Ўзбекистон | 15:59 / 18.04.2025
1189
2 дақиқада ўқилади

Урганч халқаро аэропортини Жанубий Корея компанияси модернизация қилади

Модернизация қилиш ва бошқариш бўйича ўтказилган тендер ғолиби аниқланди.

Фото: Kun.uz

Урганч халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида модернизация қилиш ва бошқариш бўйича тендернинг барча босқичлари якунланди.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, танлов натижасида Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation (IIAC) компанияси ғолиб деб топилди.

Таъкидланишича, лойиҳа аэропортни модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини биргаликда амалга оширишни назарда тутади. Хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ва бошқариш, шу жумладан ерда хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширади. Давлат шериги аэродром мажмуасини қуриш ва бошқариш (учиш-қўниш йўлаги, перрон) учун жавобгарликни ўзига олади. Лойиҳага кўра кейинги қадам, 19 йиллик концессия муддатини ўз ичига олган ДХШ шартномасини тузиш бўлади.

IIAC нафақат Жанубий Кореянинг асосий ҳаво дарвозаси, балки Шимолий-Шарқий Осиёдаги энг йирик транспорт марказларидан бири бўлиб, бир неча маротаба дунёнинг энг ривожланган ва гавжум аэропортлари 10 талигига кирган. 2024 йил якунлари бўйича аэропорт 70 миллион йўловчига хизмат кўрсатган.

Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси Uzbekistan Airports АЖ томонидан Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид