Тошкентнинг Қорасарой кўчасида туннел қурилиши бошланди
Олмазор туманидаги Қорасарой кўчасининг Ҳазрати имом (Ҳастимом) мажмуаси ва Ислом цивилизацияси маркази қаршисидаги қисми пиёдалар сайилгоҳига айлантирилади, автомобил йўли эса ер остидан, туннел шаклида ўтказилади. 1,2 километрлик туннелнинг 800 метрлик қисми сентябргача қуриб битказилиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига пудратчи Gold Step Invest вакили маълум қилди.
Туннелнинг устки қисми яшил ҳудудга айланади, деди компания ходими Нодир Шодмонов.
“Туристлар, ўзимизнинг фуқаролар келганда дам оладиган, мақбара, музейларни айланадиган жой бўлади. Ҳар хил манзарали дарахтлар экилади. Ҳозир аҳоли учун пиёдалар йўлаги қилиняпти. Махсус техникалар келишни бошлади”, – дейди Шодмонов.
Унинг қайд этишича, умумий ҳисобда 1200 метрлик туннел қуриш белгиланган. Онлайн хариталарга қараганда, Қорасарой кўчасининг Абдулла Қодирий кўчасидан Нурафшон кўчасигача бўлган оралиқдаги қисмининг узунлиги айнан шунчани ташкил этади.
1 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги айни шу оралиқда автомобиллар ҳаракати сентябр ойигача тўхтатилганини маълум қилган, сабаб сифатида “қурилиш-таъмирлаш ишлари”ни кўрсатган эди. Аммо расмий ахборотда туннел қурилиши ҳақида сўз бормаган.
Kun.uz мухбири билан қурилиш майдонида гаплашган пудратчининг вакили лойиҳа қийматидан бехабарлигини айтди. Олмазор туман ҳокимлиги бу савол ва Қорасарой кўчаси бўйида қурилаётган бошқа объектлар ҳақидаги сўровларни жавобсиз қолдирди.
Gold Step Invest ҳақида
“Gold Step Invest” МЧЖ 2024 йилда Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 автомобил йўли кесишмасида очилган туннелни ҳам қурган.
2023 йилда 350 млрд сўм (ўша вақтдаги курс бўйича 28,3 млн доллардан ортиқ) қийматдаги лойиҳа учун бош пудратчи тендерсиз танлаб олинган.
Kun.uz ўша вақтда МЧЖнинг 50 фоиз улушига Одилов Қобилжон Фразилович эгалик қилиши, унинг фамилияси ва шарифи давлат буюртмачиси – Янги Тошкентни барпо этиш дирекцияси директори Одилов Давронжон Қобилжоновичнинг фамилияси ва шарифи билан бир хил эканига эътибор қаратганди.
Дирекция раҳбари Давронжон Одилов Қурилиш вазирлигида иш бошлашидан олдин “Gold Step Invest” МЧЖда директор ўринбосари бўлиб ишлаган.
Қобилжон Одилов ҳозирда таъсисчилар сафидан чиққан, унинг 50 фоизлик улуши Саидалиев Саидмаъруф Саидмурод ўғлига ўтган. Қолган 50 фоиз улуш ҳозир ҳам Исматов Хайрулла Нуриллаевичга тегишли.
2013 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган Gold Step Invest'нинг раҳбари сифатида Шомансуров Шоислом Султонович кўрсатилган.
Мавзуга оид

21:51 / 11.04.2025
Тошкент шаҳрида 12-13 апрел кунлари кенг кўламли ҳашар ўтказилади

14:42 / 11.04.2025
Рақобат қўмитаси қурилишни вақтида тугалламаган қурилиш компаниясига нисбатан иш қўзғатди

22:19 / 10.04.2025
Тошкентдаги айрим йўллар вақтинча ёпилди

21:18 / 10.04.2025