Жаҳон | 16:09 / 15.04.2025
9163
10 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Роғун ГЭСини қайта текширмоқчи. Бунга экспертлар фикри қандай?

Жаҳон банки Тожикистоннинг Роғун ГЭС лойиҳалари қайта текширилиши ҳақида маълум қилди. Бунга ўзбек ва туркман фуқароларининг қўшма шикояти сабаб қилиб кўрсатилган.  Ташаббусни АҚШ молиялаштирадиган нодавлат ташкилот “Чегарасиз дарёлар” қўлламоқда. Ташкилот вакиллари Жаҳон банкидан ГЭСнинг экологик хавфларини қайта баҳолашни жиддий сўраган. Тожикистонлик эксперт эса буни Марказий Осиё бирлигига яна нифоқ солишга уриниш дея атади.

Роғун ГЭСи бугун Тожикистон учун стратегик аҳамиятга эга, унинг қайта текширилиши, қурилиш тўхташи ёки молиялашувнинг узилишидан расмий Душанбе манфаатдор эмас. ГЭС тўғон типида қурилмоқда ва қурилиши тугаллангач Роғун дунёдаги энг баланд тўғонга айланади. ГЭС қуриладиган ҳудуд юқори сейсмик, кўчки ва сел оқимлари зонасида жойлашгани, тўғон пойдевори остида тектоник ёриғи борлиги сабаб хавфсизлик нуқтайи назаридан танқид қилиб келинади.

Қурилиш бугунгача бир неча маротаба тўхтатилиб, яна давом эттирилган. Масалан, 2010 йилда ГЭС қуриш учун аҳолидан пул йиғиш катта норозилик кайфиятини келтириб чиқарган ва қурилиш маълум муддатга тўхтатилган. Сўнгра Тожикистон Жаҳон банки молиявий ёрдами эвазига ГЭС қурилишини давом эттиришга қарор қилади. Бироқ 2015 йилнинг август ойида Ўзбекистон ҳукумати экспертларнинг фикрини номақбул деб топиб, бу ГЭС қурилишига рози эмаслигини эълон қилади. Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти даврида Тожикистон билан алоқаларнинг совуқлашиши ва икки давлат раҳбарларининг бир-биридан юз ўгириши сабаблари рўйхатида Роғун ГЭСи масаласи ҳам бўлган.

2016 йилда президент Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистон алоқалар аста-секин мутлақ нормаллаша бошлади. Бугунги маъмурият Роғун ГЭСи қурилишига қарши кайфиятда эмас дея оламиз.

ГЭСни қайта текшириш шикоятида келишича, Роғуннинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавфлари “катта” ҳамда “қайтарилмас” бўлиши мумкин. Даъвогарлар манфаатларини “Чегара билмас дарёлар” коалицияси ҳимоя қилмоқда. Бу текширув ГЭС лойиҳаси Жаҳон банкининг ижтимоий ва экологик стандартларига қанчалик мос келишини аниқлаб беради.

Аҳоли шикоятига кўра, Жаҳон банки Роғун ГЭСни қуришга пул ажратиш қарорини нотўғри баҳолаш асосида қабул қилган. Молиявий ташкилот эски ва тўлиқ бўлмаган маълумотларга таянган, лойиҳа Амударё ҳавзасидаги табиат ва одамлар ҳаётига қандай хавф туғдиришини етарлича кўрсатмайди, дейилади нодавлат нотижорат ташкилоти хабарида.

Сўровда Роғун ГЭСи қурилиши оқибатида Амударёга сув оқими 25 фоизгача камайиши ва бу ҳолат минтақада экологик фалокатга олиб келиши мумкинлиги қўшимча қилинган. Бундай ўзгаришлар чўлланиш ва шўрланишни кучайтириб, Ўзбекистон ва Туркманистондаги 8-10 миллион аҳолининг саломатлиги ва фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади.

