Жаҳон | 20:43 / 17.04.2025
5464
10 дақиқада ўқилади

Толиблар энди Россияда террорчи ташкилот деб ҳисобланмайди. Воқеалар ривожи

Россия Олий суди «Толибон»нинг мамлакатдаги фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатди. Ҳаракат Россияда 2003 йилдан бери террорчилик ташкилотлари рўйхатида эди.

Фото: Oliver Weiken / dpa / Global Look Press

Россия Олий суди Бош прокуратуранинг «Толибон» фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатиб туриш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди ва ҳаракатни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқаришга қарор қилди, деб хабар бермоқда РБК суд залидан.

Судя Олег Нефедов тақиқни тўхтатиш тўғрисидаги қарор дарҳол кучга киришини билдирган.

Суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилгани ва матбуотга фақат қарорни эълон қилиш учун рухсат берилгани сабабли даъво аризасининг тафсилотлари номаълум.

Россия ҳукумати сўнгги йилларда «Толибон» билан фаол алоқаларни давом эттирган ва Россия ҳудудида ҳаракат фаолияти тақиқланганига қарамай, уларнинг делегацияларини Москвада қабул қилганди.

Кучишлатарлар, дипломатлар ва депутатлар: кимлар «Толибон»га вакиллик қилди?

«Толибон» «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги федерал қонунга киритилган ўтган йилги тузатишлардан сўнг террорчилар рўйхатидан чиқарилган биринчи ташкилот бўлди. Ўша пайтда қабул қилинган тузатишларга кўра, агар ташкилот терроризмни тарғиб қилиш, оқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолиятини ёки ушбу жиноятларни содир этишни тўхтатган бўлса, унинг фаолиятига қўйилган тақиқ суд қарори билан тўхтатилиши мумкин бўларди. Тушунтириш хатида ташаббус муаллифлари бундай механизмнинг яратилиши ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этишга қаратилганини таъкидлаган.

«Толибон»дан террорчи ташкилот мақомини олишга имкон берувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш ишлари 2024 йил баҳорида бошланганди. Аммо давлат оммавий ахборот воситаларининг айримлари қонун талаб қилганига зид равишда, гуруҳ ҳақида гап кетганда «Россия ҳудудида террорчи деб тан олинган ва тақиқланган» шаклидаги мажбурий эслатма беришни ундан олдинроқ бас қилганди.

2024 йил май ойида Россия президентининг Афғонистон бўйича вакили Замир Кабулов Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги Владимир Путинга «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришни таклиф қилганини маълум қилганди. Бусиз Москва толибларни Афғонистондаги қонуний ҳокимият сифатида тан ололмайди, деганди Кабулов.

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров буни изоҳларкан, таклиф «объектив ҳақиқатни акс эттириши»ни айтди. «„Толибон“ Афғонистондаги ҳақиқий ҳокимиятдир ва Россия Федерацияси бунга бефарқ эмас», – деганди у.

4 октябр куни Кабулов «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги қарор аллақачон олий даражада қабул қилингани, аммо «қонуний процедураларга риоя қилиш талаб этилиши»ни айтди.

Шу куни Россия ФХХ директори Александр Бортников хизмат «Толибон»ни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунлаётганини айтди.

У Афғонистонда ҳокимият тепасида турган толибларнинг ҳаракатлари «мамлакатда тартиб ўрнатиш ва барқарорликни сақлашга қаратилгани»ни таъкидлади. Бундан ташқари, Бортниковнинг сўзларига кўра, толиблар ИШИДнинг Афғонистондаги қаноти – «Хуросон вилояти»га қарши курашишга тайёрлигини намойиш этмоқда.

Лекин қуруқ сўзларнинг ўзи етарли эмасди. 26 ноябр куни Давлат думасига Россияда террорчи деб тан олинган ташкилотлар фаолиятига қўйилган тақиқни вақтинча бекор қилиш имконини берувчи қонун лойиҳаси келиб тушди. Ҳужжатга тушунтириш хатида Россия қонунчилигида «террорчилик ташкилоти фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш имконини берувчи механизм кўзда тутилмагани» келтирилганди.

Ҳужжат 10 декабр куни биринчи ўқишда, 17 декабр куни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди. 28 декабр куни эса уни президент Путин имзолади.

Ҳужжатга кўра, тақиқни тўхтатиб туриш учун бош прокурор (ёки унинг ўринбосари) даъвоси, кейин эса суд қарори керак.

Россиянинг толиблар билан муносабатлари қандай ўзгарди?

1996-2001 йилларда Афғонистонда ҳукмронлик қилган «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи деб топилган ва 2003 йилда унинг фаолияти тақиқланганди. Ундан бир неча йил олдин толиблар чечен айирмачиларини очиқчасига қўллаб-қувватлаган ва ҳатто Россияга муқаддас уруш – жиҳод эълон қилганди.

20 йил давомида Россиянинг турли ҳудудларида толиблар билан алоқадорликда гумон қилинган шахсларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатиб келинган. Бундан ташқари, Россияда «Толибон» ошкора қўллаб-қувватланиши терроризмни оқлаганлик деб баҳоланиши мумкин. Масалан, журналист Надежда Кеворкова айнан шу модда бўйича тергов қилинган, у охир-оқибат ижтимоий тармоқларда толиблар ҳақидаги пости учун айбдор деб топилганди.

Россия расмийларининг толибларга муносабати улар Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг катта қисмини ўз назоратига олган ИШИДга қарши уруш эълон қилганидан кейин ўзгара бошлади.

