“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Апрел ойи иккинчи ўн кунлик бошларида мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида ҳаво ҳарорати +30...+35 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Kun.uz студиясида об-ҳаво соҳасидаги охирги кутилмаларни таҳлил қилди.
Март ойида кузатишлар тарихидаги энг юқори аномал ҳарорат рекордлари юз берди. Мартнинг учинчи ўн кунлигида эса жуда ҳам кўп ҳудудларда, айниқса, водий вилоятлари, тоғли ҳудудлар ва тоғ этакларида йил давомида ёғадиган ёғингарчиликнинг қарийб 15-20 фоизи ёғди.
“Ўрганишлар бўйича қарайдиган бўлсак, ҳозирги апрел ҳавосининг ўзи май ойидаги каби муҳитни беряпти. Бу, албатта, қишлоқ хўжалиги учун бироз ноодатий. Апрел ойи бошларида, хусусан, 4-5 апрел кунлари кўплаб ҳудудларимизда кам миқдорда бўлса-да, ёғингарчилик кузатилди. Аслида деҳқончилик учун асосий ёмғирлар апрелнинг дастлабки кунларида ёғиши керак. Бу ёғингарчиликлар чақмоқ ва момақалдироқ билан келади ва тупроққа кўпроқ сув улашади. Аммо апрел бошларида республика бўйлаб экин майдонларида етарлича ёмғир ёғмади. Масалан, Самарқанд вилояти марказида жуда кам, 4-5 миллиметр ёғингарчилик кузатилди. Бу ноябр ўртаси, ноябр-март ойининг учинчи ўн кунлигига нисбатан 10-20 баравар кам”, – дейди иқлимшунос.
Унинг айтишича, шиддатли ва майин ёмғирлар орасида фарқ бор. Наврўз арафасидаги ёғингарчиликлар чақмоқ, момақалдироқ ходисалари фонида юз берди ва бу майин, яъни тупроққа кўпроқ сув улашадиган ёмғирлар турига киради.
“Шиддатли ёмғирлар сел-сув тошқинлари ҳамда тупроқда намгарчиликни ҳосил қилиб, сирпанишни юзага келтиради, яъни тупроқ сирпаниб оқиб кетади ва қатқалоқ ҳодисалари кузатилади. Бу йил республиканинг водий вилоятларида ёғингарчилик 10-20 миллиметр атрофида нормал миқдорда ёғди, Тошкент ва Наманган вилоятларидаги тоғларда ҳатто 40 миллиметрдан кўп бўлди. Мазкур миқдор 400 тонна сув демакдир ва у водий вилоятларида йил давомида ёғган ёғингарчиликнинг 20-30 % ини ташкил этади. Тоғлар учун эса йил давомидаги кўрсаткичнинг 10 % ига тенг”, – дейди Эркин Абдулаҳатов.
2025 йил бошида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам яхши ёғингарчилик кузатилди, лекин тоғ этаклари сарҳадининг жанубий яъни асосий экин майдонларида кўп бўлмади. Қорақалпоғистон Республикаси, айниқса, Навоий ва Бухоро вилоятларида ёмғир жуда кам ёғди. Иқлимшуноснинг айтишича, мазкур ҳолат ўз-ўзидан ушбу ҳудудлар учун сув билан боғлиқ муаммони келтириб чиқаради.
“Бошқа жойлар билан солиштирадиган бўлсак, республиканинг бу ҳудудларида ёғингарчилик жуда кам бўлди, чунки табиий ёмғирлар оз ёғмоқда. Ушбу ҳудудларда иссиқ об-ҳаво кузатиляпти, апрелда ҳам март ойининг сўнгги ўн кунликларидагидек қарийб +30 даражага яқин ҳарорат сақланиб турибди. Тунги температура ҳам юқори. Содда қилиб айтганда, об-ҳаво худди бир ой олдинга сурилиб қолгандек: март ойининг ўрталаридан бошлаб биз қарийб бир ой олдинги ҳароратни қабул қилгандек бўляпмиз”, – дейди Эркин Абдулаҳатов.
