Жаҳон | 21:15 / 09.04.2025
2215
2 дақиқада ўқилади

АҚШ қашшоқ мамлакатлар учун илгари ёпилган бир нечта озиқ-овқат дастурларини тиклайди

Ливан, Сурия, Сомали, Иордания, Ироқ ва Эквадорда Жаҳон озиқ-овқат дастурини (WFP) молиялаштириш қайта тикланади. Афғонистон ва Яманда тикланмайди.

Фото: AFP

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти яқинда ёпилган озиқ-овқат ёрдами дастурининг камида олтитасини қайта тиклашга қарор қилди. Бу ҳақда Reuters вазиятдан хабардор олти манбага таяниб хабар берди.

DOGE вакили, USAID маъмурияти ўринбосари вазифасини бажарувчи Жереми Левин ходимларга хат йўллаб, Ливан, Сурия, Сомали, Иордания, Ироқ ва Эквадорда Жаҳон озиқ-овқат дастурини (WFP) молиялаштиришни қайта тиклашни буюрган. Бундан ташқари, у илгари ишдан бўшатилган ходимларга хат йўллаб, ишга қайтишни сўраган.

АҚШ маъмурияти, шунингдек, Тинч океани минтақасидаги Халқаро Миграция Ташкилотининг тўртта дастурини молиялаштиришни қайта тиклади. Илгари бекор қилинган ёрдамнинг бир қисмини қайта тиклаш қарори маъмурият ва Конгресс босими остида қабул қилинган, деди Reuters агентлигига икки манба.

WFP 7 апрель куни Қўшма Штатлар 14 давлатга шошилинч озиқ-овқат ёрдамини молиялаштиришни тўхтатганини маълум қилди. «Бу очлик хавфи остида қолган миллионлаб одамлар учун ўлим жазоси бўлиши мумкин», деди ташкилот.

Қайд этилишича, ҳокимият тепасида «Толибон» бўлган Афғонистон ва бир қисми Эронга яқин ҳусийлар ҳаракати назоратида бўлган Яманга кўрсатиладиган ёрдамни бекор қилиш қарори ўз кучида қолмоқда. АҚШ Давлат департаменти Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистон ва Ямандаги маблағлари «Толибон» ва ҳусийларнинг позициясини мустаҳкамлашга ёрдам бераётганидан хавотир билдирди.

Мавзуга оид