2015 йилда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Россия ва «Толибон» ҳаракати ИШИДга қарши курашда умумий манфаатлари борлигини айтганди.

Сўнгги бир неча йил ичида Россия ҳукумати «Толибон» билан фаол алоқаларни давом эттирди ва Россия ҳудудида ҳаракат фаолияти тақиқланганига қарамай, уларнинг делегацияларини Москвада қабул қилди.

2018 йилда толиблар илк бор музокаралар ўтказиш учун делегация билан Москвага борди. Учрашув ёпиқ форматда, Россия томонидан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирокида ўтди. У бундай алоқаларни гуруҳни «қуролли курашдан воз кечиб, ҳукумат билан умуммиллий мулоқотга киришиш»га ишонтиришга уриниш сифатида тушунтирди.

2019 йил феврал ойида толиблар «Афғонлараро мулоқот» форумида иштирок этиш учун Россияга келган, ўша йил майида эса Лавров Россия ва Афғонистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 100 йиллиги муносабати билан Москвада толибларни шахсан қабул қилганди.

Ижтимоий тармоқлардаги танқидлар бўронига жавобан Россия Ташқи ишлар вазирлиги бунда обрў-эътиборга оид хавфларни кўрмаётганини айтди.

2021 йилда Афғонистондан Америка контингенти олиб чиқилишидан сал аввал Лавров «Толибон» ҳаракати етакчиларини «ақли расо» одамлар деб атади ва мамлакатда толиблар ҳокимиятга келиши билан расмий Москванинг риторикаси янада юмшади.

Жумладан, Кабулов толибларни Афғонистоннинг қочиб кетган президенти Ашраф Ғанининг «қўғирчоқ ҳукумати»га нисбатан анча келишувчан деб атади, Россия элчиси Дмитрий Жирнов эса Россия дипломатик ваколатхонасини қўриқлай бошлаган толиблар унда жуда яхши таассурот қолдиргани ва уларни «адекват эркаклар» деб атаганини айтди.

2021 йил октябр ойида Владимир Путин Россия «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш бўйича қарор қабул қилишга яқинлиги, аммо буни биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қилиши кераклигини айтганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласи ишлаб чиқилаётганини маълум қилганди.

Ўшандан бери «Толибон» вакиллари Россияга яна бир неча бор келган.

2024 йилда улар «Россия – Ислом дунёси: KazanForum» форумига ташриф буюришди, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Ғарб иштирокчилари эътиборсиз қолдира бошлаган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ) икки марта иштирок этишди.

Толиблар давридаги Афғонистон

Бурқа кийган афғон аёли. Фото: AFP via Getty Images

Толиблар ҳокимиятга қайтганидан кейинги биринчи матбуот анжуманида ҳаракат спикери Забиҳулло Мужоҳид режим 1996-2001 йиллардагидек бўлмаслигини айтди. У аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилишга ваъда берди. «Аёлларни камситиш бўлмайди, улар биз билан елкама-елка ишлайди», деганди «Толибон» спикери. Шу билан бирга, у муҳим эслатма берди – аёллар ҳуқуқлари «ислом ҳуқуқи доирасида» ҳурмат қилинади.

Ушбу нутқдан бир ой ўтгач, 2021 йил сентябр ойида қизларга мактабга қайтишга рухсат берилмади ва Кобулда Хотин-қизлар вазирлиги ўрнига Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларни йўқ қилиш вазирлиги пайдо бўлди.

2021 йил охиригача «Толибон» яна бир қатор қонунларни қабул қилди: аёллар иштирокидаги сериалларни намойиш этиш тақиқланди; аёлларга энди кўплаб давлат лавозимларида ишлаш, ўрта таълим олиш ва ўз шаҳарларидан ташқарига ёлғиз чиқишга рухсат берилмади. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 2024 йилга келиб Афғонистонда 1,4 миллион қиз толиблар томонидан қабул қилинган қонунлар туфайли ўрта ва олий маълумот олиш имкониятидан маҳрум бўлган.

2022 йил бошида афғон аёллари норозилик намойишларига чиқиб, ўз ҳуқуқларини, биринчи навбатда, таълим олиш ва ишлаш имкониятини қайтаришни талаб қилишди. Аммо митинглар тарқатиб юборилди, уларнинг иштирокчилари уйига қуролланган одамлар бостириб кирди.

2022 йил декабрида афғон аёллари таълим олиш ҳуқуқи бузилишига қарши норозилик билдирган эди

2022 йил май ойида аёлларга юз ва тананинг бошқа қисмлари очиқ ҳолда кўчага чиқиш тақиқланганди. Тегишли ҳужжатда умуман олганда, агар аёлнинг кўчада шошилинч иши бўлмаса, уйда қолгани маъқул экани айтилган.

2024 йилга келиб, тақиқлар тизими якуний кўринишга эга бўлди. Аёлларга нафақат юзи ва танасини кўрсатиш, балки жамоат жойларида гапириш ҳам тақиқланади. Эркакларга соқол қўйиш ва анъанавий кийимда юриш буюрилган. Тирик мавжудотларнинг расмларини тарқатиш ёки ҳатто уйда сақлаш, магнитофон ва радиоприёмникларни ишлатиш, бўйинбоғ тақиш ва ғарб мусиқасини тинглаш ҳам тақиқланади. Барча талаблар бажарилишини ахлоқ полицияси назорат қилади.

Мавзуга оид