Унинг таъкидлашича, бу йил тоғларда қор кам тўпланиши туфайли дарё ва сойларда йил давомида сувнинг камроқ бўлиши кутилмоқда. Мартдан май ойигача республиканинг кўплаб ҳудудларида қурғоқчилик, ёғингарчилик кузатилиб, вазият ёмонроқ бўлиши мумкин. Буни расмий тузилмалар ҳам ўз прогнозларида тасдиқлаган. Масалан, Cув хўжалиги вазирлигининг гидрометеорология хизмати маълумотларига асосланган прогнозлари республика дарё ҳавзаларида меъёрга нисбатан суғориш даврида оз миқдорда сув шаклланишини кўрсатмоқда. Унга кўра, Сурхондарё вилоятларида апрелдан октябргача 70-80% сув тўпланиши кутилмоқда, яъни меъёрдан анча кам. Қашқадарё ҳавзасида ҳам 65-75%, бу эса меъёрдан деярли 40% оз. Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларини суғорадиган Зарафшон дарёси тоғ ҳавзасида ҳам 75-85% миқдорда сув шаклланиши кутилмоқда, бу кўрсаткич ҳам нормадан анча кам. Амударёнинг асосий ирмоғи атрофидаги тоғларда кўпроқ қор ёғгани туфайли 90-100% лик яъни меъёрий миқдордаги сув тўпланиши кутилмоқда.
“Ҳозирги иссиқ даврда март ойининг апрел каби, апрел ойининг май каби ҳис қилинаётгани фонида бу миқдор етарли эмас. Кучли иссиқ кузатилаётган иқлим шароитида минтақа учун кўпроқ сув талаб этилади. Мисол учун, водий вилоятларининг жанубий Сўх, Шоҳимардон тоғларида 95% миқдорда сув шаклланиши мумкин. Ушбу ҳудудлардаги дарё ҳавзаларида қор захиралари ва музликлар борлиги сабабли бу йил кўпроқ ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Қорадарёда сув миқдори 70-80% миқдорда шаклланади, бу кўрсаткич ҳам жуда паст. Сирдарё ва Фарғона водийси вилоятларининг шимолий дарёларида, масалан, Говасой, Чот, Чортоқ, Посчотасой, Наманган каби йирик дарёларда ҳам сув меъёрдан анча кам, 75-80% миқдорда тўпланади.
Норин дарёсида вазият бироз яхши, март ойининг сўнгги ўн кунликларида ёғингарчилик кўп бўлган ва қор захирасини шакллантирган, бу ўтган ойлардаги вазиятни яхшилаган. Чирчиқ, Оҳангарон, Тошкент вилояти дарёларида ҳам сув заҳиралари меъёрдан оз эканлиги маълум. 2025 йилда деярли жуда кўп дарёларимизда меъёрдан анча кам миқдорда заҳира тўпланиши кузатилмоқда, айниқса, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёларида сезиларли даражада сув тақчиллиги юзага келиши мумкин”, – дейди иқлимшунос.
Апрелнинг кейинги ўн кунлигида об-ҳаво қандай бўлиши кутилмоқда?
Апрел ойининг бошларида иссиқ об-ҳаво кузатилди. Республиканинг марказий, жанубий ва тоғли ҳудудларида ёғингарчиликлар яхши бўлди. Ўтган ҳафтадан ҳозиргача(10.04.2025 ҳолатига) иссиқ ҳарорат фони сақланиб турибди. Яъни кўплаб ҳудудлар, асосан, воҳада +32, +33 даражада ҳарорат кузатиляпти. Бу ўз-ўзидан жанубдан нам ҳаво оқимлари киришини юзага келтиради.
