Ўзбекистон | 12:07 / 15.04.2025
3525
9 дақиқада ўқилади

Ичимлик суви ва канализация: рақамлар яхшиланяпти, лекин улар қанчалик ҳаққоний?

Ўзбекистонда аҳолини ичимлик суви ва канализация билан таъминлаш учун жами 3,26 млрд доллар ташқи қарз олинган. Натижада вазият яхшиланяпти, лекин ўтказилган ўрганишлар расмий рақамларни савол остига қўймоқда. Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Delivery Unit лойиҳа офиси бу йўналишдаги мавжуд ҳолат, тизимли муаммолар ва ечимлар бўйича таклифларни маълум қилди.

Фото: Shutterstock

2025 йил бошига келиб, Ўзбекистонда аҳолининг 80 фоиз қисми марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Таққослаш учун, 2017 йил 1 январ ҳолатига бу кўрсаткич 64 фоиз эди.

Ҳудудлар кесимида энг юқори қамров даражаси Тошкент шаҳри (98,2%), Андижон (91,9%) ва Хоразм (91,6%) вилоятларида кузатилган. Энг паст кўрсаткичлар эса Қашқадарё (61%) ва Сурхондарё (65,3%) вилоятларида. Бу эса жанубий ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ҳали ҳам ҳал этилмаган муҳим муаммо эканини кўрсатади. (Бу рақамлар манбаси – “Ўзсувтаъминот” АЖ)

Яна бир муҳим жиҳат: расмий ва ҳақиқий қамров ўртасидаги фарқ. Масалан, расмий маълумотларга кўра, Янгийўл туманида аҳолининг 16 фоиз қисми марказий ичимлик суви таъминотига эга эмас. Бироқ, 2023 йилда ўтказилган "Мапатон" тадбири хонадонлар кесимида бу кўрсаткич 24 фоиз эканини аниқлаган.

Бу эса қамровни аҳоли сонига нисбатан ҳисоблаш ноаниқ натижалар бериши ва реал эҳтиёжлар нотўғри баҳоланиши мумкинлигини англатади. Ҳаққоний манзарани акс эттириш учун қамров хонадонлар кесимида ҳисобланиши лозим.

Шу билан бирга, аҳоли мавжуд тармоқларда сув сифатини паст деб баҳолагани сабабли уларга уланишдан бош тортаётгани ҳам катта муаммо. Бу эса инфратузилма ривожланишига сарфланаётган маблағларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Канализация билан қамров ҳолати ичимлик сувига қараганда анча ёмон. Бугунги кунда аҳолининг атиги 20,5 фоиз (7,6 млн киши) канализация хизматларидан фойдаланмоқда. 2017 йилда бу кўрсаткич 15 фоиз эди.

Энг юқори қамров даражалари: Тошкент шаҳри – 93,6%, Навоий – 25,8%, Тошкент – 22,5% ва Самарқанд – 22,1% вилоятларида кузатилган. Энг паст қамров даражалари: Қорақалпоғистон – 5,4% Сурхондарё – 6,3%, Андижон, Наманган, Қашқадарё – 8,4% вилоятларига тўғри келади.

Бундан ташқари, мавжуд канализация тармоқлари ҳам жуда эскирган. Масалан: Хоразмда – 65,6%, Қашқадарёда – 46,7%, Қорақалпоғистонда – 45,2% тармоқлар капитал таъмирга муҳтож. (Рақамлар манбаси – “Ўзсувтаъминот” АЖ)

Ичимлик суви ва канализацияга инвестициялар: кенг кўламли ривожланиш ёки қарз юкининг ортиши?

Ичимлик суви ва канализация соҳасини ривожлантириш мақсадида “Ўзсувтаъминот” АЖ давлат кафолати остида халқаро молия институтлари (ХМИ) ва хорижий ҳукумат ташкилотларидан жами 3,26 млрд АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари жалб қилган. Бу маблағлар 38 та лойиҳани амалга ошириш учун йўналтирилган.

