Ўзбекистон | 16:37 / 09.04.2025
4184
4 дақиқада ўқилади

Президент замонавий туризм маршрутларини ташкил этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди

Ҳалигача Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзга бормаган оилалар кўплиги қайд этилди. Шу боис, ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси – «оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш» куни, деб эълон қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туризм қўмитаси ҳокимликлар билан биргаликда 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича катта дастур тасдиқлайди. 

Масалан, Сариосиё тумани ҳудудининг асосий қисми тоғлардан иборат бўлиб, қишки туризм учун катта салоҳият мавжуд. Бу ерда дор йўли, меҳмонхона ва савдо-сервис хизматлари соҳасида 200 миллион долларлик лойиҳалар қилса бўлади.

Яна бир мисол, Чортоқ ўзининг шифобахш сувлари билан машҳур бўлса-да, туман ҳокими янги лойиҳа қилиш уёқда турсин, бор санаторияларга ҳам хорижий сайёҳ олиб кела олмаяпти.

Ёки, Мўйноқда ҳар йили ўтадиган «Стихия» мусиқа фестивалига келган сайёҳларни кўпроқ олиб қолиш учун янги ташаббуслар керак.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 36 та туман ва шаҳар бўйича мастер режалар ишлаб чиқишни тезлатиб, лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш топширилди.

Хорижий туристлар сонини ошириш масаласи кўриб чиқилар экан, BBC, Euronews каби нуфузли платформаларда, яна 20 дан ортиқ халқаро кўргазмаларда туризм кенг тарғибот қилинаётгани таъкидланди.

Бу борада элчиларимиз иштирокида бошқа давлатларда ҳам тарғибот ишларини фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. 

Масалан, Хитойнинг энг олис провинциялари, Ҳонгконгдан ҳам сайёҳлар келишни бошлади. Ёки, Полшага авиақатновлар йўлга қўйилгани учун ушбу мамлакатдан сайёҳлар 7 карра ошди, бутун Шарқий Европадан турист олиб келиш имкони пайдо бўлди.

Францияга ташрифда 14 та янги замонавий Airbus самолётини харид қилиш, яна 5 тасини ижарага олишга келишилди, Boeing компанияси билан 12 та самолёт олиб келиш бўйича музокара бошланди. 

Мутасадди вазирлик ва идораларга бу имкониятдан унумли фойдаланиб, қаерга нечта рейс қўйиш ва қанча сайёҳ олиб келишни ҳозирдан ҳисоб-китоб қилиш топширилди.

Ўтган йили Мўғулистон билан туризм бўйича катта келишувга эришилгани ҳисобига сайёҳлар 100-200 нафардан 4 мингга ошди.

Кўрфаз давлатларида доимий саёҳат қиладиган 3 миллион аҳоли бор. Лекин уларнинг кўпи Озарбойжон, Грузия, Албания, Хорватия каби визасиз режим бўлган мамлакатларга боряпти.

«Тўғри, бу давлатларга 10 кунлик визасиз режим жорий қилинган. Лекин, бу муддат 30 кунга узайтирилса, сайёҳлар 5-6 карра кўпаяди. Бундан ташқари, Ҳиндистон, Покистон, Миср ва Эрондан сайёҳларга виза беришни енгиллаштириш мумкин», - деди давлат раҳбари.

Россия ва Хитойнинг ҳудудлари билан манзилли ишлаш йўлга қўйилгани учун инвестиция ва сайёҳлар оқими кескин ошди. Энди бу тажрибани кенгайтириб, Япония, Корея ва Европа давлатлари билан ҳам ташкил қилиш топширилди.

Миллий туризм ягона платформасини ишга туширишни тезлаштириш, унда чипта олиш ва электрон виза бериш имкониятларини яратиш вазифаси қўйилди.

Малайзия ва Индонезиядан «Умра плюс» дастури орқали 100 минг зиёратчини жалб қилиш бўйича ишлар бошланган. Мутасаддиларга Куала-Лумпур ва Жакартадан Самарқанд, Бухоро орқали Жидда шаҳрига рейс қўйиш бўйича музокараларни жадаллаштириш топширилди.

Сўнгги йилларда ички туризмга эътибор туфайли маҳаллий сайёҳлар сони 23 миллионга етди (2017 йилда 5 миллионта эди).

Лекин ҳалигача Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзга бормаган оилалар кўп. Шу боис, ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси – «оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш» куни, деб эълон қилинади.

Ёшлар ўртасидаги мусобақа ғолибларига «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмасини совға қилиш йўлга қўйилади.

Ҳар йили ички туризм тарғиботини кенгайтиришга 20 миллиард сўм ажратилади.

Мутасаддиларга экстремал туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.

Мавзуга оид