Ўзбекистон | 12:53 / 14.04.2025
11495
14 дақиқада ўқилади

Беш кунлик дарс тизими ҳақида педагоглар қандай фикрда?

Ўзбекистонда мактабларни 5 кунлик тизимга ўтказиш петицияси парламентда кўриб чиқилиши мумкин. Kun.uz'га интервю берган ўқитувчилар айни ташаббус жуда керакли эканини, бунинг ортидан таълимдаги стрессни камайтириш, сифатга эришиш мумкинлигини айтишмоқда. Аммо устозлар таклифнинг ижобий томонларидан юз ўгирмаган ҳолда аввал мактаб дефицити ҳал қилиниши тарафдори. “Биринчи биз 2-3-сменаларни йўқотишимиз керак. Шундан кейин 5 кунлик ҳақида гапирсак бўлади”, – дейди респондентлардан бири.

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига таълим муассасаларида дарсларни ҳафтасига 5 кунлик режимга ўтказиш ҳақида петиция жойлаштирилган.

Ўтган йили октябрида жойланган петицияни хозиргача 15 мингдан ортиқ инсон ёқлаган. Қоидага кўра энди депутатлар мактабларни 5 кунликка ўтказиш масаласини кўриб чиқиши керак.

Ушбу ташаббус тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz айни кейс фонида соҳа одамларининг фикрлари билан қизиқди.

Сифат ва унум аксинча пасаяди”

Педагог Исроил Тиллабоев 5 кунлик тизимга ўтишга қарши эканини, бу муаммоларни келтириб чиқаришини тушунтиришга уринди.

Бир статистика кўргандим, 70 фоизга яқин мактаблар 2 сменада ўқийди, нечтасидир 3 сменада. Тасаввур қилинг, 2 сменали мактабларга 5 кунлик тизимни жорий этмоқчисиз, 8 дан бошланадиган дарсни 5 дақиқалик танаффуслар билан ҳисоблайдиган бўлсак – 7 соатлик дарсни сиғдирсангиз, у 2 да тугаши мумкин. 2 дан кейин 2-смена бошланса, қишлоқ шароитларда соат 5 да қоронғи тушади, шундай шароитларда 7-соат 6 ёки 7 да тугайди. Бу жуда катта қийинчиликни олиб келади.

Баъзи одамлар билан гаплашсангиз, бошқа давлатлар: Канадани мисол келтиради, лекин улардаги шароит билан биздагисининг ер билан осмонча фарқи бор. Уларда тўлиқ сменали мактаб, керак бўлса ҳафталик юкламаси ҳам кам, бизда хабарингиз бор, бир неча йил олдин Ўзбекистондаги мактабларда дарс юкламаси дунё миқёсида энг юқори дарс юкламалилар қаторига киритилганди. Мисол учун, 8-синф ўқувчилари 1 ҳафтада 33 соат дарс ўтади, 6 кунда керак бўлса 6 соатдан ўтаётган бўлса, 5 кунга қўйиладиган бўлса, боланинг ўзи чарчаб қолади. Таълим сифатига салбий таъсир қилади”, – деди у.

Тиллабоев давлат умумтаълим муассасаларининг дарс жадвали ихтисослашган, президент мактабларидагидан кескин фарқ қилишини қўшимча қилди.

Яна бир аргумент келтиришади: ихтисослашган, президент мактаблари 5 кун ўқишади, лекин уларнинг дарс жадвалини қарасангиз, уларда 3 соатдан кейин 1 соатлик катта танаффус берилади. Бунда бола бемалол овқатланиб олади, ўйнайди, кулади, умуман дарс вазиятидан чиқиб, анча дам олади. Кейинги дарс жараёнини янги дарсдек бошлайди. Шунда улар жисмонан 7 соат ўтира олиш имкониятига эга. Лекин оддий мактабга бундай иш қила олмайсиз, 2 сменали мактабга 5 дақиқадан кўпроқ танаффус беролмайсиз.

