22 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Наманган шаҳри ҳокимининг қоидабузар хизмат автомобили, Ҳаж ва Умра учун ягона портал, қимматлашаётган олтин ва пасайтирилган божсиз лимитга изоҳ — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Ҳоким хизматидаги машина 47 марта қоида бузган
Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиевга расмий хат билан мурожаат қилиб, шаҳар кўчаларидан белгиланган меъёрларга зид равишда ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраган эди.
Ҳоким ўз хатида ноқонуний ўрнатилган радарлар аҳолида норозилик кайфияти ортишига сабаб бўлаётгани келтирилган.
Бироқ вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаевнинг радарлар бўйича йўллаган ушбу хатига жавоб берар экан, Наманган шаҳар ҳокимининг хизмат машинаси 47 марта ҳаракат қоидаларини бузганини маълум қилган.
Мансур Газиевнинг жавоб хатида айтилишича, шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликларига тегишли машиналардан тўланмаган ва муддати ўтган жарималар йиғилиб қолган. Хусусан, ҳокимга бириктирилган Captiva хизматидаги машина 8 млн сўмлик 11 та жаримани тўламаган.
Газиев ҳокимдан ушбу қоидабузарликларни муҳокама қилиш ва жарималарни ундиришда амалий ёрдам сўраган.
Ҳокимлик эса бу жарималар талабга зид ўрнатилган радарлардан келганини билдириб, баъзиларини суд орқали бекор қилишга ҳаракат қилаётганини билдирди.
Ҳаж ва Умра учун ягона портал
Ўзбекистонда фуқароларнинг ибодат ҳуқуқини енгиллаштириш мақсадида Ҳаж ва Умра зиёратларини электрон назорат қилувчи ягона портал ишлаб чиқилади. Президент фармонига асосан, портал 2025 йил 1 сентябргача ишга туширилади.
Ушбу платформа орқали ҳажга борувчилар учун ягона электрон навбат, Умра зиёратига йўл олувчилар учун эса электрон рўйхат шакллантирилади. Барча маълумотларни йиғиш, расмийлаштириш ва бошқариш жараёнлари рақамлаштирилади.
Порталга барча давлат ва хусусий идоралар маълумот тизимлари интеграция қилиниши лозим. Дин ишлари бўйича қўмита портални молиялаштириш, техник қўллаб-қувватлаш ҳамда барча ташкилотлар учун фойдаланиш имконини таъминлашга масъул бўлади.
Миллий педагогика университети ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрел куни мактаб таълими ва педагоглар тайёрлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган тақдимот билан танишди. «Ўзбекистон–2030» стратегиясида таълим ислоҳотлари устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Тақдимотда Тошкент давлат педагогика университети негизида Миллий педагогика университетини ташкил қилиш таклиф этилди. У барча ҳудудлардаги педагогика институтлари учун таянч олийгоҳга айланади.
Янги Ўзбекистон университетида талабалар 24,3 млрд сўмлик грант жалб этган. У ерда муҳандислик, сунъий интеллект ва тиббиёт каби йўналишлар ривожлантирилади. Германия тажрибаси асосида замонавий университет клиникаси ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Бу йил 233 мактабда ўқувчилар PISA халқаро баҳолаш дастурига жалб қилинади. Шунингдек, Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 58 та мактаб қурилади.
Олтин нархи қарийб 1,5 миллион сўмга етди
Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи 1 грамм учун 1 млн 454 минг сўмдан ошди. Марказий банк 21 апрелда ушбу рекорд нархларни эълон қилди. Бу йил бошига нисбатан 25 фоизга юқорироқ кўрсаткич саналади.
Жаҳон бозорида ҳам олтин қиммати рекорд даражага етиб бормоқда. Бир троя унцияси учун нарх 3400 долларга яқинлашди. Бу АҚШ президенти Доналд Трампнинг Федерал резерв сиёсатига танқиди ва глобал ноаниқликлар фонида юз берди.
Ўзбекистонда эса 5, 10, 20, 50 ва 100 граммли тилла қуймалари сотувда мавжуд. Масалан, 10 граммли тилла қуймаси нархи 14,5 млн сўмдан ошиб кетди.
Марказий банк маълумотига кўра, олтин қуймаларининг нархи халқаро бозордаги ўзгаришларга қараб ҳар куни қайта кўриб чиқилади. Бу эса унинг стратегик инвестициявий аҳамиятини янада оширмоқда.
Божсиз лимит нега пасайтирилганига изоҳ берилди
1 майдан Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун божсиз лимит сезиларли пасайди. Самолётда келаётганлар учун чеклов 2000 доллардан 1000 долларга, поезддаги йўловчилар учун эса 1000 доллардан 500 долларга туширилди. Курйерлик орқали эса энди ойига фақат 200 долларлик товар божсиз олиб кирилиши мумкин.
Божхона қўмитаси буни «ташмачилик» — яъни йирик товарларни майда партияларда олиб кириш ҳолатлари кўпайгани билан изоҳлади. Баёнотга кўра, айрим фуқаролар бир ойда 100 мартагача чегарани кесиб ўтган ва юзлаб килограмм товарларни шахсий эҳтиёж ниқоби остида ҳеч қандай бож тўламасдан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирган.
Қўмитага кўра, хорижий мамлакатларга тижорат мақсадида борувчи йўловчилар ва улар томонидан содир этилган хуқуқбузарликлар сони сўнгги йилларда каррасига ошиб бормоқда.
Иқтисодчилар эса бунга сабаб сифатида юқори божлар, «маҳаллийлаштирувчилар» манфаати ва сунъий монополияларни кўрсатмоқда. Улар тижорат эмас, эркин рақобат учун шароит яратишни таклиф қилмоқда.
Мавзуга оид

22:55 / 21.04.2025
21 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:39 / 18.04.2025
18 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:37 / 17.04.2025
17 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:07 / 16.04.2025