“Роғун ГЭС лойиҳаси ўзининг ҳозирги тугалланмаган кўринишида Марказий Осиёдаги миллионлаб одамларнинг экологик барқарорлиги ва фаровонлиги учун улкан таҳдид ҳисобланади. Сўровнинг Инспекция кенгаши томонидан рўйхатга олиниши бизнинг хавотирларимиз жиддийлигини тасдиқловчи муҳим қадамдир.

Жаҳон банки етакчи халқаро молия институти сифатида ўзининг ижтимоий-экологик стандартларини эътиборсиз қолдира олмайди ва лойиҳани молиялаштиришни давом эттиришдан олдин барча хавф-хатарларни ҳар томонлама ва холисона баҳолашни таъминлаши шарт” – Евгений Симонов, “Чегара билмас дарёлар” экологик коалициясининг халқаро мувофиқлаштирувчиси

Экологлар ҳам қуйидаги масалалардан хавотир билдирмоқда: Роғун ГЭС лойиҳаси бўйича Ўзбекистон ва Туркманистондаги аҳолининг фикри инобатга олинмаган, лойиҳа ҳақида тўлиқ маълумот, жумладан, фавқулодда вазиятларда амалга ошириладиган режалар эълон қилинмаган. Бундан ташқари, ҳужжатлар маҳаллий тилларда — ўзбек, қорақалпоқ ва туркман тилларида тақдим этилмаган.

Шикоят қилганлар таъқибдан чўчиб, ўз шахсини яширишни сўраган. Бу минтақада аҳоли фикрини эшитиш механизмлари суст ишлаётганини кўрсатади, дейди нодавлат ташкилот вакиллари.

Ўзбекистоннинг ҳозирги маъмурияти ўзаро алоқаларда ГЭС қурилишини муаммо қилмайди. Айниқса, президент Мирзиёевнинг яхши қўшничилик сиёсати доирасида Тожикистон Ўзбекистон учун иттифоқчи даражасидаги ҳамкорга айланган. Мирзиёев президентликка келаркан, Тожикистонга давлат ташрифи билан бориб, аввалги қарашлар унут бўлгани ва энди расмий Тошкент қўшнилари билан фақат илиқ муносабатлар тарафдори эканини эълон қилган. Имомали Раҳмон ҳам Ўзбекистонга сафар қиларкан, бу дўстлик янада мустаҳкамланган.

Тожикистон президенти ГЭСнинг агрегатлари очилишида шахсан қатнашади, ГЭС қурилиши бўйича музокараларида эса тез-тез унинг ўғли Рустам Имомалига кўзимиз тушади. ГЭСни қуриш худди Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун тиш-тирноғи билан қилаётган ҳаракатларига ўхшайди.

ГЭСнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавфлари жиддийлигини бот-бот такрорлаётган “Чегара билмас дарёлар” коалицияси ўзи қандай ташкилот деган савол ўринли.

Интернетдаги маълумотларга кўра, бу нодавлат-нотижорат ташкилот АҚШ ва Канадага тегишли. АҚШ молиялайди, лойиҳа эса Канаданики. Уларнинг миссияси соғлом атроф-муҳит, биологик хилма-хиллик ва иқлим учун хавфлар ўта кучайган бир даврда фавқулодда экологик қадриятларни тарғиб қилишдан иборат. 1999 йилда тузилган нодавлат ташкилот 2007 йилда ҳозирги номини олган ва АҚШнинг турли штатларида ўз офисларига эга, Британияда ҳам жамоа ишлайди.

Ташкилотга кўра, Амударё қуйи оқимидаги аҳоли ўнлаб йиллар давомида сувдан нотўғри фойдаланиш ҳисобига Орол денгизи қуриб боришидан азият чекмоқда. Роғун ГЭС бу ҳолатни яна ҳам ёмонлаштириб, муҳим экотизимларнинг бутунлай емирилишига ва одамлар турмуш шароитининг ёмонлашувига олиб келиши мумкин. 

