Ўзбекистон | 09:01 / 10.04.2025
4781
2 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Саидов АҚШда давлат котиби ва президент маслаҳатчиси билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва миллий хавфсизлик бўйича президент маслаҳатчиси Майкл Уолтц билан учрашди.

Фото: Telegram / bakhtiyor_saidov

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Вашингтонда АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц билан учрашув ўтказди.

«Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий алоқаларни ривожлантириш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича умумий қарашларимизни чуқурлаштириш каби муҳим йўналишлар кун тартибимиздан ўрин олди», — деб ёзди Саидов Рубио билан учрашув ҳақида.

Вазир АҚШнинг Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнларини қўллаб-қувватлаётганини юқори баҳолади.

Саидов, шунингдек, Майкл Уолтц билан ўтказган мулоқотини «очиқ ва самарали» деб атади.

«Учрашувимиз давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга содиқлигимизни тасдиқлаган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдик», — деди Ўзбекистон вазири.

Кун тартиби хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиёт, минтақавий боғлиқлик ва Марказий Осиёда барқарор ривожланишни рағбатлантириш масалаларига қаратилди.

«АҚШ президенти томонидан Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастури ва минтақада тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимизнинг доимий қўллаб-қувватланишини юксак қадрлаймиз», — дея таъкидлади ташқи ишлар вазири.

photo_2025-04-10_10-11-13.jpg
photo_2025-04-10_01-07-16.jpg

Мавзуга оид