Якуний энерготарифлар, Tahoe дефицити ва $50 миллиардга яқин захира — ҳафта дайжести
Амалдорлар Mercedes-Benz'лардан воз кеча бошлагач, автосалонларда Tahoe етишмовчилиги юзага келди. Пискентдаги лабораториядан чиқиб кетган видео импорт чекловлари ҳақидаги саволларни кўпайтирди. Газ ва свет тарифлари ҳар йили индексация қилинадиган, эҳтиёжманд аҳолига йил бўйи компенсация тўланадиган бўлди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеалари – Kun.uz ҳафтаномасида.
Энерготарифлар бўйича қарор
Электр энергияси ва табиий газ тарифлари ошириладиган санани 1 апрелдан 1 майга кўчириш ҳақидаги ҳукумат қарори имзоланди. Ҳужжатда аввалроқ маълум қилинган бир ойлик кечиктиришдан ташқари, яна камида иккита янгилик бор. Камида деётганимиз сабаби – қарор негадир тўлиқлигича эмас, кўчирма шаклида эълон қилинди, яъни эълон қилинмаган қисмида нималар ёзилгани маълум эмас.
Хуллас, ҳужжатнинг очиқланган қисмидаги биринчи янгилик – электр энергияси бўйича 200 kWhдан 1000 kWhгача бўлган тариф диапазони иккига бўлинадиган бўлди. Унга кўра, 1 майдан бошлаб, 201 kWh'дан 500 kWh'гача электр энергияси учун ҳозиргидек 900 сўмдан эмас, 800 сўмдан тўланади. Бу – 200 киловаттдан кўп, лекин 500 киловаттдан ошмаган миқдорда электр ишлатилган ойлар учун тўлов миқдори кутилганидан камроққа ошишини англатади.
Иккинчи янгиликка келсак, бундан буён ҳар йили 1 май санасида газ-свет тарифлари йиллик инфляциядан келиб чиққан ҳолда, лекин кўпи билан 10 фоизгача миқдорда ошириб бориладиган бўлди. Бу кутилмаган банд ҳақида расмийлардан изоҳлар бўлганича йўқ. Эътиборлиси шундаки, ўтган йилги баёнотлар ва ҳужжатларга киритилган қоидалар бошқача эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги 337-сонли қарори билан, 2026 йилдан бошлаб тасдиқланган тарифлар камида 3 йил ўзгармаслиги белгилаб қўйилган эди. Бу қоидадан воз кечилгани – инфляцияни 5 фоизга тушириш ҳаракатида юрган Марказий банк учун прогнозларни янгилаш заруратини англатиши мумкин.
Келаси ойдан аҳоли учун электр энергияси тарифлари қандай ўзгараётгани билан ушбу жадвал орқали танишингиз мумкин:
Тарифлар масаласида ўтган ҳафта эълон қилинган бошқа бир қарор ҳам бор. Унга кўра, 1 майдан бошлаб кам таъминланган оилаларга электр ва газнинг базавий меъёрдан ортиқ ишлатилган қисми учун компенсация тўлаш йўлга қўйилади. Бошқача айтганда, камбағал аҳоли учун лимитлар оширилади. Уларнинг харажатлари свет учун 350 kWhгача, газ учун эса мавсумга қараб 250 ёки 750 кубгача базавий норма доирасидан ошмайди. Бундан ташқари, шу йил ноябр ойида, яъни қиш келишидан олдин эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик ёрдам берилдиган бўлди.
Қўшимча қилиб ўтамиз, газлаштирилмаган ҳудудларга электр энергияси тўловидан енгиллик бериш масаласи ҳар икки қарорга ҳам кирмай қолди. Ўтган йили бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров парламентдаги чиқишида бу масалани ўрганиб чиқишга ваъда берган, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов эса газлаштирилмаган ҳудудларга 50 фоизлик чегирма қўллаш бўйича топшириқ борлигини айтганди.
UzAuto қиммат моделлари сотувини нега тўхтатди?
Давлат амалдорлари Mercedes'лардан воз кечиб, Chevrolet'га ўтиши билан юзага келган талабни қондириш импортёр UzAuto Motors'га осон бўлмаётганга ўхшайди. Компания Malibu, Traverse ва Tahoe учун шартнома беришни тўхтатишга мажбур бўлди. Ҳозир Uzavtosavdo платформаси орқали фақат Damas, Tracker, Captiva ва Onix учун шартнома олиш мумкин.
