Иқтисодиёт | 20:36 / 15.04.2025
3818
5 дақиқада ўқилади

Гўшт нархи ошиши: қўшни мамлакатларда вазият қандай?

Kun.uz ўрганишларига кўра, сўнгги ойларда гўшт нархининг ошиши нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни республикаларда ҳам кузатиляпти. Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири нархлар ўсишини Тожикистон ва Ўзбекистонда талабнинг ортиши билан боғлаган, Қозоғистон гўшт уюшмаси раҳбари эса буни рад этган: унга кўра, ҳозирги нархлар – 2019 йилда чорва экспорти тақиқланганининг оқибати.

Kun.uz феврал ойининг охирларидан бошлаб Ўзбекистонда гўшт нархи кескин равишда оша бошлагани ҳақида мақола эълон қилганди. Хусусан, Миллий статистика қўмитасига кўра, биргина март ойида қўй гўшти 9,1 фоизга, мол гўшти 8,8 фоизга қимматлаган.

Мазкур тенденция нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни республикаларда ҳам кузатиляпти.

Қозоғистон

Мол гўшти нархининг ўзгариши Қозоғистонда ҳам кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлиб турибди. Қўшни республикада нархлар йил бошидан бери 5,6 фоизга ошган.

Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров нархлар ўсишини қўшни давлатлар – Тожикистон ва Ўзбекистонда талабнинг ортиши билан изоҳлаган.

Қозоғистон гўшт уюшмаси бош директори Мақсут Бактибоев вазирнинг гапларига қўшилмайди. Унинг фикрича, нархларнинг ошишига ички таклифнинг қисқариб кетгани асосий сабаб бўлган.

"Ўзбекистон ва Тожикистонга чорва моллари ва гўшт экспортининг таъсири ҳақидаги тезислар ўз тасдиғини топмади. Нарх ошишининг асосий сабаби таклифнинг қисқариши, яъни мамлакатда қорамоллар сонининг камайганидир", дейди Бактибоев.

Унинг сўзларига кўра, вазият 2019 йилда чорва молларини экспорт қилиш тақиқланганидан кейин ёмонлашган. Натижада қисқа вақт ичида мол гўштининг нархи деярли икки баравар қимматлашган.

“Бирдан Ўзбекистонга экспорт қилувчилар бозорни тарк этишди, чунки тўсиқ жорий қилинди. Фақат гўштни қайта ишлаш корхоналари ва шаҳарларни таъминловчи ички воситачилар қолди. Бизда 8 млн бош қорамол бор эди, ички бозор кичик бўлган шароитда демпинг бошланади. Гўштни 1500-1600 тенгедан сотиб олишди. Бу таннархдан 20 фоиз паст. Ҳолат 4-5 йил давом этди. Чорвачилик билан шуғулланиш фойдасиз бўлиб қолгани учун қисқа вақт ичида 2 миллион бош қорамол сўйиб юборилди.

Ҳозир бизда чорва кам, гўшт етишмаса харидорлар фермер хўжаликларига, боқиш майдончаларига боради, гўштнинг улгуржи нархи 3000 тенге. Чакана нархлар 4000 тенгега етади. Улар Беларусдан гўштни 2800 тенгедан олиб келишни бошлади”, деди у.

Мавжуд вазиятдан чиқиш учун Мақсут Бактибоев “бир кунда жорий қилинадиган ҳар қандай чекловларни қонун билан тақиқлаш” ва “фермерларга компенсация тўлашнинг қатъий механизмини белгилаш”ни таклиф қилди. Шунингдек, у Ўзбекистонга ҳеч қандай тақиқ ва квоталарсиз экспорт қилишга рухсат бериладиган миқдорни белгилашни сўради.

Умумлаштириб айтганда, экспорт чекловлари фермерлар даромадларининг камайишига ва чорвачиликка сармояларнинг қисқаришига олиб келган. Оқибатда чорва моллари сонининг қисқариши юз берган.

Айни пайтда Қозоғистоннинг марказий шаҳарларида гўшт ўртача 3500-4000 тенге (88-100 минг сўм) оралиғида сотиляпти.

Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон

Қирғизистонликлар ҳам гўшт нархининг даромадларга нисбатан юқорилигини таъкидлаб келишади. Хусусан, ўтган йилнинг октябр ойида мамлакатда гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ ҳам жорий этилди. Нархнинг кескин кўтарилиши ушбу маҳсулотнинг Ўзбекистонга экспорти ортиши билан боғланганди. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, бугунги кунда Бишкекда 1 кг гўштнинг баҳоси 677 сомни (100 минг сўм), Баткенда эса 650 сомни (96 минг сўм) ташкил этади.

Туркманистондаги нарх-наво ҳақида аниқ маълумот олиш қийин. “Хроника Туркменистана” нашрининг март ойида ёзишича, мамлакатда 1 кг гўштнинг нархи 70-75 манатгача (258-277 минг сўм) қимматлашган.

Тожикистонда ҳам нархлар кўтарилган. Март ойи бошидаги рақамларга кўра, Душанбеда импорт мол гўштнинг бир килограмми 75 сомонийдан (90 минг сўм), маҳаллий суякли мол гўшти 90 сомонийдан (107 минг сўм), лаҳм гўшт эса 145 сомонийдан (173 минг сўм) сотиляпти. Asia-Plus’нинг қайд этишича, нархлар ошиб бораётган бир шароитда импорт қилинадиган маҳсулотлар харидорлар учун муқобилга айланиб боряпти. Айниқса Қозоғистонда ҳам нархларнинг қимматлашгани фонида Беларус гўштига талаб ортган.

Глобал миқёсда ҳам нархлар ошган

Гўшт нархининг ошиши глобал бозорларда ҳам кузатиляпти. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (FАО) мол гўшти нархлари индекси март ойида 132 пунктдан ошган. Бу – охирги 33 ойдаги энг баланд кўрсаткич.

Numbeo таҳлилий портали маълумотларига кўра, 1 кг мол гўштининг ўртача нархи постсовет мамлакатларида қуйидагича:

  • Арманистон – 11,84 доллар;
  • Озарбойжон – 9,88 доллар;
  • Россия – 9,59 доллар;
  • Грузия – 9,45 доллар;
  • Молдова – 8,47 доллар;
  • Ўзбекистон – 8,17 доллар;
  • Қирғизистон – 7,69 доллар;
  • Тожикистон – 7,56 доллар;
  • Қозоғистон – 7,17 доллар;
  • Беларус – 6,95 доллар;
  • Украина – 6,62 доллар.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz мақоласида Ўзбекистонда гўшт нархи кўтарилишига олиб келаётган омиллар санаб ўтилганди.

Мавзуга оид