Ўзбекистон | 14:42 / 11.04.2025
3784
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси қурилишни вақтида тугалламаган қурилиш компаниясига нисбатан иш қўзғатди

Бектемир туманида кўп қаватли турар жой мажмуасини қураётган “Zamin Great City” МЧЖга нисбатан иш очилди. Шартнома бўйича қурилиш муддати 2024 йил 4 чорак этиб белгиланган, аммо ҳанузгача уй топширилмаган ва қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Фото: Kun.uz

Рақобат қўмитаси “Zamin Great City” қурилиш компаниясига нисбатан иш қўзғатди, дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига фуқаро томонидан “Zamin Great City” МЧЖ билан тузилган шартнома юзасидан мурожаат келиб тушган.

Унга кўра, Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги кўп қаватли турар жойдан 39,47 кв м майдонга эга 2 хонали хонадонни сотиб олиш учун 252 608 000 сўм тўлов амалга оширилган. Шартнома бўйича қурилиш муддати 2024 йил 4 чорак этиб белгиланган бўлишига қарамай, ҳанузгача уй топширилмагани ва қурилиш ишлари тўхтаб қолгани аниқланган.

“Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 19-моддасига мувофиқ истеъмолчи белгиланган муддатда уй топширилмаган тақдирда шартномадан воз кечиш, етказилган зарарни қоплаш ва тўланган маблағни қайтариш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ижрочи қурилиш муддатини бузгани учун қонунчиликда назарда тутилган пеня ва бошқа мажбуриятларни бажариши шарт.

Юқоридагилардан келиб чиқиб Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан “Zamin Great City” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди. Қурилиш муддатларига амал қилиш, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг моддий манфаатларини тиклаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди”, - дейилади расмий хабарда.

Қўмита маълумотларига кўра, 2024 йилда қурилишда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши масаласи бўйича 1640 та, 2025 йил ўтган даври мобайнида 234 та мурожаат келиб тушган бўлиб, кўриб чиқиш натижасида жами 16,2 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни қурилиш шартномаларини имзолашда эҳтиёткор бўлишга, қурилиш компанияларини эса шартномавий мажбуриятларига қатъий риоя қилишга чақирган.

Мавзуга оид