Жаҳон | 17:17 / 13.04.2025
1578
2 дақиқада ўқилади

Трамп йил давомида 1 млн мигрантни АҚШдан депортация қилишни режалаштирмоқда — WP

Ҳозирда АҚШ маъмурияти дунёнинг 30 та давлати билан ўз фуқаролари бўлмаган мигрантларни ушбу мамлакатларга депортация қилиш бўйича музокаралар олиб боряпти.

Фото: Danielle Villasana/For The Washington Post

АҚШ президенти Доналд Трамп 2025 йил давомида мамлакатда 1 миллион мигрантни депортация қилиш ниятида. Бу ҳақда The Washington Post амалдаги ва собиқ тўрт нафар федерал амалдорга таяниб хабар берди.

Нашр суҳбатдошларининг ҳисоблашича, ушбу рақамлар Барак Обама президентлиги даврида депортация қилинган рекорд кўрсаткичдан 400 мингга ошиб кетиши мумкин. Шу билан бирга, Трампнинг мақсади молиялаштириш ва кадрлар таъминоти даражаси туфайли нореалистик кўринишга эга. Шунингдек, кўплаб мигрантларда мамлакатдан чиқариб юборилишдан олдин суд эшитувларида қатнашиш ҳуқуқи мавжуд.

WP манбалари сўзларига кўра, бу борадаги стратегияни ишлаб чиқиш билан Оқ уй маъмурияти раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Стивин Миллер Ички хавфсизлик вазирлиги ва бошқа федерал идоралар билан бирга шуғулланмоқда. Кўриб чиқилаётган вариантлардан бири — аллақачон қайтариб юборилиши керак бўлган, аммо ўз ватанларига киришига рухсат берилмаган 1,4 миллион мигрантнинг бир қисмини депортация қилишдир.

Икки амалдорнинг нашрга маълум қилишича, Америка маъмурияти дунёнинг 30 та давлати билан ўз фуқаролари бўлмаган мигрантларни ушбу мамлакатга депортация қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Гап минглаб мигрантлар тўғрисида кетмоқда.

Таъкидланишича, Трамп президентлик лавозимига киришганидан бери маъмурият депорация қилинганлар сонига оид статистикани эълон қилмай қўйган. Шу билан бирга, Ички хавфсизлик вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, йил бошида бери мамлакатдан 117 минг киши чиқариб юборилган.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти суд қарорига қарамасдан мамлакатни тарк этмаган мигрантларга нисбатан кенг қамровли жарима сиёсатини амалга оширмоқчи экани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид