Жаҳон | 21:36 / 15.04.2025
3413
2 дақиқада ўқилади

SCMP: Хитойда сунъий интеллект соҳасидаги бир нечта етакчи олимлар тўсатдан вафот этди

Ушбу ўлим ҳолатлари тадқиқотчиларнинг шахсий хавфсизлиги ва улар дуч келган стресс даражасига оид саволлар ҳамда хавотирларни келтириб чиқармоқда.

Фото: Getty images

Хитойда сўнгги йилларда сунъий интеллектни ривожлантириш соҳасидаги кўзга кўринган мутахассислар кутилмаганда вафот этмоқда, деб ёзади South China Morning Post.

Қайд этилишича, ушбу ўлим ҳолатлари тадқиқотчиларнинг шахсий хавфсизлиги ва улар дуч келган стресс даражасига оид саволлар ҳамда хавотирларни келтириб чиқарган. Таъкидланишича, сунъий интеллект Хитой ва АҚШ ўртасидаги технологик уруш марказида тургани боис, у янада долзарб ҳисобланади.

Газетанинг эслатишича, 2022 йил июнда Хитойнинг Megvii Technologies компанияси етакчи олими Сун Цзян вафот этган. Бутун дунёга таниқли Сун Цзян MIT Technology Review версияси бўйича энг яхши ёш олимлар рўйхатига киритилган эди. 45 ёшли мутахассиснинг ўлимига нима сабаб бўлгани очиқланмаган. Компания ўшанда олим «кутилмаган касаллик» оқибатида вафот этганини маълум қилганди.

Бир йилдан кейин сунъий интеллектдан ҳарбий соҳада фойдаланиш бўйича яна бир кўзга кўринган эксперт, Пекиндаги Мудофаа технологиялари миллий университети доценти Фэн Янхэ 38 ёшида вафот этгани маълум бўлди.

Шунингдек, ўша йилнинг ўзида кутилмаган касалликдан SenseTime йирик технологик компанияси асосчиси ва Ҳонгконгдаги Хитой университети профессори Тан Сяоу вафот этди — у 55 ёшда эди. Бир йилдан кейин инновацияларга ихтисослашган Yidu Techкомпанияси асосчиларидан бири ва бош директори Хэ Чжи 41 ёшида вафот этди.

Жорий йилда эса сунъий интеллект соҳасидаги эксперт ва Жанубий Хитой технологик университети ҳузуридаги Компьютер фанлари мактаби доценти Сюан Юйхуэй вафот этгани тўғрисида хабар берилди. Ушбу тадқиқотчининг ўлими ҳам нима сабабдан юз бергани очиқланмаган.

Мавзуга оид