Жаҳон | 13:55 / 17.04.2025
4665
9 дақиқада ўқилади

Инсонпарварлик ёрдамисиз қолган Ғазо, урушдан миллиардларни ишлаётган КХДР ва сулҳ имзолашга тайёр Арманистон — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил Ғазо ерларини бутунлай эгаллаб олмоқчи

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацга кўра, Ғазода эгалланган ерларни энди Исроил армияси тарк этмайди. Унинг баёнотига кўра, «ўнлаб фоиз» ҳудуд буфер зоналарига қўшиб олинган.

Кац бу ҳудудларда ҳарбийлар ҳар қандай вазиятда қолишини айтди. Бу вақтда 2 млн фаластинлик янада тор ҳудудларга сиқиб чиқарилмоқда. Жанубдаги Рафаҳ шаҳри ва Мораг коридори ҳам Исроил назоратига ўтган.

ҲАМАС буни «сиёсий тузоқ» деб атаб, урушни тўхтатишнинг шартлари сифатида тўлиқ чиқиш ва қамални бекор қилишни талаб қилмоқда.

Мухолифатдаги «Исраэл Бейтену» партияси раҳбари Авигдор Либерман мудофаа вазири Исраэл Кацнинг Ғазога ҳуманитар ёрдам ўтказилишини бошлаш ҳақидаги баёнотини «таслим бўлиш» деб атади.

Кацнинг баёнотини Исроил миллий хавфсизлик вазири, ультраўнг миллатчи Итамар Бен-Гвир ҳам танқид қилди ва буни «тарихий хатолик» деб атаб, «бунга тўсқинлик қилиш учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қиламан», дея баёнот берди.

Кучли танқидлардан сўнг Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац ўз сўзлари нотўғри талқин қилинганини билдирди.

«Мен ўз баёнотимда таъкидлаганимдек, Исроилнинг сиёсати аниқ — Ғазога ҳеч қандай ёрдам етказилмайди. Ҳозирги шароитда ёрдам юбориш ёки уни қабул қилиш режаси йўқ», — деди у.

Meta Исроил талабларини сўзсиз бажармоқда

2023 йил 7 октябридан буён Meta компанияси Исроил ҳукуматидан келган контентни ўчириш сўровларининг 94 фоизини бажарган, деб хабар қилмоқда Drop Site News.

Маълумотларга кўра, Facebook ва Instagram’даги постлар мазмунига қарамай, улар бир хил шаблон бўйича ўчирилган. Meta бу жараёнда одатдаги модерация эмас, сунъий интеллект орқали автоматик филтр қўллаган.

Исроил асосан араб ва мусулмон фойдаланувчиларга тегишли контентни ўчиртирган. Бу давлат контент ўчирилиши бўйича дунёда етакчига айланган.

Meta’нинг ички текширувлари Фаластинни қўллаб-қувватловчи постларда қоидабузарлик топмаган.

Фаластинлик фаоллар ва жамоалар йиллар давомида Meta’ни цензурада айблаб келади. Улар буни Исроил манфаатини ҳимоя қилиш ва геноцидни яшириш, деб баҳолайди.

Украина Сумига зарба учун интиқом олди

16 апрел куни эрталаб Украина дронлари Россиянинг Иваново областидаги Шуя шаҳрига ҳужум қилди. Расмий маълумотларга кўра, ҳужумда икки фуқаро енгил тан жароҳати олган. Россия Мудофаа вазирлиги еттита дрон уриб туширилганини маълум қилди.

Astra таҳлилига кўра, портлашлар Россия армиясининг 112-гвардия ракета бригадаси базасига жуда яқин содир бўлган — 200 метргача масофада. Бошқа портлаш ҳарбий шаҳарчадан 1 км узоқда қайд этилган. Россиялик расмийлар базага зарбани тасдиқламади.

Украина бу ҳужум ҳақида изоҳ бермаган. Аммо украин разведкаси раҳбари Кирилл Буданов аввалроқ 112-бригада Сумига ракета ҳужумида иштирок этганини айтганди. Шунингдек, 448-бригада жойлашган Курскка ҳам ҳужум қилинган.

13 апрелдаги Сумига зарбада 35 киши ҳалок бўлган, жумладан икки бола. Россия бу ҳужумда Украина ҳарбий қўмондонларини нишонга олганини айтмоқда.

КХДР уруш ортидан миллиардни ишламоқда

Жанубий Кореянинг Мудофаа тадқиқотлари институти маълумотига кўра, КХДР Украинадаги уруш сабаб Россияга қурол етказиб бериб, тахминан 20 миллиард доллар фойда кўрган. Энг катта даромад — 19,2 млрд доллар — ўқ-дори ва қуроллар сотувидан тушган.

Пёнгянг, шунингдек, технологиялар бериш орқали 630 млн доллар, Россияга юборилган 11 минг ҳарбий хизмати учун 280 млн доллар ишлаб олган. Бироқ бу пулларнинг маълум қисми Шимолий Корея давлат хазинасига тушмоқда.

Тадқиқотчилар КХДР Россияга денгиз орқали юборган 21 минг контейнер ҳақидаги маълумотга асосланган. Reuters маълумотига кўра, сўнгги ойларда Россияда ишлатилаётган ўқ-дориларнинг ярми КХДРдан келган.