“8-9 апрел кунлари Ўзгидромет республиканинг саккизта вилоятида сел хавфини эълон қилди. Сел Сурхондарё вилоятига эртага кечқурун кириб келади, Қашқадарё вилояти ва тоғли ҳудудларда ёғингарчиликлар кузатилиши мумкин. Бу ёғинлар 12 соат давомида 15-25, 25-50 миллиметр оралиғида ёғади. Яъни жала кўринишида катта массадаги ёғинга айланиши эҳтимоли бор. Аммо бу жараён Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятининг катта ҳудудлари ҳамда Фарғона водийсининг марказий ҳудудлари учун тегишли эмас.
Ушбу ҳаво массалари ҳароратнинг кескин қизиб кетиши туфайли асосан тоғ ва тоғ этакларида кузатилади. Мазкур ҳудудларда сел ва тошқин хавфлари юзага келиши мумкин. Асосий ҳаво оқимининг биринчи йўналиши Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига кириб келишини ҳисобга олсак, бу ҳудудларда чақмоқ, момақалдироқ, ҳаттоки, дўл ҳодисалари ҳам кузатилиши мумкин. Сел ва тошқинлар юз бериши эҳтимоли ҳам бор ва бу айни тоғ этакларидаги қишлоқ хўжалиги экин майдонларига зарар келтириши, қатқалоқ ҳолатлари ҳам пайдо бўлиши мумкин”, – дейди Эркин Абдулаҳатов.
Унинг сўзларига кўра, 11-12-13 апрелда, яъни нам ҳаво оқими ўтиб кетгандан кейин жуда ҳам иссиқ ҳарорат кузатилади, аввалига шимолий, кейин марказий ҳудудларда(Хоразм, Бухоро, Навоий). 10 апрел кунида шимолий ҳудудларда ҳароратнинг кўтарилиши давом этади ва 11-12-13 апрел кунлари соат 14:00 да ҳарорат +32, +36 даражагача кўтарилади. Бу температура апрел ойининг ҳозирги муддатлари учун кузатувлар тарихида кузатилмаган иссиқлик бўлиши яъни рекорд янгиланиши мумкин.
Ҳозирда Европа ҳудудларига арктик совуқ ҳаво оқимлари кириб келяпти. Хорижий об-ҳаво бюролари томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Буюк Британия, Греция, Туркия, Италия мамлакатларининг тоғли ҳудудлари -20 даражагача совуб кетиши, ҳаттоки, қор ёғиш эҳтимоли прогнозлари тақдим этиляпти. Шу ўринда тўғридан тўғри савол туғилади: баҳорда бизнинг ҳудудда ҳам иссиқ ҳаво оқими орқасидан салқинлик кузатилиши мумкинми? Совуқ ҳаво оқимлари кириб келса, бу маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсир кўрсатмайдими яъни совуқ уриши ҳодисалари юз бермайдими?
Эркин Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, Каспий ва Орол денгизлари қизиб кетиб, қуёш ботаётганида унинг ғарбий қисмларида кескин пасайиш кузатилмоқда. Бу 10 апрел ҳолатига кўра ҳавонинг нормал қийматидан четланишлар юзага келаётганини кўрсатади. Республикамизнинг шимолий ҳудудларида апрелда ҳаво ҳарорати меъёрий қийматдан 16-20 даража юқори бўлиши қайд этилмоқда. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, келгуси кунларда рекорд ҳароратлар кузатилиши мумкин ва бу иссиқ ҳарорат фақатгина кун давомида эмас, балки кечқурун ҳам сақланиб туради.
12 апрел кунида мамлакатга совуқ ҳаво ҳарорати кириб келади. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида 9-10-11 апрел кунларига нисбатан сезиларли салқинлик кузатилади. Яъни агар енгил кийимларда юрилган бўлса, аста-секин қалинроқ кийимларга ўтиш тавсия этилади. Қорақалпоғистон ва шимол ҳудудларда 12-13 апрел, дам олиш кунларида +30 даражали ҳарорат пасайиб, аста-секин +20 даражали ҳарорат яъни баҳорий об-ҳаво қайтади. Водийда эса ҳарорат кўтарилади, шунингдек, Тошкент вилоятида ҳам меъёрдан 8-12 даража юқори иссиқлик кузатилиши эҳтимоли бор.
