Ўзбекистон | 17:33
9750
3 дақиқада ўқилади

«5-6 та машинани урдик». Тошкентда ЙПХдан қочган қора Gentra бўйича қўшимча тафсилотлар маълум қилинди

Автомобил ён ўриндиқдаги йўловчига тегишли бўлган. Ҳодиса оқибатида бир кишига тиббий ёрдам кўрсатилган. Қоидабузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

19 апрел куни тонгда давлат рақамисиз ҳаракатланган қора рангли Gentra ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан бир неча автомашинага шикаст етказгани билан боғлиқ қўшимча тафсилотлар маълум қилинди. 

«Соат тахминан 07:10 ларда қора рангли Gentra ўзи билан бир қаторда ҳаракатланиб келаётган бир неча транспорт воситаларига хавфли ҳолат туғдириб, техник шикаст етказгани туфайли ушбу автоуловга махсус қурилма орқали тўхташ ишораси берилганида, автоулов ҳаракат тезлигини янада ошириб, яширишга уринди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчи билан тергов ишлари олиб борилганида, унда автоуловни бошқариш ҳуқуқини берувчи меъёрий ҳужжатлар йўқлиги, бундан ташқари, автоуловнинг давлат рақами белгиси йўқлиги аниқланди. Текширув давомида, автоулов давлат рақами белгиси автомобил юкхонасидан топилди», – дея маълумот берди Тошкент шаҳар ИИББ катта инспектори Музаффархон Иноғомов.

Содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида бир нафар ҳайдовчига тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Автомобил бошқарувидаги аёл сархуш ҳолатда бўлган, унда ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ишончнома бўлмаган, автомобил эса йўловчи ўриндиғидаги эркакка тегишли бўлган.

Автомобил салонида жами беш киши бўлган, улар бир кун олдин меҳмондорчиликка йиғилган, у ерда спиртли ичимлик ва гашиш гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилинган.

«Рулни уёққа, буёққа буриб ташладим. Тўхтама деди, кўп машина урилди, довдираб қолдим. Нечта машина урилганини билмайман. Улардан кечирим сўрайман», – дея йиғлаб кўрсатма берган автомобил бошқарувидаги аёл.

Автомобил эгаси машина отасининг номида эканини айтган.

«Транспорт воситаси менга тегишли, отамга тегишли. Ҳайдасам бўладими деди, майли ҳайданг дедим. Кейин ЙТҲ бўлиб қолди, қочдик, йўлда Damas урворилди. 

Ундан кейин, Собир Раҳимов кўпригидан ўтганда тўхтаб қолдик. Светофорда тирбандликда қолиб кетдик. Ортга қайрилиб, қарама-қарши йўналишда қайтдик. Ўшанда беш-олтита машина билан ЙТҲ қилдик.

Қилган ишимдан пушаймонман. Жабрланган одамлардан кечиришларини сўрайман», – деган у.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган. Гумон қилинувчи шахслар процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни аниқлаш бўйича тегишли экспертизалар тайинланган.

Шунингдек, автомобил ичидагиларга нисбатан куч ишлатишга уринган бошқа иштирокчиларнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

Мавзуга оид