Жаҳон | 09:30 / 09.04.2025
2698
3 дақиқада ўқилади

АҚШ депортацияга дучор бўлган ноқонуний мигрантларга кунлик жарима жорий этмоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти суд қарорига қарамасдан мамлакатни тарк этмаган мигрантларга нисбатан кенг қамровли жарима сиёсатини амалга оширмоқчи: уларга кунига қарийб минг долларлик жарималар солинади. Шунингдек, мол-мулки ҳам мусодара этилиши мумкин.

Фото: CNN

Reuters агентлиги танишган ҳужжатларга кўра, депортация қилиниши лозим бўлган мигрантлар АҚШ ҳудудини тарк этмаган тақдирда кунига 998 доллар миқдорида жаримага тортилади. Агар жарима тўланмаса, уларнинг мулки мусодара қилинади.

Бу санкциялар 1996 йилда қабул қилинган қонунга асосланади. У илк бор Трампнинг биринчи президентлик муддатида — 2018 йили қўлланган эди.

Маъмуриятнинг юқори лавозимли расмийларидан бири анонимлик шарти билан маълум қилишича, ушбу жарималарни беш йил орқа санадан қўллаш режаси бор. Бу эса 1 млн доллардан ортиқ жарима йиғилишига олиб келиши мумкин.

Reuters агентлиги танишган ҳукуматнинг электрон мактубларига кўра, Трамп маъмурияти жарима тўламайдиган мигрантларнинг мулкини мусодара қилиш имкониятини ҳам ўрганмоқда. Бу вазифа билан АҚШ Божхона ва чегара хизмати шуғулланади. Бундан ташқари, Адлия вазирлигининг фуқаролик активларини мусодара қилиш бўлими ҳам мусодара жараёнида қатнашиши мумкин.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги матбуот котиби Триша Маклафлин Reuters агентлигига берган изоҳида мамлакатда ноқонуний равишда қолиб кетаётган мигрантлар махсус мобил иловадан фойдаланиб, «ўз хоҳишлари билан депортация қилиниб, мамлакатни дарҳол тарк этишлари шарт», деди. Бу илова аввал CBP One номи билан танилган, Трамп даврида эса CBP Home деб қайта номланган.

«Агар улар бундай қилмасалар, оқибати бўлади. Ҳар бир кун учун 998 долларлик жарима — бу ноқонуний хорижий шахс депортация қарорини бажармасдан ўтказиб юборган ҳар бир куни учун жазодир», — деди Маклафлин.

Ички хавфсизлик вазирлиги 31 март куни ижтимоий тармоқдаги хабар орқали бу жарималар жорий этилишидан огоҳлантирган.

Reuters ўрганиб чиққан ҳукумат мактубларига кўра, Оқ уй Божхона ва чегара хизматига жарималарни ундириш, жарима тўланмаган ҳолларда мулкни мусодара қилиш ва унинг активларини сотиш бўйича аниқ чоралар кўришни топширган.

Режалаштирилаётган жарималар 1,4 млн атрофидаги мигрантларга тааллуқли бўлиб, улар иммиграция суди қарорига кўра депортация қилиниши керак.

Мавзуга оид