Жаҳон | 23:24 / 09.04.2025
4690
2 дақиқада ўқилади

Британиялик рассомнинг 10 фунтга харид қилинган картинаси 1 млн фунтга сотилиши мумкин

The Guardian муҳаррири 1926 йилда Лоуренс Стивеннинг картинасини сотиб олган. У вақтда ҳали рассом машҳур бўлмаган. Орадан қарийб 100 йил ўтиб, муҳаррирнинг авлодлари картинани аукционга қўймоқда.

Фото: Lyon & Turnbull

Британиялик рассом Лоуренс Стивен Лоурининг The Guardian муҳаррири томонидан 10 фунт стерлингга харид қилинган картинаси аукционга қўйилди. Газетанинг ёзишича, лот қиймати 1 миллион фунтни ташкил этиши мумкин.

Ўша вақтда ҳали таниқли бўлмаган рассомнинг ижоди 1926 йилда муҳаррир Артур Уоллес эътиборини тортган. Журналистнинг набираси Китнинг сўзларига кўра, Going to the Mill картинасини Лоурининг ўзи Уоллесга 10 фунтга сотган. Рассом жуда юқори нарх белгилаб юборганини ўйлаб, Уоллесга яна битта картинасини ҳам берган.

Энди бўлса муҳаррирнинг меросхўрлари полотони сотишга қарор қилди: у май бошида Лондондаги Lyon & Turnbull аукциони орқали сотувга чиқарилади. Тасвирий санъат бўйича мутахассис Саймон Ҳакернинг сўзларига кўра, рассом Going to the Mill картинасини ижодининг дастлабки йилларида яратган. «Бу тегирмон ва орқа тарафда дудбўрон, гумбазсимон том, унинг ортида эса деразалардан иборат девор — у бундай кўринишни кейинги 30 йил давомида чизади», — дейди Ҳакер.

Кит Уоллеснинг айтишича, картина онасининг уйида осиғлиқ турган ва 2013 йилга қадар «суғурталанмаган». Шундан кейин 80 йил ичида биринчи марта у Британиянинг Чичестер шаҳридаги галереяда намойишга қўйилган.

Мавзуга оид