Жамият | 22:41 / 10.04.2025
10744
7 дақиқада ўқилади

Жамоатчилик фикри: ижтимоий тармоқдаги комментлар реал ҳаёт инъикосими?

Ижтимоий тармоқларда хабар ва янгиликлар остида билдирилаётган фикрлар медиада трендларни белгилаб, хабарлар тасмасини яратмоқда. Лекин бугун ёзилаётган ҳар бир изоҳ ва муносабатни ҳам ҳақиқий, шахсий фикр деб бўлмайди.

Kun.uz тармоқлардаги сохта «комментаторлар» ва троллар ҳақида суҳбат ўтказди. Унда қатнашганлар фикрича, бир ҳовуч одамларнинг ёзгани бутун Ўзбекистон жамоатчилиги қараши деб талқин қилиниши — нотўғри. Троллар эса омма фикрини буриш, бошқаришга хизмат қилмоқда.

Социал тармоқлар, одамлараро мулоқот платформалари борган сари ривожланиб, жамиятда одамларнинг фикрини бошқарувчи ролга эга бўлмоқда. Бугун Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларга яхши бизнес макони ва жамоатчилик фикри намоён бўладиган жой деб қаралади. Медиа ҳам, блогер ва журналистлар ҳам кун хабарлари тасмасини албатта кўздан кечиради, трендлар билан ҳисоблашади. Материал ва постлар остидаги изоҳлар эса шу блог ёки саҳифанинг фаоллигини ошириш воситаси. Бундан ташқари, изоҳлар билан ҳам муаллиф, контент яратувчи маълум маънода ҳисоблашади.

Бироқ ана шу «коммент»лар бугун жамоатчилик фикри, дея баҳоланмоқда. Kun.uz билан суҳбатлашган икки эксперт фикрича, постлар остидаги 2-3 минг фикрлар бутун Ўзбекистон аҳолиси қарашини ифодаламайди. Бундан ташқари, ёзилган изоҳларнинг ҳаммасини ҳам реал тармоқ фойдаланувчилари ёзаётгани йўқ. Троллар ва троллинг гуруҳларини деб изоҳлар борган сари сохталашиб бормоқда.

ЎзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа фикрича бу кўзга кўринмас, лекин жиддий хавф. Дунёда мустақил журналистика йўқ, микрофон кўтарган кимки бор, манфаати учун чиқади, дейди у.

«Бизнинг шундай хавф кириб келганини менсимасликка, тан олмасликка ҳаққимиз йўқ. Одамлар материал ёки постларни кўрмайди, лекин изоҳ ёзади. Чунки ахборотни қабул қилишда муаммолар бор. Биз бошловчиларга ишонмайлик, дунёда мустақил журналистика йўқ. Кимки чиқиб микрофонда гапиряптими, унинг манфаати бор.

Тўғри, ҳар ким қандай бўлмасин фикрини билдириш ҳуқуқига эга, абсурд бўлса ҳам. Лекин кимни эшитаётганимизга ҳам эътибор берайлик. Муҳокамада ҳақорат қилиш, онасини сўкиш, унинг оиласини гапириш – конституция, шахс дахлсизлигини бузиш. Бунинг учун жазоланиши керак. Мен ректор бўлиб туриб, ОАВ ҳимоячиси бўлсам ҳам, туҳмат қилган бошловчи-ю шарҳловчиларни жазолаш тарафдориман» – Шерзодхон Қудратхўжа, ЎзЖОКУ ректори, профессор 

Инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раиси – Абдураҳмон Ташанов фикрича бугун социал платформалардаги троллинг фаоллар ва жамият ҳаётига бефарқ бўлмай, ўз танқидий фикрларини эмин-эркин баён қилувчиларни сазойи қилиш кампаниясига айланиб кетган. Аноним фойдаланувчилар, ботлар орқали аноним «коммент»лар қолдирилмоқда. Айниқса фаоллар ниманидир гапириб чиқса, уларнинг шахсияти, оиласига ёпишиб, «комментлар ҳужуми» уюштирилмоқда, дейди Ташанов. Унинг қўшимча қилишича, бундан манфаатдор кучлар троллингни жиловлашга йўл қўймаяпти.

