Жаҳон | 13:23 / 14.04.2025
3608
9 дақиқада ўқилади

ҲАМАСнинг омон қолган туннеллари, Суми шаҳрига вайронкор ҳужум ва Байден санкцияларини узайтирган Трамп — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил ва ҲАМАС туннеллари

18 ойдан бери давом этаётган уруш давомида Исроил армияси «ҲАМАС»га тегишли туннел тармоқларининг бор-йўғи 25 фоизини йўқ қила олган. Қолган 75 фоизи ҳануз ишлайдиган ҳолда қолмоқда, деб ёзади The Jerusalem Post нашри.

Исроил ҳарбий манбаларининг таъкидлашича, токи ҲАМАСнинг ерости коммуникация тармоғи соз ҳолатда қолар экан, Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар камида бир йил, эҳтимол, ундан ҳам узоқ давом этиши мумкин.

Бундай танқидлар фонида Ynet нашри учун мақола ёзган ҳарбий таҳлилчи Йосси Йеҳошуа Исроил армияси бундан аввал «Рафаҳ» бригадасини тўлиқ йўқ қилганини эълон қилган бўлса-да, яқинда Генштаб раҳбари уни қайтадан тор-мор этишга чақирганини эслатиб ўтган.

Йеҳошуаданинг таъкидлашича, расмий баёнотлар билан фронтдаги реал вазият ўртасидаги фарқ жамоатчилик ишончини заифлаштирмоқда. ҲАМАС эса даъво қилинаётган талафотларга дучор бўлмаган ва қаршилик қилишда давом этмоқда.

Эронга нисбатан санкциялар енгиллашадими?

Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди 12 апрел куни Ўмонда бўлиб ўтди. Эрон ядровий дастурини чеклаш эвазига АҚШдан санкцияларни енгиллатишни, музлатилган активларини очишни ва хитойлик нефть харидорларига босимни тўхтатишни талаб қилмоқда, деб хабар беради The Wall Street Journal.

Теҳрон уранни 2015 йилги келишувда белгиланган даражада бойитишга тайёрлигини билдирган. Мазкур музокаралардан кейин Доналд Трамп учрашувни ижобий баҳолади. Музокараларнинг иккинчи босқичи 19 апрелда бўлиб ўтиши белгиланди.

Эрон ядровий дастурини 2018 йилда АҚШ келишувдан чиққанидан сўнг қайта фаоллаштирган эди. АҚШ разведкасига кўра, Теҳрон қисқа вақт ичида ядровий қурол яратиши мумкин. Трамп Эронга икки ой муҳлат бериб, қуролдан тўлиқ воз кечишни талаб қилмоқда. У дипломатия самара бермаса, ҳарбий чоралардан чекинмаслигини билдирган.

Сумига ҳужум: 32 киши ҳалок бўлди

Россиянинг Суми шаҳрига қилган ракетали ҳужуми оқибатида камида 32 киши ҳалок бўлди, 83 киши яраланди. Зеленский ҳужум насронийлар байрами куни содир бўлганини таъкидлаб, буни тинч аҳолига қарши тажовуз деб баҳолади.

Володимир Зеленский Сумаларга қилинган ракета ҳужумидан сўнг халқаро ҳамжамиятни кескин чора кўришга чақирди. Унинг маълумотича, ҳалок бўлганлар орасида икки нафар норасида гўдак бор, 84 нафар яраланганлар орасида болалар 10 нафар.

Зеленский Россиянинг ушбу ҳаракатларини инсониятга қарши жиноят сифатида баҳолаб, жаҳон ҳамжамиятини бефарқ қолмасликка чақирди. У Россияга босимни кучайтириш ва Украинага етарчи даражада қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

Украина президенти, шунингдек, Путин АҚШнинг тўлиқ ва шартларсиз оташкесим таклифини икки ойдан бери инкор этаётганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Россия жавобсизлик ҳиссида урушни чўзмоқда ва буни фақат қатъий амалий чоралар билангина тўхтатиш мумкин.

Украина расмийлари ракета оддий шаҳар кўчасига, уйлар ва таълим муассасалари жойлашган ҳудудга тушганини маълум қилди. Россиялик ҳарбий мухбирлар эса ҳужум университет конгресс марказига, ҳарбийлар тақдирланаётган тадбир пайтида амалга оширилганини иддао қилмоқда.

Россия томони ҳозирча ҳужум юзасидан изоҳ бермаган. Кремл аввалроқ Россия фақат ҳарбий объектларни нишонга олишини баён қилган эди.

Трамп Байден жорий қилган санкцияларни узайтирди

АҚШ президенти Доналд Трамп 10 апрель куни 2021 йилда Жо Байден томонидан қабул қилинган Россияга қарши санкцияларни бир йилга узайтириш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақдаги ҳужжат АҚШ Федерал реестрида эълон қилинди.

