Қорақалпоғистондаги “Шохпахта” газ кони бўйича “Газпром” билан битим якунига етди
Россия компанияси билан ушбу конни ўзлаштириш бўйича маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим 2004 йилда, 15 йил муддатга тузилган, 2018 йилда 5 йилга узайтирилганди. Маълум бўлишича, 20 йиллик ҳамкорликдан сўнг, шартнома бошқа узайтирилмаган.

Очиқ манбалардан олинган сурат
Қорақалпоғистондаги “Шохпахта” газ кони бўйича “Газпром” билан тузилган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим муддати якунига етди ва Россия компанияси конни тарк этди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
Шу тариқа, “Шохпахта” кони бўйича “Газпром” билан ҳамкорлик 20 йил давом этиб, 2024 йил 31 июлда якунига етди.
Устюртдаги Шохпахта ҳудудидаги биринчи газ-конденсат кони 1964 йилда очилган, 1970 йиллардан бошлаб бу ердан газ қазиб олина бошланган. Кейинчалик, захираларнинг камайиб кетгани сабабли ишлар тўхтатилган.
2004 йилда кон янги технологиялар ёрдамида яна ишга туширилган, ўшанда “Газпром зарубежнефтегаз” билан қўшма корхона ташкил этилиб, 15 йил муддатга маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим тузилган. Шундан кейин 19 та қудуқ ишга туширилган.
2018 йилда “Газпром” ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасида “Шохпахта” конида газ қазиб олишни 5 йилга узайтириб, 2024 йилгача давом эттириш бўйича келишув тузилган. Санкт-Петербург иқтисодий форуми доирасидаги тадбирда “Газпром” бошқаруви раиси ўринбосари Виталий Маркелов ва “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси Алишер Султонов конни келгусида ўзлаштириш тўғрисидаги 2-сонли қўшимча шартномани имзолаган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йилга қадар газ қазиб олишни худди шу тижорат шартлари асосида, аввал яратилган ишлаб чиқариш қувватларида давом эттириш назарда тутилган.
Neftegaz.ru ахборотига кўра, “Шохпахта”да охирги пайтларда йилига 350 млн куб метр газ қазиб олиб келинган.
Маълумот учун, “Шохпахта” конидан 15 км масофада жойлашган “Жел” кони бўйича 2018 йилда “Газпром” билан 25 йил муддатга маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим тузилган.
Мавзуга оид

21:10 / 12.04.2025
Якуний энерготарифлар, Tahoe дефицити ва $50 миллиардга яқин захира — ҳафта дайжести

15:45 / 10.04.2025
8 тонна суюлтирилган газни сотувга ноқонуний чиқариш ҳолати аниқланди

23:55 / 08.04.2025
Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси учун янги тариф жорий этилади

08:41 / 08.04.2025