Жаҳон | 23:09 / 11.04.2025
2246
2 дақиқада ўқилади

Трамп даврида федерал бюджет харажатлари 154 млрд долларга ошди

АҚШнинг бюджет харажатлари Илон Маск раҳбарлик қилаётган Ҳукумат самарадорлиги департаменти фаолиятига қарамай ошишни давом этмоқда.

Фото: Reuters

Доналд Трамп президентлик лавозимига киришганидан бери АҚШнинг бюджет харажатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 154 миллиард долларга ошди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг кунлик ҳисоботларини таҳлил қилган The Wall Street Journal хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий таъминот дастурларига харажатлар 32,7 миллиард долларга, Medicare ва Medicaid соғлиқни сақлаш дастурларига эса ажратиладиган маблағлар 29 миллиард долларга ошган. Бундан ташқари, давлат қарзи бўйича тўловлар 25,5 миллиард долларга кўпайган. Федерал хизматчилар иш ҳақига эса Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) талаби билан ходимлар сони сезиларли қисқартирилганига қарамай, 2,8 миллиард долларга кўпроқ маблағ сарфланган.

Ҳақиқий харажат қисқариши фақат айрим йўналишларда кузатилган. Масалан, Транспорт хавфсизлиги бошқармаси янги формалар харидидан воз кечиш, сафарлар ва ўқув харажатларини камайтириш ҳисобига 22 миллион долларга камроқ маблағ сарфлаган. Таълим вазирлиги харажатлари 4 миллиард долларга қисқартирилган. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) дастурлари деярли тўлиқ ёпилган, бу 2024 йил бошига нисбатан харажатларни икки бараварга камайтирган. Бироқ кейинчалик бу дастурлар қайта тиклана бошлади ва харажатлар деярли 2024 йил даражасига қайтган.

Федерал бюджет харажатлари Илон Маск ҳамда у раҳбарлик қилаётган Ҳукумат самарадорлиги департаменти фаолиятига қарамай ошиб бормоқда. Маск ва Трамп DOGE «бюрократияни йўқ қилиши»ни ваъда қилган. Ушбу департамент Америка ҳукумати фаолиятининг самардорлигини ошириши ва бир ярим йилдан кейин тугатилиши керак.

Мавзуга оид