Ўзбекистон | 23:18 / 09.04.2025
4466
5 дақиқада ўқилади

9 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўзбекистон йўлларидан шикоят қилган хорижлик сайёҳлар, бандлик бўлимининг қўлга тушган гиёҳванд раҳбари, электр энергияси истеъмолида янги тариф ва интернетга уланадиган янги самолётлар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Сайёҳлар шикоятидан сўнг йўллар таъмирланади

Президент раислигида туризм масалаларига бағишланган ўтказилган видеоселектор йиғилишида хорижий сайёҳлар Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан ўтувчи йўлларнинг аҳволидан норозилиги қайд этилди.

Мутасаддиларга «туризм ҳалқаси»га кирувчи йўлларни таъмирлаш бўйича ишларни бошлаш топширилди.

Йиғилишда ҳудудий ҳокимларнинг туризм соҳасини тўлиқ англаб етмаётгани танқид қилинди. Мавсум бошланганига қарамай капсулали уйлар фақат Китоб туманида ташкил этилган. Қолган 35 та туман ва шаҳар ҳокимлари бу борада ҳеч қандай ҳаракат қилмаган. Бу уйларга 10 млн сўмгача субсидия ажратилиши белгиланди.

Президент Ўзбекистон иқтисодиётида туризм соҳасини ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва экспорт ҳажмини ошириш орқали барқарорликка эришиш муҳимлигини қайд этди.

Шу билан бирга, трекинг маршрути учун рухсат олиш муддатининг 2–3 ой экани танқид қилиниб, уни Ягона портал орқали 10 кунга қисқартириш топширилди.

Бандлик бўлимининг гиёҳванд раҳбари ушланди

Андижон шаҳар бандлик бўлими бошлиғи ишхонасида психотроп модда истеъмол қилгани фош бўлди. Тармоқларда тарқалган суратларда у шиша идиш орқали тутун тортаётгани акс этган. Расмдаги шахс бошлиқ экани расман тасдиқланди.

ИИВ маълумотига кўра, тезкор тадбирда фуқародан 0,69 грамм гашиш моддаси топилган. Бўлим бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланган.

Жиноят кодексида бундай қилмиш учун 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган.

Вазирлик мутасаддилари воқеа юзасидан аниқлик киритиш билан шуғулланмоқда. Тергов натижалари асосида қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.

1 майдан электр истеъмолида янги тариф

Ўзбекистонда 2025 йил 1 майдан электр энергияси учун янги оралиқ тариф жорий этилади. Энди аҳоли 201 kWhʼдан 500 kWhʼгача бўлган сарф учун ҳар бир киловатт-соат учун 800 сўм тўлайди. Бунгача бу оралиқда 1000 сўмлик тариф амал қилаётган эди.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бу ўзгариш Вазирлар Маҳкамасининг 194-сон қарори асосида жорий қилинмоқда. Қарорда белгиланишича, тарифлардаги ошиш муддати 1 апрелдан 1 майга кўчирилган.

Янги тартибга кўра, ойига ўртача 500 kWh электр энергияси истеъмол қилувчи хонадон 360 минг сўм тўлайди. Бу эса нарх ошмасдан аввалги ҳисоб-китоб — 350 минг сўм билан қарийб тенг.

Шунингдек, қарор билан ҳар йили 1 майдан электр энергияси ва табиий газ нархлари инфляция даражасига мос равишда индексация қилиб борилиши, бу индексация 10 фоиздан ошмаслиги шарт этиб белгиланди.

Вазир Волейбол федерациясига раис бўлди

Ўзбекистон Волейбол федерациясига ички ишлар вазири, генерал-майор Азиз Тошпўлатов раис этиб сайланди. Унинг номзоди 9 апрел куни ИИВ академиясида бўлиб ўтган навбатдан ташқари конференцияда бир овоздан маъқулланди.

Йиғилишда ИИВ, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва ҳудудий ички ишлар органлари вакиллари иштирок этди. Федерациянинг 8 та ҳудудий бўлимига эса тегишли вилоятлар ИИБ бошлиқлари ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ раҳбари сайланди.

Шунингдек, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида волейбол бўйича «Ички ишлар вазири кубоги» мусобақалари бошлангани эълон қилинди.

Uzbekistan Airways самолётиларида интернет

Uzbekistan Airways янги келтириладиган A321neo самолётларини юқори тезликдаги интернет билан таъминловчи HBCplus борт алоқаси тизими билан жиҳозлайди.

HBCplus — сунъий йўлдош орқали мултиорбитал алоқани қўллаб-қувватловчи илғор технология бўлиб, йўловчиларга парвоз вақтида филмлар кўриш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, мессенжерлар орқали хабар алмашиш ва онлайн ишлаш имконини беради. Бу авиакомпаниянинг борт хизматини рақамлаштириш ва йўловчиларга қулайлик яратиш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Янги тизимни ўрнатиш 2026 йилдан бошланади. Ушбу йилда биринчи A321neo самолётлари Uzbekistan Airways паркига қўшилиши режалаштирилган.

Миллий авиаташувчи бўлган Uzbekistan Airways’нинг парвозларида ҳозирда Boeing 767/787, Airbus А-320/321, L-410 ва ATR-72 турдаги самолётлар қатнамоқда.

Мавзуга оид