«Ерга сув қуйсангиз, биринчи бегона ўтлар ўсиб чиққанидек, сўз эркинлиги даврида радикаллар, шаллақилар кўпайиши бу табиий ҳол. Шу радикализмнинг бир қисми сифатида троллингдан фойдаланувчи арбоблар ҳам шаклланади.

Биз ўтган йили 20 дан ортиқ жамоатчилик фаоллари турли ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига ариза билан мурожаат қилганмиз, бироқ жавоб олмаганмиз. Тахминларимизга кўра, Ўзбекистонда марказлашган тролл гуруҳлари ишлайди. Мақсад аниқ, улар фаолларга осилиб, ўзига ёқмаганларни ёмонотлиқ қилади. Биз кўпроқ росссияпарастларга ёқмаймиз, уларнинг риторикасида Ғарбни қоралаш ва шунга ўхшаш гаплар бор» – Абдураҳмон Ташанов.

Замонавий дунёда ахборотсиз яшаш имконсиз, инсон кундалик ҳаёти давомида хилма-хил ахборотлар билан юзлашади. Лекин пропаганда, дезинформация, сиёсий оғишган позициядаги, ёлғон пиарга асосланган хабарлар ва реал маълумотни ҳамма ҳам бир-биридан ажрата олмайди. Ахборий иммунитет даражаси индивидуал тартибда намоён бўлади.

Шундай шароитда жамоатчилик фикрини бошқариш, асосий масалалардан чалғитиш, омма қарашини бутунлай бошқа мавзуларга буриш – бугунги кунда сиз-у биз тўқнашаётган реаллик. Яъни бунда давлат, маълум сиёсий кучлар, гуруҳлар, мафкуравий жамоалар ўз манфаатидан келиб чиқиб, одамлар ичида муҳокамалар пайдо бўлсин учун сохта мавзуларни пайдо қилади ва шу билан сохта жамоатчилик фикрини яратади.

«Одамлар овқат ейишидан аввал тайёрланади, ахборотни олишдан аввал ҳам билимга эга бўлиш, қаердан ўқиётганини ҳис қилиш муҳим», — дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

Суҳбат давомида ЎзЖОКУ ректори ўзи билан содир бўлган аниқ фанларни фақат шунга жиддий қизиққанлар ўргансин, ички ишлар тизими ходимлари Дубайдагидек энг замонавий маркадаги машиналарда юрсин деган таклифлари ортидан дуч келган изоҳлар ҳужумига тўхталди.

«Хулосам шуки, озгина машҳур бўлсангиз ёки кўриниб қолсангиз, сизни пастга тушириб қўювчи кучлар бор экан ва улар ана шу троллинг, сохта изоҳлардан фойдаланишади», дейди Қудратхўжа.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов фикрича, давлат органлари, амалдорлар, сиёсатчилар ва халқ ўртасида тизимли коммуникацион муаммолар бор. Ана шу омил миш-миш, иғво, дезинформация ва кераксиз ахборот тарқалишига сабаб бўлмоқда.

«Масалан, парламент раиси, депутатлар ёки ҳукуматдан кимдир медиа билан анжуманлар ўтказгани, халққа чиқиб бошланғич даражада бўлса ҳам ахборот берганига кам гувоҳ бўламиз. «Хитойликлар кўпайиб кетди», деган мавзуда ҳам худди шундай бўлди. Одамлар келажагидан хавотир олиб гапирди, бироқ уларнинг саволларига жавоб берувчилар жим турди», — дейди А.Ташанов.

Суҳбатдан хулоса шуки, медиамаконда биз дуч келаётган турли муҳокама, мунозара, изоҳлар, муносабат — реал ҳаётни тўлиқ ифодаламайди. Жамоатчилик фикри дейилганда эса фақат социал платформалардаги гапларни асос қилиб олиш — бир томонлама ёндашув ҳисобланади.

Суҳбатнинг тўлиқ вариантини Kun.uzʼнинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид