Жаҳон | 23:09 / 18.04.2025
3336
2 дақиқада ўқилади

Полшада илк бор аёл киши F-16 қирувчи самолёти учувчисига айланди

Мамлакат мудофаа вазири ушбу аёл офицерни табриклади. Америка компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ушбу қирувчи самолётлардан Полшада 40 дан ортиқ мавжуд.

Полшада мамлакат тарихида илк бор аёл киши F-16 қирувчи самолётининг учувчисига айланди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш маълум қилди.

Қайд этилишича, шу кунгача Полша Ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 қирувчи самолётларини фақат эркаклар бошқарган. Энди бундай учувчилар қаторига биринчи аёл ҳам қўшилди.

«Ҳарбий-ҳаво кучларимиз ва Полша Қуролли кучлари учун муҳим янгилик — илк бор аёл киши F-16 самолётининг учувчисига айланди. Офицер аёл Ласкдаги 32-тактик авиабазада хизмат қилади. У АҚШда тайёргарликдан ўтган ва энди бизнинг қирувчиларимизни бошқара олади. Чин кўнгилдан табриклайман!», — деб ёзади вазир.

Яна бир полшалик учувчи аёл Кшесинидаги 31-базада тайёргарликдан ўтмоқда.

F-16 Fighting Falcon — дунёдаги энг замонавий кўп мақсадли қирувчилардан бири ҳисобланади. Американинг Lockheed Martin компанияси томонидан ишлаб чиқарилган самолёт анча йиллардан бери кўплаб давлатлар, жумладан, Полша ҳаво кучларининг асосини ташкил этади. Бугунги кунда Полша Ҳарбий-ҳаво кучлари ихтиёрида 40 дан ортиқ F-16 қирувчи самолётлари мавжуд.

Мавзуга оид