“Автострада”нинг ёзишича, мижозлар UzAuto сотадиган юқори сегментдаги импорт моделларга бир неча ҳафтадан бери буюртма бера олмаяпти. Нашр бу борада қуйидагича саволни ўртага ташлаган: “Наҳотки Tahoe'га талаб шу даражада катталигидан, ҳамма амалдорларга етиши учун жисмоний шахсларга сотиш тўхтатиб қўйилган бўлса?”
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосарининг “Ўзавтосаноат” раисига ёзган хати тарқалган эди. “Сиздан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган Chevrolet Tahoe автомобилидан ажратилишида амалий ёрдам кўрсатишингизни сўрайман. Тўловлар кафотланади”, дейилади хатда. Ҳоким ўринбосари 1 млрд сўмдан қиммат турадиган Tahoe ростдан ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади деб ўйлайдими, буниси бизга қоронғи.
Пискент ҳангомалари: воқеаларнинг кейинги ривожи
Импорт автомобиллар Пискентда ростдан ҳам синовдан ўтказиляптими деган савол тармоқларда бот-бот учраб туради. Бир нечта машина бир вақтда олиб кирилиб, саноқли дақиқаларда қайтариб чиқарилаётгани, ичкаридаги жараённи камералар орқали кузатиб туриш имконияти йўқлиги каби омиллар бунга сабаб бўлиб келмоқда. Шу сабаб 11 апрел куни Autodeklarant канали эълон қилган видео кўпчиликни ҳайрон қолдирмаган бўлса ажаб эмас. Видеода синов масканига учта автомобил бир вақтда олиб кирилиб, айтарли текширув ўтказилмасдан, бироз вақт ушлаб турилгани, кейин қайтариб олиб чиқилганини кўриш мумкин.
UzTest'нинг изоҳлашича, бу видео 2024 йилнинг ноябр ойида олинган. Ташкилот баёнотида видеодаги ҳолат “ҳозирги текширувлар билан мутлақо боғлиқ эмаслиги” айтилади. Ташкилот “лавҳани нотўғри талқин қилган ҳолда кенг жамоатчиликка тарқатган блогер ишига тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши”ни билдирган. Шу билан бирга, видеодаги ҳолатда айнан нима акс этгани ҳақида изоҳ берилмади.
Пискентдаги тестларга хитойликлар ҳам бироз шубҳа билан қараяпти. Бир неча кун олдин Leapmotor компанияси C16'дан нуқсон топилганига муносабат билдирди. Компания ўз баёнотида бу тестнинг қанчалик тўғри ўтказилганидан бехабарлигини таъкидлаб, Ўзбекистон расмийлари билан ҳамкорликда такроран ўтказиладиган синов расмий регламентларга мувофиқ, шаффоф, холис ва адолатли бўлишига умид билдирган. Душанба куни Пискентда бўлиб ўтадиган такрорий синовда журналистлар ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги видеоларга қараганда, Leapmotor савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва бу бренд остидаги машиналарга буюртма бериб қўйган фуқаролар импорт тўхтатилганига эътироз билдириб, куни кеча UzTest биносига боришган. Бундан ташқари, интернетда фуқароларнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига мурожаати ҳам тарқалди. Мурожаатда хориждан ўзининг номига автомобил олиб кирган жисмоний шахслар 10 кун ичида уни рўйхатдан ўтказиб, давлат рақами олиши кераклиги, лекин Пискентдаги навбатлар сабаб бунинг иложи бўлмаётганини айтиб, 10 кунлик муддатни узайтириб бериш сўралмоқда.
Охирги пайтларда кун тартибидан тушмай келаётган автомобил импортига турли чекловлар мавзуси душанба куни Kun.uz студиясидаги подкастда атрофлича кўриб чиқилди. Бир томондан Техник тартибга солиш агентлиги вакили, иккинчи томондан таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров ва автомобилларнинг божхона декларацияси билан шуғулланувчи блогер ўртасида кечган очиқ мулоқот, кутилганидек, қизғин баҳсга айланиб кетди. Суҳбатни YouTube'даги “Kun podkasti” каналида томоша қилинг.
Давлат хизматидаги жиноятчилик
Андижонда давлат амалдори иш жойида гиёҳванд модда истеъмол қилгани учун ишдан олиниб, жиноий жавобгарликка тортилди. Гап Андижон шаҳар бандлик бўлими бошлиғи ҳақида кетяпти. Интернетда тарқатилган суратларда шу амалдор экани айтилаётган эркак баклажкани ярим кесган ҳолда банка устига қўйиб, ундан чиқаётган тутунни тортаётганини кўриш мумкин. Унинг ёнида яна бир киши борлиги кўринади. Суратлар тарқалгач, бандлик бўлими бошлиғи ва унинг ўринбосари ишдан олинди. Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ўтказилган тезкор тадбирда 69 грамм гашиш моддаси топилиб, жиноят иши қўзғатилган.
Бошқа бир ҳолатда, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 71-мактаб директори лавозимида ишлаган шахс гиёҳванд модда сотгани учун 10 йилга қамалди. Суд ҳужжатларига кўра, у шериги билан шартли харидорга салкам 1 кило опийни 12 минг долларга сотмоқчи бўлган пайтида ушланган. Муқаддам фирибгарлик билан судланган шахс судда айбига қисман иқрор бўлган ва унга 10 йил, шеригига 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жазосини кутаётган яна бир собиқ амалдор – Андижон тумани кадастр бўлимининг аввалги бошлиғи. Вилоят прокуратурасига кўра, у ва яна бир собиқ ходим 10 минг доллар олаётган пайтда ушланган. Улар бу маблағ эвазига танишлари орқали 1 гектар ернинг тоифасини ўзгартириб беришни ваъда қилган. Аввалроқ Зомин тумани кадастр бўлими инспектори 400 доллар, Косон тумани кадастр муҳандиси 17 минг доллар билан ушланган эди. Тошкентда эса шаҳар ҳокимлигининг юристи 70 минг доллар билан қўлга олинган. У бунча пулни чет эл фуқаросидан, унинг ишини тезроқ битириб бериш эвазига талаб қилиб олгани айтиляпти.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Тошкентнинг эски шаҳар қисмида туннел қурилиши бошланди. Қорасарой кўчасининг Қодирий кўчасидан Нурафшон кўчасигача бўлган 1,2 километрлик қисми туннел бўлиши, 800 метрлик биринчи босқичи сентябргача битказилиши кутиляпти. Йўлнинг устки қисми эса Ҳастимом мажмуаси ва Ислом цивилизацияси маркази қаршисидаги майдонга қўшилиб, сайилгоҳга айлантирилади. Бу ердаги 61 та дарахт касалланган деб топилиб, кесишга рухсат берилган. Яна 138 та дарахт эса кўчириб ўтқазиляпти. Афсуски, кўчириш жараёнида агротехник талаблар бузилган, натижада суғуриб олинган дарахтларнинг ҳаммаси ҳам яшаб кетмаслиги мумкин.
Йўлнинг автобуслар учун ажратилган бўлагида ҳаракатланганлик учун жавобгарлик белгиланди. Эндиликда “А” белгиси билан ажратилган бўлакда ноқонуний ҳаракатланиш 375 минг сўм жаримага сабаб бўлади. Ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори 3 баробарга ошади. Бундан ташқари, пиёдалар йўлкасида транспорт бошқарганлик учун белгиланган жарима велосипед йўлагига ҳам татбиқ этиладиган бўлди. Бошқа бир янги моддага асосан, йўлларда ноқонуний тўсиқлар ва қурилмаларни ўрнатганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тизими янгиланади. Ҳукумат қарорига асосан, ўзгаришлардан кейин давлат ишида ишлайдиганларга иш ҳақи фақат давлат бюджетидан тўланади, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан иш ҳақи харажатларини амалга ошириш тақиқланади. Тариф коэффициентлари, мартаба даражаси, қўшимча устама ва йиллик бонусларни халқаро стандартларга мослаштириш режалаштирилмоқда. Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобварақларини қисқартириш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Тегишли ҳужжат сентябргача ишлаб чиқилиши белгиланган.
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қиймати салкам 48 млрд долларга етди. Бундай рекорд кўрсаткич жаҳонда олтин нархи тарихий максимумга чиққани билан боғлиқ. Хусусан, тижорат банкларида сотилаётган олтин қуймалар нархи йил бошидан бери 21 фоизга ошди. Қимматбаҳо металнинг қимматлашиши охирги кунларда АҚШ президенти Доналд Трампнинг авжига чиқаётган бутун дунё билан савдо уруши ортидан рўй беряпти. Эслатиб ўтамиз, жаҳон иқтисодиётидаги ҳар қандай беқарорлик айниқса камбағал мамлакатлар учун энг кўп зарарга ишлайди.
Мавзуга оид

21:25 / 12.04.2025
Пискентдаги автомобил синовининг видеоси тарқалди. Масъуллар “нотўғри талқин” бўлаётганини айтмоқда

15:09 / 09.04.2025
Қорақалпоғистондаги “Шохпахта” газ кони бўйича “Газпром” билан битим якунига етди

23:55 / 08.04.2025
Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси учун янги тариф жорий этилади

22:40 / 08.04.2025