Гап 14024-сонли фармон ҳақида кетмоқда — у 2020 йилдаги АҚШ сайловларига аралашув ва SolarWinds орқали амалга оширилган киберҳужумга жавоб тариқасида қабул қилинган. Санкциялар Россия давлат қарзи ва молиявий операцияларига чекловларни ўз ичига олади.

Мазкур фармон 2025 йил 15 апрелда кучини йўқотиши керак эди, аммо Трамп уни муддатидан аввал узайтирди. У бундан аввал ҳам Қрим аннексияси ва «ДХР» ҳамда «ЛХР»ни тан олиш билан боғлиқ санкцияларни сақлаб қолган.

Axios манбасига кўра, агар апрел охиригача Украина бўйича келишувга эришилмаса, янги санкциялар муҳокама қилинаётгани айтилмоқда.

Кремл музокаралардан «дарҳол натижа» кутмасликка чақирди

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни «нолдан қайта бошлаш» осон эмаслигини таъкидлаб, музокаралардан тезкор натижа кутмасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча фақат ўзаро ишонч муҳитини тиклаш бўйича кичик қадамлар қўйиляпти.

Песков муносабатлар яхшиланиши учун дипломатлар, махсус хизматлар ва президентларнинг махсус вакиллари доимий мулоқот олиб бораётганини билдирди. «Ҳаддан ташқари мураккаб муаммоларга тез ечим бўлиши қийин», — деди у.

Аввалроқ АҚШ Россия ва Украина билан тинчлик музокараларини бошлаган, бироқ ҳозирча фақат энергетика ҳужумларини 30 кунга тўхтатиш бўйича келишувга эришилган. Россия Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича АҚШ таклифини рад этган.

Трамп 1 млн мигрантни депортация қилмоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп 2025 йил давомида мамлакатдан 1 миллион мигрантни чиқариб юборишни режалаштирмоқда. Бу рақам Барак Обама давридаги рекорддан 400 мингга кўпроқ бўлиши мумкин, деб ёзади The Washington Post нашри.

Маълумотларга кўра, бу стратегияни Стивен Миллер бошчилигидаги гуруҳ тайёрламоқда. Улар Ички хавфсизлик вазирлиги билан ҳамкорликда ватанига қайтарилиши керак бўлган 1,4 миллион шахсларнинг бир қисмини депортация қилиш имконини ўрганмоқда.

АҚШ бу мақсадда 30 та давлат билан музокаралар олиб бормоқда. Мигрантларни чиқариб юбориш жараёнида молиялаштириш, кадр танқислиги ва суд процедуралари асосий тўсиқ бўлиб турибди. Шу билан бирга, йил бошидан бери аллақачон 117 минг киши мамлакатдан чиқариб юборилгани маълум қилинмоқда.

АҚШ ва Хитой ўртасида «юмшоқ мулоқот» бошланди

АҚШ Хитой билан савдо масалалари юзасидан воситачилар орқали «юмшоқ мулоқот» бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда савдо вазири Ҳовард Лютник маълум қилди. Унинг айтишича, Доналд Трамп ва Си Жинпинг келишмовчиликларни самарали ҳал этиш йўлини топишлари мумкин.

АҚШ смартфонлар, ноутбуклар ва яримўтказгичларга бож жорий этмасликка қарор қилди. 12 апрель куни Божхона ва чегара қўриқлаш хизмати расман эълон қилган рўйхатга кўра, ушбу электроника товарларига Хитой учун белгиланган 145 фоизлик ва бошқа мамлакатлар учун амалда бўлган 10 фоизлик божлар татбиқ этилмайди.

Bloomberg’нинг ёзишича, қарор Apple ва Samsung каби компанияларга ёрдам беради ҳамда истеъмолчиларни «нархларнинг даҳшатли ўсишидан» ҳимоя қилади.

Истисно фақат АҚШда ишлаб чиқарилмайдиган, бироқ кенг тарқалган технология товарларига тааллуқли. Лютникнинг таъкидлашича, бу товарларга алоҳида божлар икки ой ичида қайта киритилиши кутилмоқда.

Трамп бугун, 14 апрел куни янги тариф режасини эълон қилиши кутилмоқда.

Россияда туғилиш даражаси XVIII асрга қайтди

2025 йилнинг биринчи чорагида Россияда туғилиш даражаси тарихий паст кўрсаткичга тушди — ҳаммаси бўлиб 293 минг бола дунёга келган. Демографлар бундай ҳолат сўнгги бор Екатерина II даврида кузатилганини таъкидламоқда.

Март ойи туғилиш сони бўйича Россия тарихидаги энг паст натижалардан бирини қайд этди, деб ёзади демограф Алексей Ракша. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда туғилиш кўрсаткичлари бўйича барқарор туғилиш ўсишини таъминлаб келган Кавказ республикаларида ҳам 10,7 фоизлик кескин пасайиш кузатилди.

Бундан аввал, Россия парламенти ва Кремл ҳам туғилишнинг таназзулидан ташвиш билдирган. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков туғилиш коэффициентининг 1,4 даражаси миллат келажаги учун «фожиали» эканини айтган эди.

Мавзуга оид