Европа: Ғарб энди аввалгидай эмас

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Доналд Трамп сиёсати Ғарбнинг анъанавий моделини вайрон қилмоқда. Die Zeit нашрига берган интервюсида у: «Биз билган Ғарб энди йўқ», — дея қайд этди.

Фон дер Ляйенга кўра, АҚШ дунё савдосининг фақат 13 фоизини ташкил қилади. Шу сабабли Европа янги стратегик йўналишга эга бўлиши керак. Унинг сўзларига кўра, дунё «глобал беқарорлик» даврига кирган ва бу ҳолатда Европа ўз манфаатларини мустақил ҳимоя қилмоғи лозим.

У шунингдек, Трампнинг иқтисодий ва ташқи сиёсатдаги ноаниқ позицияси Европага бўлган қизиқишни оширганини қайд этди. «Бугун дунёнинг кўплаб етакчилари биз билан янги тартиб ўрнатишни хоҳлаяпти», — деди фон дер Ляйен.

Индонезия Россияга авиабаза ажратмайди

Индонезия Россия ҳарбий самолётлари учун авиабаза бериш нияти йўқлигини расман маълум қилди. Janes нашри Москва Папуа вилоятида ҳарбий база жойлаштиришни сўраганини ёзган, аммо мамлакат Мудофаа вазирлиги буни «нотўғри маълумот» деб рад этди.

Австралия ҳукуматини ушбу хабар жиддий ташвишга солди. Мудофаа вазири Ричард Марлснинг таъкидлашича, индонезиялик ҳамкасби «ҳеч қандай Россия самолёти Индонезияга жойлаштирилмайди», дея аниқ билдирув берган. Австралия бош вазири Жакартадан расмий изоҳ талаб қилинганини маълум қилди.

Папуа Австралиянинг Дарвин шаҳридан 1200 км узоқда жойлашган ва у ерда АҚШ ҳарбий қисми бор. Яна шунингдек, шимолдаги база ва аэродромлар ҳам АҚШ самолётларига мослаштирилмоқда. Janes хабари Россия бош вазири ўринбосари Денис Мантуровнинг Индонезия президенти билан учрашувидан кейин тарқалган. Аммо Жакарта бу масаладан хабардор эмаслигини билдирди.

АҚШ Хитойга божларни 245 фоизгача кўтармоқчи

АҚШ Хитойдан келадиган барча товарларга бож тўловини 245 фоизгача оширишни режалаштирмоқда. Бу борада Оқ уй баёноти эълон қилинди. Сабаб сифатида Хитойнинг иқтисодий таҳдиди ва хавфсизликка хатар келтириши кўрсатилмоқда.

Трамп маъмурияти нодир минераллар импорти бўйича суриштирув бошлади. Расмий Пекин АҚШ ва Японияга бу моддалар экспортини тўхтатган. Хитой ҳозир дунёдаги нодир металлларнинг 70 фоизини қайта ишлайди ва экспорт қилади.

Божлар шприцлар, аккумуляторлар, электромобиллар ва ўйинчоқларга ҳам таъсир қилади. Айрим ҳолларда, бож маҳсулот нархидан ҳам юқори бўлади.

«Бу ўринда келишув ким учун зарар? Хитойга!» — деди Трамп. Пекин эса «охиригача курашамиз», деди ва музокаралар учун эшикни очиқ қолдирди.

Трамп: «Чипта ва пулни ол-да, сур»

АҚШ президенти Доналд Трамп ноқонуний мигрантларга мамлакатдан ихтиёрий чиқиб кетиш эвазига пул ва самолёт чиптаси беришни таклиф қилмоқда. Ушбу дастур «ўзини ўзи депортация қилиш» деб аталади.

Fox Noticias’га берган интервюсида Трамп: «Уларга пул ва авиачипта берамиз. Агар улар яхши одам бўлса, қайтаришга ҳам ҳаракат қиламиз», — деди.

У аввалги қаттиққўл баёнотларига қарамасдан, бу сафар айрим мигрантларга нисбатан юмшоқ муносабат билдирди. «20 йилдан бери яшаб, болалари АҚШ фуқароси бўлган одам қолиши керак», — деди у.

Шу билан бирга, маъмурият депортация буйруғини инкор этган мигрантларга кунлик 998 доллар жарима ва мол-мулк мусодараси каби чораларни ҳам тайёрламоқда, деб ёзади Reuters.

Арманистон тинчликка тайёр: Минск гуруҳи тугатилади

Арманистон бош вазири Никол Пашинян 16 апрел куни Ереван Озарбойжон билан тинчлик шартномаси имзолашга тайёр эканини маълум қилди.

 У бу ҳужжатни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳини расман тугатиш ҳақидаги баёнот билан бир кунда имзолашни таклиф этди. Унинг сўзларига кўра, агар Қорабоғ можароси якунланган бўлса, ушбу гуруҳнинг ҳам мавжуд бўлишига эҳтиёж қолмайди.

Пашинян гуруҳ фақат Қорабоғ билан боғлиқ эмас, кенгроқ контекстга эга эканини эслатиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу ташаббус Арманистон ҳудудида можаро келиб чиқишига асос бўлмаслиги керак.

Минск гуруҳи 1992 йилда Франция, Россия ва АҚШ ҳамраислигида ташкил этилган эди. 2020 йилда 44 кунлик урушда Қорабоғнинг асосий қисми Озарбойжонга қайтарилган, 2023 йилда эса Боку тўлиқ назорат ўрнатган.

Мавзуга оид