Сифат ва унум аксинча пасаяди. Аниқ биламанки, ўқувчиларнинг билим сифати пасаяди. Тасаввур қилинг, 7-синф ўқувчиси 12-13 ёш бола, унга кунлик юкламани баттар қўйяпсиз. У 5 кун ўқиб юклама олгани 2 кун дам олганини босолмайди. 5 кунлик ўқиш, ишни ҳамма истайди, гапнинг очиғи, нафақат ўқитувчилар, балки барча ходимлар истайди. Бу жаҳон тажрибасида бор, инсонларнинг дам олишини тўғри ташкил этиш учун яхши, лекин бунга эришиш учун тизимли ёндашув керак, 10-15 йиллик режа қўйиш керак”, – дейди педагог.

Тиллабоев мактабларнинг сонини кўпайтириш, сиғимини кенгайтириш режаси давлат дастури доирасида илгари сурилиши кераклигини, бу жуда катта иқтисодий ресурсни талаб қилса-да, ҳукумат миқёсида бунга имкон қилиш мумкинлигини қайд этди.

5 кунликка ўтилсин, лекин маош камайиб, иш юкламаси ошмасин

Президент мактаби ўқитувчиси Зулфия Рашидова ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ҳафтада 2 кун дам олишини қўллаб-қувватлашини, бу аввало тенгликни таъминлашини билдирди.

Чунки айни пайтда кўплаб хусусий мактабларда 5 кунлик таълим тизимига ўтилган ва айрим мактабларнинг 6 кун, айримларининг 5 кун ўқиши ёки олий таълимда ҳам айрим университетларнинг 5 ёки 6 кун ўқишини қайсидир маънода тенгликка путур етказилган деб ҳисоблайман. Яъни менинг назаримда ҳамма 5 кун ўқигани яхши.

Биринчидан, ўқувчи томонидан олиб қарайдиган бўлсак, айтайлик, ҳафтада 6 кун эрталаб ўқийдиган бўлса, 8:00 да дарс бошланадиган бўлса, 7:00 да туриб 8:00 га етиб бориш ёки бўлмаса, шундай ўқувчилар борки, шаҳарнинг бир четидан иккинчи четига боради ва бир неча соатлаб вақтини тирбандликда ўтказади. Ана шундай вазиятда у ўқувчилар янаям эртароқ туриши керак. Менинг назаримда, ўқувчига ҳафтада 6 кун тонг саҳар туриб, мактабга бориш деган босим, хавотир оғирлик қилади”, – дейди у.

Рашидовага кўра, ўқитувчилар қўшимча дам кунида кутубхона, театр, китоб кўргазмасига бориши мумкин, бу эса уларнинг шахсий ривожланишида жуда муҳим.

Шундай бир пайтлар ҳам бўладики, ўқитувчилардан охирги вақтларда қайси китобни ўқидингиз деб сўрасангиз, сизга “Ўткан кунлар”, “Дунёнинг ишлари”ни айтишади, ваҳоланки, сиз буни болалигингизда аллақачон ўқиб қўйгансиз. Янги чиқаётган асарлардан, таржима қилинаётган, оммалашаётган, муҳокамаларга сабаб бўлаётган жуда кўп асарлардан ўқитувчиларнинг хабарлари йўқ, масалан, мен таниган адабиётшунос, филологларнинг. Чунки уларнинг вақти йўқ.

Агар у ҳар куни мактабда бўлиб, бир кунгина, якшанба дам оладиган бўлса, шу якшанбани ҳам ўзбек аёллари одатда уй тозалаш билан ўтказади, шу нарсага вақт сарфлаб, бола-чақаси, ўзига, мутахассис сифатида ривожланишига вақт ажратиши қийин. Ана шунақа бироз тин олиши учун ҳам бир орқага қараб, мутахассис сифатида баҳо бериши учун ҳам ўқитувчига яна бир қўшимча кун керак. Мен қўшқўллаб ўқитувчилар 5 кунлик иш тизимига ўтиши керак деган фикрга қўшиламан”, – деди педагог.

Албатта, 5 кунлик тизимнинг ижобий таъсирларини инкор қилмаган ҳолда бир қанча хавотирлар пайдо бўлаётгани ҳақида ҳам айтиш лозим. Рашидова ташаббус ҳамкасблари орасида маош камайиши, иш юкламаси ошиши билан боғлиқ қўрқувларни пайдо қилаётганини таъкидлади. У бундай бўлиши керакмас деб ҳисоблайди.

