кўплаб хорижлик мутахассислар иштироки форумнинг нуфузини янада оширди.
Форумда Яшил ривожланиш концепцияси тақдимоти бўлиб ўтди ва ушбу концепцияни Бразилияда бўлиб ўтадиган COP28 доирасида тасдиқлаш учун тегишли чоралар кўришга келишилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 2023 йилда COP28’да расман ишга туширилган саноат декарбонизацияси ва глобал даражада жамоавий ҳаракатни кучайтириш бўйича тажриба алмашиш учун платформа бўлиб хизмат қилувчи, юқори иқлим амбицияларига эга 43 мамлакатнинг ихтиёрий коалицияси ҳисобланган Climate Club’га аъзо бўлди.
Маълумот учун, Climate Club фаолияти учта асосий йўналишни қамраб олади: ташламаларни камайтириш бўйича шаффоф сиёсатни амалга ошириш, саноатни ўзгартириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Ташкилотнинг асосий мақсади Париж келишувини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва глобал соф «нол чиқинди»га эришиш учун иқлим бўйича ҳаракатларни тезлаштиришдир.
Шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлимга қарши кураш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида»ги англашув меморандуми имзоланди. Мазкур меморандум Ўзбекистон ва Марказий Осиёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлимга қарши курашиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва уларни бошқариш соҳасида аниқ ҳаракатлар ва тадбирларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга хизмат қилади. Мақсад Ўзбекистоннинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан барқарор, иқлим шароитига чидамли ва эмиссияси кам бўлган ривожланишига ҳисса қўшиш ва турли халқаро конвенциялар, шартномалар шартларини бажаришда қўллаб-қувватлашдир.
Қолаверса, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Қирғизистон Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлиги ўртасида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) кадрлар тайёрлаш учун квота ажратиш тўғрисида меморандум имзоланди. Унга кўра, Қирғизистон талабаларига 9 тагача квота ўринлари ажратилади (бакалавриат таълим йўналишлари учун 5 тагача, магистратура таълим йўналишлари учун 4 тагача). Меморандумдан мақсад минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш, атроф-муҳитни ўрганиш ва иқлим ўзгариши соҳасида салоҳиятли кадрлар сонини оширишдан иборат.
Бундан ташқари, БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида стратегик ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандумига имзо чекилди. Унга кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва салбий оқибатлари таъсирини юмшатиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ва болалар учун муҳим хизматларнинг инклюзив, барқарор ва экологик хавфларга тайёр бўлишини таъминлаш йўли билан болалар ва ёшларнинг чидамлилигини мустаҳкамлаш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожлантирилади. Шунингдек, долзарб экологик масалаларда болалар иштироки кенгайтирилади ва уларнинг саломатлигини таъминлаш устувор вазифага айлантирилади.
Мавзуга оид

14:48 / 08.04.2025
Самарқандда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш учун 217 та тураржой биноси бузилади

10:47 / 08.04.2025
Самарқандда ҳайдовчи 25 нафар болани Damas'га миндириб кетаётгани аниқланди

18:50 / 05.04.2025
Фото: Самарқанддаги халқаро тадбирлар қандай ўтди?

16:19 / 04.04.2025