“Ҳаёти дарёнинг ҳолатига бевосита боғлиқ бўлган Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолиси билан тўлақонли мулоқотнинг йўқлиги иштирок ва шаффофлик тамойилларининг жиддий бузилишидир. Биз баҳолаш ёндашувларини зудлик билан қайта кўриб чиқишни ва барча манфаатдор томонларнинг ҳақиқий иштирокини таъминлашни талаб қиламиз” – Манана Кочладзе, CEE Bankwatch вакили

Тожикистонлик сиёсатшунос, минтақавий масалалар бўйича узоқ йиллик эксперт Неъматулло Мирсаидовнинг фикрича, Роғун ГЭСни қайта текширтириш – ўйлаб топилган, сунъий ва провокацион масала. Бу ерда учинчи томоннинг аралашуви бор, дейди у.

“Ҳозирги вақтда Марказий Осиё давлатларининг алоқалари шу қадар яхшики, бирор аниқ муаммони кўрсата олмайсиз. Давлатлар раҳбарлари доимий кўришади, агар қанақадир саволлар туғилса, улар буни ўзаро ўша заҳотиёқ ҳал қила олади. Роғун ГЭСи атрофида эса яна ўша эски тарих, эски масала кўтариляпти – худдики лойиҳа экологик хавф деган. Нурек ГЭСи қурилиши ва 53 йил давомида унинг бенуқсон ишлаб келиши аллақачон бу борада тажриба етарлилигини исботлади. Ишлатилган платинага зилзила вақтида ҳеч нарса бўлмайди, у энг мустаҳками бўлиб чиқди, Бу текширув сунъий ўйлаб топилган мавзу, халқаро ташкилотлар орқали яна Марказий Осиё давлатлари орасига нифоқ солишмоқчи” - Неъматулло Мирсаидов, Марказий Осиё бўйича эксперт

2024 йилда фаол экологлар Роғун ГЭС лойиҳасини Жаҳон банкининг ижтимоий ва экологик стандартларига мос тарзда қайта ишлаб чиқишни, шунингдек, дунёдаги энг баланд тўғон қурилишига хавфсизроқ ва тежамлироқ алтернативларни кўриб чиқишни таклиф қилган эди. Бироқ маълум бўлишича, Жаҳон банки бу таклифларни кўриб чиқмаган.

“Тепада сув омборининг бўлиши, аксинча, пастда жойлашган давлатлар учун қутқарувчи аҳамиятга эга бўлади. Уларнинг иқтисодиётига бу лойиҳа асло зарар келтирмайди. Текширув эълон қилиниши – нафақат сунъий, балки провокацион характерга ҳам эга. Бу ерда мақсад аниқ – минтақа давлатлари орасида яна муаммо яратиш. Ваҳоланки, Тожикистон ва Ўзбекистон бугун биродар давлатларга айланди, халқларимиз ҳам бир-бирини севади, ҳукуматлар бир-бирини тушунади. Шундан келиб чиқиб, Роғун ГЭСи ҳар қандай вазиятда ҳам қурилиши керак, у Тожикистон қатори Ўзбекистонга ҳам хизмат қилади” - Неъматулло Мирсаидов, Марказий Осиё бўйича эксперт

“Чегара билмас дарёлар” коалицияси Жаҳон банки ва Роғун ГЭС қурилишида иштирок этаётган бошқа молиявий институтларни, сўровда кўтарилган барча масалаларни мустақил, шаффоф ва кенг қамровли тергов ўтказилгунга қадар, лойиҳани молиялаштиришни тўхтатишга чақирмоқда. Шунингдек, лойиҳа келтириши мумкин бўлган салбий таъсирларнинг олдини олиш ва юмшатиш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқилиши лозимлиги таъкидланяпти.

Эслатиб ўтамиз, ГЭС лойиҳасини қайта текшириш мавзуси Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистоннинг чегара бўйича мутлақ келишувга эришиши, минтақадаги азалий муаммолар тўла барҳам топаётган бир даврга тўғри келмоқда. Ўзбек ва туркманларнинг шикоят қилгани борасида эса маҳаллий матбуотда хабарларга дуч келмайсиз. Бундан ташқари, Роғун ГЭСининг борлиги ва қурилаётгани бугун республикалар аҳолисини ўйлантирадиган асосий мавзулар қаторида ҳам бўлмаса керак.

Мавзуга оид