Ўзбекистон | 07:56 / 09.04.2025
2915
2 дақиқада ўқилади

Термизда Афғонистон фуқаролари учун стоматология клиникаси филиаллари очилиши мумкин

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири Мавлавий Нур Жалол Жалолий билан учрашув ўтказди. 

Фото: ССП

ССП хабар беришича, учрашувда икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, фармацевтика ва стоматология йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистон томони афғон ёшларини ўзбекистонлик мутахассислар томонидан Термиз шаҳрида стоматология йўналиши бўйича ўқитишни, шунингдек, халқаро “Термиз савдо маркази” ҳудудида Афғонистондан келадиган фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 20 га яқин стоматология клиникаси филиалларини очишни таклиф қилди.

Фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича эса долзарб масалалар кўриб чиқилди. Тадбиркорлар томонидан Афғонистонда дори-дармон воситаларини рўйхатдан ўтказиш муддати олти ойдан бир ойга қисқартирилиши, шунингдек, бир марта импорт қилишга рухсат бериш тартиби жорий этиш таклифлари илгари сурилди. Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлади.

Ушбу шароитлар, маҳсулот сифати ва рақобатбардош нархлар билан биргаликда, Ўзбекистон фармацевтика компаниялари учун Афғонистон бозоридаги улкан салоҳиятни рўёбга чиқариш имконини яратади. 2025 йил охиригача экспорт ҳажмини 50 млн доллардан оширишга барча асослар мавжуд.

Мавзуга оид