Туризм соҳасида янги вазифалар белгиланди. Аввалги топшириқлар ижроси қониқарлими?
9 апрел кунги йиғилишда давлат раҳбари туризм соҳасини ривожлантириш бўйича янги вазифаларни белгилаб берди. Айни пайтда бу соҳа бўйича ярим йил олдин қабул қилинган ҳукумат қароридаги вазифаларнинг катта қисми ижроси кечикмоқда. Хусусан, туризмнинг саноат, геология, илмий, ҳарбий ва давлат бошқаруви туризми каби янги турлари пайдо бўлмади, Paypal ва Apple Pay кабиларнинг Ўзбекистонга кириши ҳам ҳозирча амалга ошмай қолмоқда.

Фото: Pinterest
9 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳудудларининг туризм салоҳиятини оширишга доир видеоселектор ўтказди. Йиғилишда Ўзбекистондаги сайёҳлик бизнеси билан боғлиқ айрим рақамлар келтириб ўтилди, шунингдек, масъулларга бир қанча топшириқлар берилди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм экспорти 3,5 миллиард долларга етган, ўтган йили хорижий сайёҳлар оқими 10 миллион кишидан ошган. Ҳозирда туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиётдаги улушини 2040 йилгача 7 фоизга, экспортни эса 10 миллиард долларга етказиш бўйича стратегия ишлаб чиқилмоқда.
Бу стратегия ва туризмни ривожлантириш дастурлари доирасида, жумладан қуйидагича вазифалар қўйилди:
- «туризм ҳалқаси»га кирган йўлларни таъмирлаш ишларни бошлаш;
- капсулали уйлар қуриш ва жиҳозлашни кўпайтириш;
- тоғли ҳудудларга пиёда чиқиш (трекинг) учун турфирмаларга сайёҳлик маршрути рухсатномасини my.gov.uz портали орқали 10 кунда беришни жорий қилиш;
- Кўрфаз давлатлари учун жорий қилинган 10 кунлик визасиз режимни 30 кунга узайтириш, Ҳиндистон, Покистон, Миср ва эронлик сайёҳларга виза беришни енгиллаштириш;
- Миллий туризм ягона платформасини ишга туширишни тезлаштириш: унда чипта олиш ва электрон виза бериш имкониятларини яратиш;
- ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбасини «оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш» куни деб эълон қилиш, ички туризм тарғиботини кенгайтиришга йилига 20 миллиард сўм ажратиш;
- республиканинг барча тарихий обидаларига кириш имконини берадиган «ягона туристик карта» жорий қилиш ва бошқалар.
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга экстремал туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда 2025 йилда хориждан 15 миллион сайёҳни жалб қилишни топширди.
Вазирлар Маҳкамасининг 6 ой олдинги қарори ижроси нима бўлди?
Таъкидлаш лозимки, туризм соҳасини ривожлантириш борасида олдинги йилларда қабул қилинган бир қанча ҳужжатлар ижроси кечикмоқда ёки умуман бажарилмай қолиб кетмоқда.
Айни вақтда қонунчилик маълумотлари миллий базасида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ юздан ортиқ турли норматив ҳужжатлар мавжуд. Уларнинг аксарияти амалда, лекин ижроси борасида саволлар бор. Масалан, буларнинг фақат биттасини – туризмнинг янги турларини жорий қилишга доир 582-сонли ҳукумат қарорини кўриб чиқамиз.
2024 йил сентябр ойида қабул қилинган бу қарорда 2025 йил 1 январдан Ўзбекистонда туризмнинг янги йўналишлари: саноат, геология, илмий, ҳарбий ва давлат бошқаруви туризми йўлга қўйилиши керак эди. Бу борада ҳар бир вазирлик ва идораларга топшириқ берилган.
