Иқтисодиёт | 09:51 / 15.04.2025
2647
2 дақиқада ўқилади

Иркутскда Ўзбекистон маҳсулотларини тарқатиш мажмуаси қурилиши мумкин

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Илҳом Собиров бошчилигидаги делегация Россиянинг Иркутск вилоятида бўлди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг Иркутск вилояти губернатори биринчи ўринбосари Роман Колесов билан учрашувида Андижон ва Иркутск вилоятлари ўртасидаги барча соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари муҳокама қилинди.

Роман Колесов Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар муваффақиятли ривожланиб бораётганини, бунда ҳудудлараро шериклик натижалари муҳим эканини таъкидлади.

"Иркутск вилояти учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ҳудудимизнинг асосий ташқи савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2024 йилда ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар натижасида қурилиш материаллари етказиб бериш, туризм хизматлари кўрсатиш ва компьютер дастурларини ишлаб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича бешта экспорт шартномаси тузилди", деди у.

Музокаралар чоғида томонлар 2024 йилда амалга оширилган бир неча ўзаро ташрифлар чоғида дастлабки келишувларга эришилган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, Иркутск вилоятида Ўзбекистон маҳсулотларини тарқатиш мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга ошириш имконияти масаласи кўриб чиқилмоқда.

Иркутскдаги глюкометрлар учун тест-чизмалари ишлаб чиқарувчи "Медтехсервис" компанияси ишлаб чиқаришини Ўзбекистон ҳудудида маҳаллийлаштириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек, учрашув давомида апрел ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган "Иннопром" халқаро саноат кўргазмаси доирасида имзоланиши режалаштирилган Иркутск вилояти ҳукумати ва Андижон вилояти ҳокимлиги ўртасидаги келишув тафсилотлари ва уни амалга ошириш режаси муҳокама қилинди. Таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон вакиллари сафар давомида қандли диабетга қарши тест-чизмаларини ишлаб чиқариш бўйича Россиядаги биринчи тўлиқ циклли корхона ҳисобланган "Медтехсервис" МЧЖ фаолияти билан танишди.

Мавзуга оид