Ҳозирги кунда 2,54 млрд долларлик 24 та лойиҳа фаол босқичда амалга оширилмоқда. Кредит маблағлари 10 та халқаро молия институти томонидан тақдим этилган бўлиб, улар қуйидагича тақсимланган:

ХМИ иштирокидаги энг йирик лойиҳалар Бухоро вилоятида амалга оширилмоқда – 633,5 млн доллар. Бироқ, Андижон ва Фарғона вилоятларида халқаро молия институтлари иштирокида ҳеч қандай лойиҳа мавжуд эмас.

Ички инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун давлат кафолати остида кредит маблағларини жалб қилиш ривожланаётган мамлакатлар учун табиий ҳолат ҳисобланади. Бироқ, бундай маблағларнинг самарали ва оқилона ишлатилиши талаб этилади. Агар лойиҳалар самарасиз бажарилса, давлат бюджетидан қарзларни тўлаш учун қўшимча маблағ ажратилишига тўғри келади, бу эса бошқа ижтимоий соҳаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бюджет маблағлари: йирик инвестициялар ва келажак режалари

Кредит маблағларидан ташқари, давлат бюджети ҳисобидан ҳам катта маблағлар ажратилади. 2024 йилда ичимлик суви ва канализация инфратузилмасини ривожлантириш учун республика бюджетидан 1,6 трлн сўм ажратилган. Шу жумладан:

  • 918 млрд сўм – 76 та лойиҳа Инвестиция дастури доирасида,
  • 327 млрд сўм – 102 та лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси раёсатлари баёни асосида аҳоли пунктларида,
  • 171 млрд сўм – 34 та лойиҳа "Янги Ўзбекистон" массивларида.

Шунингдек, 2025–2027 йиллар Инвестиция дастурига мувофиқ, шу уч йил давомида ичимлик суви ва канализация тизимини ривожлантириш учун 4,384 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган. Шу жумладан:

  • 3360 км муҳандислик тармоқлари,
  • 215 та янги объект қурилади.

Лойиҳаларнинг молиялаштирилиши йиллар кесимида тақсимланган, тармоқлар ва объектларнинг параметрлари вилоятлар бўйича кўрсатилган. Аммо аниқ манзилли рўйхат ҳали шакллантирилмаган.

Ўзбекистонда ичимлик суви ва канализация лойиҳаларини ким бошқариши керак: давлатми ёки ХМИлар?

Ўзбекистонда ичимлик суви ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар кўпинча халқаро молиявий институтлар (ХМИ) ташаббуси билан амалга оширилади. Аслида эса, давлатнинг мазкур соҳада ўз тасдиқланган стратегияси бўлиши, унга асосан лойиҳаларни мустақил ташаббус асосида шакллантириши ва мувофиқлаштириши зарур эмасми?

Ҳозирда соҳа 10 га яқин турли ХМИлар томонидан молиялаштирилмоқда, бу эса лойиҳаларни мувофиқлаштиришда муаммоларни келтириб чиқаради. Ташаббусларнинг такрорланиши ва ҳудудларнинг номутаносиб ривожланишига сабаб бўлиб, молиялаштиришдаги тартибсизликлар соҳа самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Оддийроқ ва самаралироқ йўналиш сифатида, сув таъминоти ва канализация соҳасида кредит жалб қилишни бир ёки иккита асосий ХМИга (масалан, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки) бириктириш афзалроқ бўлиши мумкин.

Ҳудудий лойиҳалардаги муаммолар

2023 йилда Янгийўл туманида ўтказилган мапатон натижалари лойиҳалашдаги муҳим камчиликларни очиб берди. Лойиҳаларда маҳалла ичидаги кўчалар мустақил маҳалла сифатида кўрсатилгани натижасида, кўзланган натижаларнинг паст бўлиш эҳтимоли ошган. Бундан ташқари, кредит шартномалари имзолангандан сўнг, маҳаллаларнинг чегаралари ва номлари ўзгаргани лойиҳаларни амалга оширишда қийинчиликларга сабаб бўлди.

