Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи Россия компаниясига ишончли бошқарувга берилди
“Ўзбекистон темирйўллари” АЖнинг Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводидаги улуши Россия компаниялари таъсисчилигидаги "Transport Engineering Center" МЧЖ назоратига ўтди. Заводнинг кузатув кенгаши таркибига ҳам Россия фуқаролари киритилди.

“Ўзбекистон темирйўллари” АЖга қарашли Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи ишончли бошқарувга берилган. Бунга “КорпИнфо” Telegram-канали эътибор қаратди.
Қайд этилишича, 28 март куни акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилиш баённомасига кўра, кузатув кенгаши раиси Шарофиддин Қодиров иштирокчиларга “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамиятига тегишли компания устав капиталининг 90 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига (ДАБА) ўтказилганини маълум қилган.
2025 йил 21 январдаги 01/3-57-сонли шартномага мувофиқ мазкур улуш "Transport Engineering Center" МЧЖга бир йил муддатга ишончли бошқарувига берилган.
Ўз навбатида, кузатув кенгашининг тўққиз нафар аъзоси ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ва қуйидаги кўринишдаги янги таркиб сайланган:
- Маҳкамов Илҳом Рустамович - транспорт вазири;
- Қодиров Шарофиддин Таҳирович - “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ бош муҳандиси;
- Исманалиев Муроджон Толибжонович - Транспорт вазирлиги бўлим бошлиғи;
- Муҳаммадиев Ўктам Шарифович - ДАБА бош мутахассиси;
- Чебаков Александр Юревич – "Transport Engineering Center" ишончли вакили;
- Овелян Давид Артемович - "Transport Engineering Center" ишончли вакили;
- Лошманов Александр Эвгениевич - "Transport Engineering Center" ишончли вакили;
- Гуляев Эгор Василевич - "Transport Engineering Center" ишончли вакили;
- Лачугин Кирилл Алексеэвич - "Transport Engineering Center" ишончли вакили.
"Transport Engineering Center" номидан киритилган 5 нафар аъзо Россия фуқаролари бўлиб, уларнинг аксарияти “Трансмашҳолдинг” компаниясининг топ-менежерлари ҳисобланади
Бундан ташқари, “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ва бошқарувнинг собиқ аъзолари корхонанинг аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилди. Янги аъзолар ва "Transport Engineering Center" 20 фоиз ёки ундан ортиқ улуш эгаси сифатида кўрсатилган.
"Transport Engineering Center" МЧЖ ҳақида
"Transport Engineering Center" 2024 йилнинг 18 январ куни Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури – бошқа тоифаларга киритилмаган таълимнинг бошқа турлари. Устав фонди – 3,07 млрд сўм. Таъсисчилари сифатида “VTR Holdings Limited” (87 фоиз) вa “Вектор Технологических Решений” (13 фоиз) келтирилган. Ушбу ташкилотлар Москвада рўйхатга олинган.
Маълумот учун, 2024 йилнинг март ойида президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи”га борганди.
«Мамлакатимизда темирйўл транспорти ривожланиб, қатновлар сони кўпаймоқда. Бу вагонларга бўлган талабни ҳам оширади. Мазкур заводда 16 турдаги йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилади ва таъмирланади”, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Мавзуга оид

22:54 / 12.04.2025
Трамп Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бир йилга узайтирди

18:34 / 12.04.2025
Украина иккинчи F-16 қирувчи самолётини йўқотди

13:58 / 12.04.2025
Эстония Болтиқ денгизида Россиянинг «соядаги флоти» танкерини қўлга олди

09:50 / 12.04.2025