Унга кўра, Адлия вазирлиги 1 январдан сайёҳларга ҳукумат бино ва иншоотларига ташрифни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми хизматини, Мудофаа вазирлиги ўқ отиш бўйича пулли хизматларни, Геология вазирлиги эса конлар ва тоғ жинсларини портлатиш тадбирларига ташрифни йўлга қўйиши лозим эди. Лекин 3 ойдан кўпроқ муддат ўтган бўлса-да, ўзбекистонликлар учун янги бўлган туризмнинг бу турлари йўлга қўйилгани ҳақида маълумот йўқ.
Геология вазирлиги 2024 йил декабр ойида Навоий вилоятидаги «Мурунтау» кони, Тошкент вилоятидаги «Қалмоқир» кони бўйича хавфсизлик ва санитария-гигиена қоидалари, ташриф тартиби ва хизмат кўрсатиш тизими белгилаб берилганини маълум қилган эди. Лекин бу конлар атрофига бориб, портлатишларни кузатиш мумкинлиги ҳақидаги тарғиботларга кўзимиз тушмади.
Мудофаа вазирлиги ҳам 2024 йил декабр ойида Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази Қибрай спорт мажмуаси базасида «Стендли отиш» ва ўқотар қуроллардан отишни пулли асосида йўлга қўйиш учун барча шарт-шароитлар яратилганни айтган. Лекин ҳамон «барча шароитлар яратилган ушбу база» фуқаролар учун очилмади.
Туризм қўмитаси ўтган йили декабр ойида Kun.uz'га тақдим қилган изоҳида «Адлия вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан бошқарув ҳамда саноат туризм йўналишлари бўйича 50 га яқин объектлар рўйхати шакллантирилгани»ни айтган эди. Шунингдек, қўмита ушбу ташриф объектларига 2025 йилдан бошлаб сайёҳларни қабул қилиш ва экскурсия ташкил этиш мумкин бўлишини билдирган. Лекин жамоатчилик 3 ойдан кўпроқ муддат ўтган бўлса ҳам ҳукумат бино ва иншоотларига ташрифни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми йўлга қўйилганини кўрмади.
Бундан ташқари, 582-сонли ҳукумат қарорида Марказий банк, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Туризм қўмитасига халқаро онлайн тўлов компаниялари («Paypal», «AliPay», «UniPay», «Apple Pay», «Google Pay» каби) билан музокара ўтказиб, ушбу воситаларни Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматларига улашни йўлга қўйиш, зарур ҳолларда, миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш топширилган эди.
Кейинроқ, 2024 йил декабр ойида Марказий банк Kun.uz'га тақдим этган изоҳида шахсга доир маълумотлар ҳақидаги қонуннинг баҳсли моддаси сабаб Apple ва Google компаниялари ўзларининг тўлов тизимларини Ўзбекистон билан интеграциялашни рад этаётганини билдирди.
Лекин орадан 4 ойдан кўпроқ вақт ўтган, президент томонидан бу борада ечим ишлаб чиқиш зарурлиги айтилган бўлса-да, бу қонунчилик талаблари ҳозирча қайта кўриб чиқилмаяпти.
Туризмнинг янги турларини жорий қилиш ҳақида саналари аниқ белгиланган Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор, Туризм қўмитасининг тартиби ҳам ишлаб чиқилган. Нима учун масъуллар белгилаб қўйилган вазифалар ижросини пайсалга солмоқда? Назорат механизмлари нега оқсамоқда?
Саволлар кўп, аммо жавоби ҳозирча бизга қоронғи.
Фаррух Абсаттаров,
журналист
Мавзуга оид

16:37 / 09.04.2025
Президент замонавий туризм маршрутларини ташкил этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди

15:48 / 09.04.2025
«Сайёҳлар йўллар аҳволидан норози» — мутасаддиларга «туризм ҳалқаси»га кирган йўлларни таъмирлаш бўйича ишларни бошлаш топширилди

20:55 / 31.03.2025
КХДР ижтимоий тармоқлардаги танқидлар туфайли туризмни чеклади — ОАВ

12:07 / 29.03.2025