Кўпинча, ХМИлар лойиҳаларни тайёрлашда маҳаллий аҳоли билан фақат дастлабки босқичда маслаҳатлашувлар ўтказади. Бироқ, бу мулоқотлар асосан кўчириш режаларини мониторинг қилиш ва экологик жиҳатлар билан чекланиб, лойиҳаларнинг амалий самарадорлигига кам эътибор қаратилади. Шунингдек, барча молиялаштириш манбалари бўйича ягона ҳисоби юритилмаётгани мониторинг ва назоратни мураккаблаштирмоқда.

Лойиҳаларни мувофиқлаштириш масаласи

Масалан, "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси, маҳаллий бюджет маблағлари ёки ХМИлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари мувофиқлаштирилмагани сабабли, аввал автомобил йўллари таъмирланиб, кейин уларни қайтадан қазиш зарурати пайдо бўлмоқда. Бу нафақат ортиқча харажатларга, балки аҳолининг кундалик ҳаётида қўшимча ноқулайликларга олиб келади.

Давлат дастурлари доирасида қурилган объектлар топширилганда ҳам, ичимлик суви таъминоти бўйича жиддий қоидабузарликлар аниқланмоқда. Масалан, қувур ётқизиш технологияларига амал қилинмаслиги ёки сув тозалаш иншоотларининг йўқлиги каби муаммолар учраб турибди. Шу сабабли, “Ўзсувтаъминот” АЖ бундай объектларни ўз балансига қабул қилмайди, натижада ичимлик суви тизимлари тегишли хизмат кўрсатишсиз қолиб, ифлосланиш ёки бутунлай ишдан чиқиш хавфи юзага келади.

Нима қилиш керак?

Аввало, давлат томонидан ичимлик суви ва канализация тизимини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш зарур. Бунда лойиҳалар ягона тизимда шакллантирилиши ва тасдиқланиши, шундан кейингина молиялаштириш манбалари (республика бюджети, маҳаллий бюджет, кредитлар ёки грантлар) аниқланиши керак. Бу тизим нафақат лойиҳаларни шакллантириш, балки мониторинг ва баҳолашни ҳам ўз ичига олиши лозим.

PIMIS тизими: самарали молиялаштириш воситаси

Бундай ягона тизим халқаро амалиётда PIMIS (Public Investment Management Information System – Давлат инвестиция бошқаруви ахборот тизими) деб аталади. У қуйидаги жараёнларни қамраб олади:

  • Лойиҳа таклифларини тақдим этиш ва кўриб чиқиш;
  • Лойиҳаларни тасдиқлаш ва амалга ошириш;
  • Мониторинг ва баҳолаш.

PIMIS тизими давлат маблағларини шаффоф ва самарали бошқариш имконини беради. Бундай тизим Кения ва Озарбойжонда муваффақиятли жорий этилган.

Лойиҳаларни шаффоф ва ҳисобдор қилиш

Ичимлик суви таъминоти лойиҳаларининг шаффофлигини таъминлаш учун маҳаллий ҳокимликлар веб-сайтларида ҳудудда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа ҳақидаги маълумотлар (молиялаштириш манбалари, амалга ошириш муддатлари, пудратчилар ва техник схемалар) эълон қилиниши лозим. Шунингдек:

  • ҳар бир қурилиш объектида аҳоли учун очиқ бўлган иш режалари ва муддатлари кўрсатилган ахборот стендлари ўрнатилиши;
  • фойдаланувчилар учун фикр-мулоҳаза қолдириш ва долзарб саволлар билан мурожаат қилиш имконияти яратилиши;
  • оммавий ахборот воситалари орқали ҳар чоракда ҳисоботлар эълон қилиниши керак.

Бундан ташқари, маҳаллий аҳолини қурилиш ишларининг сифатини жамоатчилик томонидан назорат қилишга жалб этиш мақсадида, улар учун махсус йўриқномалар ишлаб чиқиш, қурилиш объектларига мунтазам ташриф буюриш, иш жараёнини назорат қилиш ва аниқланган камчиликлар ҳақида мурожаатлар юбориш имкониятини яратиш мақсадга мувофиқ.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги
Delivery Unit лойиҳа офиси

Мавзуга оид