Масалан, бир пайтлар ўқитувчининг ҳафталик дарс юкламаси 16 соат эди, 16 соат 1 ставкага юрар эди. Айни пайтда 20 соат 1 ставкага юради, ана шу нарса 20 соат 1 ставкага юрадиган бўлса, 5 кунга бу сиғадими, бу дарс жадвалида қандай акс этади? Ва ставкани яна қайта 16 соатлига қайтариш мумкинми? Шу маънода ўқитувчининг ойлигига дахл қилмайдими, агар дахл қилмаса, улар [ўқитувчилар] ҳам 5 кунликка ўтишга рози.

Уларни шу нарса қўрқитяптики, 5 кунликка ўтиб қолишимиз ойлигимиз камайишига, иш юкламамиз баттар кўпайишига, кўпроқ стресс, босимга олиб келмайдими деб ўйлашяпти. Ҳафтада 28-30 соатлаб дарс ўтадиган ўқитувчилар бор. Ва табиийки, бу юклама 5 кунлик иш юкламасига сиғмаслиги мумкин, яъни ўша одамга бу жуда ҳам кўп оғирлик қилиши мумкин. Бундай вазиятда биз нима қиламиз деган ҳолатлар ҳам бўлди.

Менга қолса, ўқитувчи ҳафтада 28 соат дарс ўтмагани маъқул. Чунки табиийки, у [ўқитувчи] жисмонан ярамайди, чарчаб қолади. Ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам билишади, душанба кунидаги куч-ғайрат билан ишга чиққан ўқитувчи билан шанбадагисининг ёки куннинг биринчи ярмидаги ўқитувчи билан иккинчи ярмидагисининг фарқи бор. Яъни сиз эрталаб кучга тўлганроқсиз, фаолроқсиз, дарсингизни қизиқарлироқ ўтасиз, 6-7-соатга бориб ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам чарчаб қолади. Сиз ҳафтасига 28-30 соатлаб юклама олган бўлсангиз, табиийки, дарсингизнинг сифати борган сари тушиб бораверади”, – деди Зулфия Рашидова.

Педагог соҳа ходимларининг маоши соат ҳисобига эмас, балки бошқа йўллар: устама, тоифаси, сертификати билан кўпайтирилиши тарафдори эканини айтди. “Камроқ соат, лекин кўпроқ маош олинадиган даражага чиқарилса, устозлар ҳафтасига кўп соат олишга, ўзини чарчатишга ҳаракат қилмайди”, – дейди у.

Мактаблар дефицити муаммоси вақтида ҳал қилинганда 5 кунликка ўтиб бўлган бўлардик

Хусусий мактаб ўқитувчиси, “Халқ таълими инфо” канали муаллифи Улуғбек Пўлатов 5 кун ишлаш таклифи 2019 йилда ҳам кун тартибида бўлганини, ўша вақтдаги Халқ таълими вазирлиги (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги) томонидан бу оқланмаганини эслади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бўларди, шу қўмита туризмни ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг бир қарор лойиҳасини ишлаб чиққан, шу қарор лойиҳаси билан ҳамма давлат ташкилотлари, мактабларни ҳам 5 кунлик тизимга ўтказмоқчи бўлишган. Ўша пайтда Халқ таълими вазирлиги кескин раддия, яъни муносабат билдириб чиққан: бунинг имкони йўқлигини, чуқур таҳлилларга асосланиш кераклигини айтган. Биринчи келтирган асоси: мактаблар етишмовчилиги.

Ҳақиқатан ҳам олиб қарайдиган бўлсак, мактаблар етишмайди. Мактаблар етишмай турган вақтда 5 кунлик тизимга ўтказиш каррасига яна ўқувчилар ўрни етишмовчилигини ошириб юбориши мумкин. Ўшанда ҳам Халқ таълими вазирлиги баёнотини ўқийдиган бўлсак, 2-3 сменада ўқувчи мактаблар борлиги айтилган. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига бир нечта саволларни кўндаланг қўйган эди. Ҳозир ҳисоблайдиган бўлсак, 2019 йил [дан бери] шу таклиф берилганига неча йил бўлди? Ундан олдин ҳам айтилган, лекин ўша вақтда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси даражасида кўтарилгани учун худди ҳозиргидек шов-шув бўлган, ҳамма интернет нашрлари ҳам бу ҳақда ёзиб чиққан, деярли 6-йил кетяпти, лекин биз ўша пайтда ҳаракатларни бошлаганимизда ҳозир ўтиб бўлган бўлардик”, – дейди у.

