Трамп Хитой учун божларни 125 фоизга кўтарди. Қолган давлатлар учун 90 кунлик танаффус берилди
Дональд Трамп бозорлардаги «ғамгин» вазият фонида ўнлаб мамлакатлар учун «жавоб» божларини жорий этишни 90 кунга тўхтатиб қўйди. Хитой учун божлар 104 фоиздан 125 фоизга оширилди.

Фото: Sky News
АҚШ Хитойдан импорт қилинадиган товарларга божларни 104 фоиздан 125 фоизга оширади, деб маълум қилди мамлакат президенти Доналд Трамп. Бошқа мамлакатларга нисбатан музокаралар учун уч ойлик танаффус жорий этилади, бу даврда барча учун АҚШга 10 фоизлик импорт тарифи амал қилади.
«Хитойнинг жаҳон бозорларига ҳурматсизлик кўрсатаётгани сабабли мен АҚШнинг Хитойдан оладиган божларини 125 фоизгача кўтараман ва дарҳол кучга киради. Қачондир, умид қиламанки, яқин келажакда Хитой АҚШ ва бошқа мамлакатларни талон-торож қилиш мумкин эмаслигини ва қабул қилиб бўлмаслигини тушуниб етади», – деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
Шунингдек, у 75 дан ортиқ давлат тарифлар бўйича музокаралар ўтказиш илтимоси билан АҚШга мурожаат қилгани ва бу мамлакатларга нисбатан кечиктириш жорий этилганини маълум қилди; бу ҳам шу кундан кучга киради ва 90 кун давомида амалда бўлади.
«Мен 90 кунлик пауза ва бу даврда ўзаро тарифни 10 фоизга сезиларли даражада пасайтиришга рухсат бердим», – деб қўшимча қилган Америка етакчиси.
Трамп қайси давлатларга 90 кун давомида пасайтирилган тарифлар қўлланиши ҳақида аниқ маълумот бермади. Унинг таъкидлашича, бу давлатлар АҚШ билан савдо битимлари бўйича тинч музокаралар олиб бораётган ва «бирор бир шаклда АҚШга қарши чиқмаётган» мамлакатлардир.
Оқ уй матбуот котиби Керолайн Ливиттнинг аниқлик киритишича, 10 фоизлик божлар Хитойдан ташқари барча мамлакатлар учун амал қилади.
Унинг сўзларига кўра, 75 дан ортиқ давлат музокаралар таклифи билан Трампга мурожаат қилган ва Вашингтон сўровлар сонидан ҳайратда қолган.
АҚШ савдо вазири Говард Лютник ижтимоий тармоқларда ёзишича, у АҚШ президенти Доналд Трамп «ўз президентлик даврида Truth Social’даги энг ноодатий постлардан бири»ни ёзганида хонада бўлган.
«Дунё глобал савдони тўғрилаш учун президент Трамп билан ишлашга тайёр, Хитой эса қарама-қарши йўлни танлади», – деди Лютник.
Трампнинг баёноти фонида Американинг асосий индекслари ўса бошлади. Уолл-стритдаги савдолар ёпилишидан бироз олдин Dow Jones 7,9 фоизга, S&P 500 9,5 фоизга, Nasdaq – 12,2 фоизга ўсди.
АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг сўзларига кўра, Трампнинг янги тарифлар ҳақидаги қарорига сўнгги кунлардаги бозорлар динамикаси таъсир кўрсатмаган.
Шу билан бирга, Трампнинг ўзи чоршанба куни кечқурун ўз қарорини шарҳлар экан, бозорлардаги вазият қатъий глобал тарифларни жорий этишдан воз кечишга таъсир қилганини тан олди ва мослашувчан бўлиш кераклигини айтди.
«Сўнгги бир неча кун ичида ҳамма нарса жуда ғамгин кўринарди. Менимча, одамлар бироз ошириб юбормоқда. Улар бироз қўрқа бошлашди ва асабийлашди. Мослашувчан бўлиш керак», – деди у журналистларга.
