Жамият | 21:44 / 17.04.2025
11804
5 дақиқада ўқилади

Наманганда “бизнес”га айланаётган “езда” ва ҳалок бўлаётган болалар: масъуллар назоратни йўқотдими?

Наманганда яна ўқувчилар ижарага олинган машинада ЙТҲга учради. Машинасини бир неча соатга ижарага бериш орқали осон пул топаётганлар бу ноқонуний ишини ҳамманинг кўз ўнгида қилмоқда. Вилоят ИИБ ва ЙҲХБ масъуллари эса негадир уларга нисбатан жиддий чора кўролмаяпти.

Фото: Kun.uz

Яна Наманган

Наманганда яна мактаб ўқувчилари “авария”га учради. ЙТҲ 15 апрел куни содир бўлган.

Тармоқларда тарқалган видеога кўра, мактаб ўқувчилари Spark машинасини бир неча соатга ижарага олишган ва ЙТҲга учрашган. Видеолавҳада ҳодиса жойига тез ёрдам ходимлари етиб боргани, жароҳат олган болаларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатаётганини кўриш мумкин.

Ҳолатни тасвирга олган шахс болалар машинани Telegram’даги “Namangan yezda moshina” гуруҳидан ижарага олганини айтган ва масъуллардан бунга чора кўришни сўраган. Вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати ҳозирча ҳолат юзасидан расмий ахборот бермаган.

Ҳалок бўлаётган болалар

Наманганда ўқувчилар ижарага олинган машинада ЙТҲга учраши ҳолатлари кўпаймоқда. Бунинг оқибатида оғир тан жароҳати олганлар, ҳалок бўлган болалар бор.

Жумладан, 2025 йил 2 апрелда Давлатобод туманида 9-синф ўқувчилари 220 минг сўмга ижарага олинган Nexia’да аянчли ЙТҲга учради: автомобил юк машинаси билан тўқнашган ва ўсмирлар оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Улардан бирида бош мияси ва жағ суяги синиши, болдир суяклари синиши ҳам кузатилган.

Расмийларга кўра, мактаб ўқувчиларига машинани ижарага берган фуқаронинг ўзи ҳам автомобилни ижарага олган бўлган. Унинг ўзи ўқувчилардан ижара учун 150 минг сўм олган, ўртада воситачи бўлган 11-синф ўқувчиси эса 70 минг сўм олган. Автомобилни ижарага берган йигитнинг отаси ва юк машинаси ҳайдовчиси жамоатчиликка мурожаат қилиб, ёш болаларнинг рулга ўтиришига рухсат бермасликни сўраган.

2024 йил 2 октябр куни эса Наманган шаҳрида 5 нафар ўқувчи ижарага олган Gentra’ни шаҳарнинг Марғилон кўчасида катта тезликда бошқариб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган. Йўл ўртасидаги бетон тўсиқдан ошиб ўтган машина юк машинасига бориб урилган. ЙТҲ оқибатида 3 нафар ўсмир вафот этган, 2 ўсмир оғир тан жароҳати олган. Gentra эгаси машинани вояга етмаганларга 300 минг сўм эвазига ижарага берган.

Ошкора ноқонуний “бизнес”

Наманган вилоятида машинани ноқонуний ижарага бериш осон пул топиш илинжида юрган шахслар учун “бизнес” даражасига етган: ижтимоий тармоқларда гуруҳлар очилиб, эълонлар ошкора жойлаштирилмоқда.

Жумладан, юқоридаги ҳолатда ўқувчилар Spark’ни Telegram’даги “Namangan yezda moshina” гуруҳидан олгани айтилади. Мазкур гуруҳда машина ижарага берилиши ҳақида кўплаб эълонларни учратиш мумкин.

Соати 120 минг сўм”

“Namangan yezda moshina” гуруҳига жойлаштирилган эълонларда турли русумдаги машиналарни учратиш мумкин. Шундай эълонлардан бирига вояга етмаган мижоз сифатида мурожаат қилиб кўрдик.

Spark ижараси бўйича эълон жойлаштирган машина эгаси “механика” машинанинг ижара нархи соатига 100 минг сўм, “автомат”ники эса 120 минг сўм эканини маълум қилди.

Ижарачи “вояга етмаганимизни” билган ҳолда машинани беришга рози бўлди. Фақат биринчи мартасида ёнимизда ўзи ўтиришини қўшиб қўйди.

Афсуски, болалар вафотига сабаб бўлаётган бу ошкора ноқонуний “бизнес”ни вилоят масъуллари негадир кўрмаяпти ёки кўришни истамаяпти.

Юмшоқ” жазо

Наманганда бу турдаги “бизнес”нинг гуллаб-яшнашига қонунчиликдаги енгиллик ҳам имкон бермоқда. Негаки, машинасини маълум бир маблағ эвазига вояга етмаганларга ижарага бериш ўлим оқибатига олиб келганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Бундай ҳаракат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисми билан малакаланади. Унга кўра, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши 5 БҲМ жаримага сабаб бўлади.

Аслида, вояга етмаган, транспорт воситасини бошқаришга ҳуқуқи ҳам, уқуви ҳам бўлмаган болага машина бериб юбориш арзимаган жарима билан “сувдан қуруқ чиқиб кетадиган” қилмиш эмас. Бу қотилликка шароит яратишдай гап.

Наманган вилояти ИИБ ва ЙҲХБ масъуллари ноқонуний машина ижарачиларини тўхтатиш бўйича жиддий қадам ташламас экан, ўқувчилар ўртасида бу каби аянчли ЙТҲлар яна содир бўлиши, пул учун болалар ҳаётини хавфга қўяётган сафи янада кенгайиши мумкин.

Мавзуга оид