“12-13 апрелда совуқ ҳаво оқимлари келиши ортидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини совуқ уриб қолмайдими, деган саволлар пайдо бўлмоқда, хавотирларга ўрин йўқ. Росгидромет томонидан тақдим этилган об-ҳаво прогнози модели кўрсатаётган карта бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, 12-13 апрел кунлари тунги минимум ҳароратлар шимолий ҳудудларда +8,+12 даража атрофида бўлади. Қишлоқ хўжалиги майдонларида совуқ уриши учун 0 даражали ҳарорат кузатилиши керак. Келаётган совуқ ҳаво оқими минтақамизга салқинлик беради ва мазкур ҳароратда совуқ уриши эҳтимоли жуда кам”,– дейди иқлимшунос.
Республиканинг катта ҳудудларида апрел ойининг иккинчи ўн кунлигида, 14 апрелдан кейин иссиқ ҳароратдан сўнг салқин яъни март ойи охирларидагига хос бўлган ҳарорат тўлқинлари кузатилади, кучли совуқ бўлмайди. Хусусан, келаётган 15 кунликда Сурхондарё, Қашқадарё ва водий вилоятлари ҳамда Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида ўша даврдагига нисбатан салқинлик кузатилмайди.
14-21 апрел кунлари водийда ёғингарчиликлар кўпроқ, тоғли ҳудудлар, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятида камроқ бўлади.
Об-ҳаво кутилмаларидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларига қандай тавсиялар берилади?
Бу йилги март ва апрел ойларида ғайритабиий об-ҳаво яъни юқори ҳарорат кузатиляпти ва бу ўз-ўзидан қишлоқ хўжалиги тармоқларида ноодатийроқ ёндашувларни қўллашни тақозо этади. Иқлимшуноснинг қайд этишича, қўй ва чорваларни тоғларга олиб чиқишга ҳали эрта. Баланд тоғли ҳудудларга чорваларни олиб боришни 20 апрел санасидан кейинга мўлжаллаш мақсадга мувофиқ.
Асаларичилик билан шуғулланувчилар айни вақтда Карпат асалариларини тоғларга олиб чиқишга тайёргарлик кўришяпти. 14-21 апрелда бироз салқинлик кузатилишини ҳисобга олсак, иқлимий муҳитдан келиб чиқиб асалариларни ўша саналардан сўнг тоғларга олиб бориш тавсия этилади.
Пахта, буғдой ёки бошқа экин турлари учун суғориш даврлари бошланяпти. Бу йил ёғингарчиликлар қуввати кутилганидек юқори эмас. Шу сабаб, агрономлар ўсимликлар сув талаби асосида суғориш ишларини режалаштиришлари, агро тадбирлар ва агроғўғитлаш масалаларига кучлироқ эътибор қаратишлари лозим.
9-10-13 апрел кунлари республиканинг катта ҳудудларида май ойининг сўнгги кунларида рўй берадиган иссиқлик рекорди кузатилиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ҳудудларида мана шу иссиқ урушига қарши эҳтиёт чоралари кўрилиши керак. Бундан ташқари, саломатлигимизга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур, чунки бу иссиқлик фони ултрабинафша нурлар билан биргаликда ҳавода кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради, ҳарорат қўтарилган пайтларда салқин жойларда юриш тавсия этилади.
Мавзуга оид

12:09 / 28.03.2025
Апрелда қанақа об-ҳаво кутиляпти?

12:07 / 20.03.2025
Кунлар совийди. Деҳқон нима қилиши керак?

21:11 / 19.03.2025
2024 йилда дунёда 150 дан ортиқ «мисли кўрилмаган» об-ҳаво ҳодисалари содир бўлди

13:01 / 16.03.2025