Америка президентининг фикрича, савдо битимлари охир-оқибат барча давлатлар, жумладан, Хитой билан ҳам тузилади.
«Хитой билан битим тузилади. Ҳар бир давлат билан битим тузилади», – деган Трамп ва Хитой етакчилари «буни қандай амалга оширишни унчалик тушунмаётгани»ни қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрел куни Трамп дунё мамлакатларининг аксариятига нисбатан божлар жорий этилишини эълон қилган ва бу кунни «Америка озодлиги куни» деб атаганди. У «ўн йиллар давомида» АҚШ бошқа мамлакатларга нисбатан савдо тўсиқларини камайтириб келгани, бу давлатлар эса, аксинча, Америка маҳсулотларига нисбатан «асоссиз улкан тарифлар жорий қилгани»ни таъкидлаганди.
Трампнинг ушбу ҳаракатларига жавобан бир қатор давлатлар АҚШ маҳсулотларига импорт божларини оширишини маълум қилди. Европа Иттифоқи «тамаки, мототранспорт воситалари, парранда гўшти, пўлат ва алюминий» каби Американинг бир қатор товарларига 10 фоиздан 25 фоизгача тарифлар жорий қилишни келишиб олганди.
Бир кун аввал Пекин «охиригача курашиши»ни эълон қилган ва АҚШ товарларига жавоб божларини жорий қилганди: аввал 34 фоиз, кейин эса АҚШ ХХР товарларига божни 104 фоизга оширганидан сўнг 84 фоизга кўтарганди. Хитой божлари 10 апрелдан кучга кирди.
Пекин баёнотида АҚШ савдо баланси тақчиллиги ва «саноатнинг етарлича рақобатбардош эмаслиги» каби муаммоларни тариф чоралари билан ҳал қила олмаслиги қайд этилган.
Шу билан бирга, Хитой ҳар доим Хитой-Америка савдо муносабатларини «ўзаро манфаатли» деб билишини, савдо ҳамкорлари ўртасида зиддиятлар бўлиши табиийлигини ва зиддиятларни ҳал қилиш учун Вашингтон билан мулоқотга тайёрлигини билдирган.
Трамп Хитой билан савдо урушига ўтмоқда
Энтони Зуркер, BBC’нинг Шимолий Америкадаги мухбири
Бозордаги бир ҳафталик ларзалардан сўнг Доналд Трамп ўзининг улкан тариф режаларини бекор қилмоқда.
Глобал иқтисодий тартибни қайта қуриш, ҳеч бўлмаганда, ҳозирча тўхтатилган ва Америка саноатининг ваъда қилинган олтин даври кутиб туришига тўғри келади.
Бу Трампнинг аввалбошдан тузган режасими ёки инвесторлар ваҳимага тушиши ва жамоатчилик норозилигига реакциясими, буниси аниқ эмас. Охир-оқибат бунинг аҳамияти ҳам йўқ.
Реаллик шундаки, АҚШ ўзининг жавоб савдо оловини тўхтатиб, фонд бозори тинишига йўл қўйиб, Хитой билан савдо урушига мойил бўлган мамлакатларга яхшилик қилмоқда.
Бу глобал иқтисодий оқибатларга олиб келади, аммо кўпроқ Американинг сўнгги пайтлардаги ташқи сиёсатига, жумладан, демократ президент Жо Байден даврида Хитойнинг амбицияларини жиловлашга қаратилган сиёсатига мос келади.
Бироқ, Трампнинг сўнгги ҳафтадаги ҳаракатлари бу стратегияни амалга оширишни қийинлаштирмайдими, деган катта савол туғилади.
Мавзуга оид

00:47
Трамп Путинга Украинада ўт очишни тўхтатишга 3 кун муҳлат берди

22:36 / 17.04.2025
Зеленский Хитойни Россияга қурол етказиб беришда айблади

21:37 / 17.04.2025
Трамп Федерал захира тизими раҳбарини истеъфога чиқаришга чақирди

19:46 / 17.04.2025