Фаолнинг эътибор қаратишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда 8 557 та мактаб бўлган. Ҳозирга келиб уларнинг сони 10 750 тани ташкил этади.

Ҳозир мактаблар қуришни кескин кўпайтириш керак, бу битта вазирликнинг қўлида эмас, буни парламентда кўриш керак. Депутатларимиз нима қилишяпти? Ҳукумат соати бўлаётганда кўп депутатларимиз “ММТВ давлат бюджетидан маблағ олиш бўйича 2-ўринда туради, шунча маблағ ажратилса ҳам мана шу аҳвол” деган нарсани айтишади, бу нотўғри. Шунча катта армия бўлганидан кейин шунақа катта пул ажратилади-да, лекин у ҳам оз аслида. Шунинг учун парламентда шу масала кўтарилиши керак, асосий кун тартибидаги масала мана шу бўлиши керак. Ўзи биз биринчи навбатда парламент даражасида “биз учун нима муҳим?” деган тўхтамга келиб олишимиз керак.

Депутатларимиз ўйлаб кўриши керак, буни парламент даражасида муҳокама қилишлари ва мактаблар қурилишини кескин кўпайтириш керак. Биринчи биз 2-3-сменаларни йўқотишимиз керак. Шундан кейин биз 5 кунлик ҳақида гапирсак бўлади. Яъни [5 кунликка] ўтишимиз керак, лекин ҳозирги аҳволимизда ўтолмаймиз”, – деди соҳа вакили.

5 кунликка қандай ўтамиз?

Яна бир таълим мутахассиси, ўқитувчи Шокир Турсун 5 кунлик тизимни ёқлаб, унга қандай ўтиш мумкинлиги ҳақида ўз телеграм каналида ёзган. Экспертга кўра, бунда ҳукумат олдида икки йўл бор, яъни шанба кунлик дарс соатларини қолган кунларга сочиб юбориш ва ўқувчилар юкламасини камайтириш орқали бир кунга қисқартириш.

Шокир Турсун биринчи йўлни энг ёмони деб баҳолаган. Унинг айтишича, бундай қилинса, ҳозир кунига ўртача 6–7 соат ўқиётганлар қайсидир куни 9 соат ўқиши керак бўлиб қолиши мумкин. “Шундоқ ҳам самараси паст бўлган таълим янада чўкади. Бундан ташқари, 2 сменада ўқиётган мактабларда катта муаммолар бошланади. 3 сменали мактаблар эса парокандаликка юз тутади”,– дейди у. Мутахассис иккинчи йўлни анча самарали экани ва у шунинг тарафдорилигини айтмоқда.

Айрим фанларнинг умумий соатларини қисқартириш эвазига бир кун бўшатилади. Бу йўналишда икки хил усули баробар қўлланиши керак:

а) айрим фанларни факултатив шаклга ўтказиш (мусиқа, тасвирий санъат, технология каби)

б) дарс соатларини қисқартириш, масалан, ҳафтасига 4 соат бўлган фанни ўқув дастурини оптималлаштириш эвазига 3 соатга тушириш.

Юқоридагилар сабаб ўқитувчилар мени ёмон кўришга шошилмасин. Тан олайлик, мактабларимизда ўқув юкламалари кўп, кераксиз мавзулар ҳам топилади. Ана шуларни оптималлаштириш эвазига шанбадан воз кечиш мумкин. Аммо ҳукумат ғирром ўйнамаслиги лозим. Ўқувчилар юкламаси камийиши ўқитувчиларнинг иш ҳақини камайтирмаслиги лозим”,– дейди Турсун.

Kun.uz айни мавзуда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳам фикрини билишга уриниб, мактаблар етишмовчилиги борасида қандай истиқболли режалар кўзда тутилаётганини билиш мақсадида сўров жўнатганди. Аммо расмийлар бу сўровимизни эътиборсиз қолдиришди. Шундай экан, мактабларни 5 кунлик ўқиш ва ишлаш режимига оид петициянинг тақдири нима бўлади, тизимдаги мавжуд дефцит муаммоси қандай ҳал қилинади, бундаги картина мавҳумлигича қолди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид