Ўзбекистон | 13:29
5740
10 дақиқада ўқилади

Ҳокимларнинг гаровида қолаётган соҳа. Мақбуллаштириш жараёнидаги бедодликлар – уч фермер мисолида

Ери тортиб олинган фермер, қонунбузарликдан қўрқмайдиган ҳоким, назар-писанд қилинмаётган суд қарорлари, томошабин ролидаги МИБ ва прокуратура. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Kun.uz студиясига келган уч фермер бошдан кечирганларини сўзлаб берди. “Мақбуллаштириш жараёнидаги қонунбузарликлар оммавий тус олган”, дейди Фермерлар кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров.

“Бойдавлет ота барака” ф/х раҳбари Мейрманқул Умрзоқов (Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани):

– 2019 йили мақбуллаштириш пайтида менинг ва ўғлимнинг фермер хўжалигимизни ноқонуний равишда олиб қўйишди. Ҳатто еримиз олиб қўйилганини билмай ҳам қолганмиз, бехабар қолганмиз. Одамлардан эшитдик: “ерларингизни олиб қўйишди”, дейишди. Шундан кейин мен судга мурожаат қилдим. Туман маъмурий судида суд бўлди. Кейин вилоятда. Вилоятда бизни Фермерлар кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров ҳимоя қилди. Судда ютуққа эришдик. Суд қарори 2019 йилда кучга кирган, олти йил ўтган бўлса-да, шу кунгача ижрочилар томонидан бажарилмай келяпти. Қарорни бажармаслик учун менга куч ишлатишди, даволаниб ҳам чиқдим. Ҳамма ёққа мурожаат қилдим бир неча марталаб. Идоралар бир-бирига солиб келяпти.

Фермерлар кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров:

– 2019 йил 9 январда ҳукуматнинг 14-сонли қарори қабул қилинди. Шу қарор асосида фермер хўжаликларининг ер майдонлари мақбуллаштириладиган бўлди. Қарорни таъминлаш жараёнида кўплаб қонунбузарликлар содир этилди. 2019 йилнинг 12 январида Юқори Чирчиқ тумани ҳокими томонидан ота-ўғил фермерларнинг ер ижараси шартномасини бекор қилиб, ерни ноқонуний равишда захирага олиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Биз бу фермер хўжалигининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судларга ариза берганимиздан кейин 2020 йил 20 феврал куни Чирчиқ шаҳар маъмурий суди томонидан ўша туман ҳокимининг 192 ва 196-сонли қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди. Қонуний манфаатлар тикланди. Бироқ туман ҳокимлиги томонидан бу суд қарорига нисбатан реакция билдирилмади. Ўзларининг ўша “ҳақиқий эмас” деб топган қарорларини бекор қилмади.

Мазкур суд қарорини бажармагани етмаганидек, яна бир қарор чиқариб, ернинг ярмини бошқа бир МЧЖга берган. 2020 йил 19 сентябр куни эса яна бир қарор қабул қилиб, бошқа бир масъулияти чекланган жамиятга иккинчи ярмини хомталаш қилиб бериб юборган. Суд қарорларини қасддан менсимаган ва бажармаган. Бу қарорга нисбатан ҳам биз маъмурий судга ариза киритдик. Туман ҳокимининг бу қарорини ҳам ҳақиқий эмас деб топдирдик. Жами тўртта маъмурий суднинг тўртта ҳал қилув қарорини бажармасдан келяпти бу ҳокимият. Мазкур МЧЖларни ердан мажбурий тарзда кўчириб чиқариш бўйича Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига ариза берилди. Суд мажбурий тарзда кўчириш ҳақида қарор қабул қилди. Лекин бу қарорлар ҳозирги кунга қадар бажарилаётгани йўқ.

“Ясанбой Адолат” ф/х раҳбари Азимбой Ибодуллаев (Хоразм вилояти Хонқа тумани):

– Фермер хўжалигимда 48 гектар ер бор. 2018 йилда 116 тонна пахта ва бошқа экинлар етиштириб топширдим, хусусан аччиқ қалампир етиштириб топширдим, экспортга ҳам маҳсулотлар чиқардим. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг қарорига зид равишда Хонқа туман ҳокими еримни ноҳақ равишда бошқа фермер хўжаликларига бермоқчи бўлган. Мен маъмурий судга шикоят қилдим. Суд қарорни бекор қилди. Шундан бери ҳар хил баҳоналар топиб, ерларимга ўзгалар эга чиқишяпти, туман ҳокими “ерларингизни бермаймиз” деб, ердан фойдаланишга монелик қиляпти. “Суд қарори бизга етиб келмади”, дейди, масалан...

Шу давр мобайнида мен Президент администрациясига мурожаат қилдим. Раҳматуллаев деган инсон келди. Шахсан ҳоким билан учрашди, ҳокимни чақириб туриб, 234-моддага кўра иш қўзғатилишини айтди, аммо кетганидан кейин ҳоким ўз билганини яна қилаверди. Омбудсманга мурожаат қилдим. Жавоб бермади. Ҳоким жавоб берсин деб ёзди.

Чорихон Қодиров:

– Бу фермернинг ер майдонлари ўша ҳукуматнинг 2019 йил 9 январда 14-сонли қарори ижроси жараёнида, яъни мақбуллаштириш ўтказиш вақтида ноқонуний босиб олинган, аммо маъмурий судлар томонидан туман ҳокимининг ҳаракати ноқонуний деб топилган.

Бу кишининг қонуний манфаатини тиклаган суднинг қарори билан ноқонуний эгаллаб турган ер майдонларидан ўзга бир фермерни мажбуран кўчириб чиқариш тўғрисида 6 декабрь 2024 йилдаги Олий суднинг қарори мавжуд. Аммо қарор бежарилмаяпти.

“Дўрман омад нури” ф/х раҳбари Олтин Соттиева (Бухоро вилояти Қоракўл тумани):

– 2006 йилда фермер хўжалигини ташкил қилиб, раҳбарлик қилиб келмоқдаман. Хўжалигимни кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирганман: пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, чорвачиликдан иборат фермер хўжалигимда жами 226 гектар ер майдони бўлиб, шундан 80 гектарида ғалла, 37 гектарида пахта, 42 гектарида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштираман, 14 гектарида интенсив боғ барпо қилганман, қолган қисми яйлов ерларидан иборат. Мунтазам равишда пахта-ғалла режаларини бажариб келиб, илғор фермер деган унвон олганман.

Туман ҳокими ўз мансабидан фойдаланиб, еримни олиб қўйиш учун бир қанча тазйиқлар ўтказди. Бўлар-бўлмас важлар билан фермер хўжалигимни ноқонуний тарзда олиб қўйди.

Чорихон Қодиров:

– Ҳақиқатан ҳам, Қорақўл туман ҳокими ҳукуматнинг яна ўша 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарор ижросини таъминлаш жараёнида бу фермернинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилган. Биз эса қонуний йўл тутдик: Фермерлик кенгашига берилган ваколат доирасидан келиб чиқиб, маъмурий судга ариза киритдик. Ўша пайтда бу кишида икки фермер хўжалиги бор эди. Ҳоким томонидан қабул қилинган ноқонуний қарорларни суд ҳақиқий эмас деб топиб, бу кишининг қонуний манфаатини тиклади.

Аммо бу фермернинг қонуний манфаати тиклангунга қадар, ер майдонига киргунга қадар 2-3 йил давомида зарар кўрди, фойдасини бой бериб қўйди. Биз бу фермер кўрган зарари ва бой берилган фойдани ўндириш бўйича иқтисодий судга ариза киритдик. Мурожаатимиз қондирилиб, Қоракўл туманлараро иқтисодий суди томонидан 12 декабрь 2021 йилда қарор қабул қилинди. Мана икки ярим йил бўляпти, суд қарори ижроси бажарилмаяпти. Ҳокимлик 606 миллион сўм пул маблағини тўлаб бермаслик мақсадида бу фермер хўжаликнинг илдизига болта уриш пайида бўлиб келди. Турли хил кўринишда: сув бўйича жанжал чиқаришади, фермерни гуруҳ бўлиб калтаклашади, белини ҳам синдиришди. Жиноят ишини қўзғатишда рад қилиш тўғрисидаги қарорни олиб қарайдиган бўлсангиз, жиноят яшириб кетилганини кўрасиз. Қандай қилиб бўлмасин туман ҳокимлиги 606 миллион сўмни тўламасин.

Бу ишларнинг негизида нима ётибди? 2009 йил 9 январда ҳукуматнинг 14-сонли "мақбуллаштириш" ҳақидаги қарори қабул қилинган эди. Шу қарорнинг ижросини таъминлаш жараёнида бутун республика бўйича барча туман ҳокимликлари томонидан ғирромликларга йўл қўйилди. Қонунбузарликка йўл қўйилди. Мен бу гапни фактларга асосланиб гапиряпман.

Қайси туман маъмурий судига ёки иқтисодий судига борманг, албатта, ўша ҳукуматнинг 14-сонли қарорининг ижроси бўйича ўтказилган мақбуллаштиришдан норози бўлган ариза ёки даъво ишлари мавжуд. Олий судда ҳам шу ҳолат. Ижтимоий тармоқларда бизни кўриб турган судялар буни билади. Ишлар пачка-пачка бўлиб кетган. Архивларга ҳам қарасангиз, пачка-пачка бўлиб кетган. Мана шу ишлар фермер хўжаликларимизнинг қонуний манфаатларига путур етказди. 2009 йилда ҳукуматнинг протоколи билан ўтди мақбуллаштириш, 2012 йилда ҳукуматнинг протоколи билан иккинчиси ўтди, 2015 йилда ҳам худди шундай мақбуллаштириш ўтди, 2017 йилда ҳам.

Ҳукуматнинг шундай қарорларини туман ҳокимликларимиз “бизга Худо берди” деб қабул қилди, фермер хўжаликларининг ер участкаларини ноқонуний тарзда захирага олиб, ноқонуний қарорлар билан олиниб, бошқаларга берилди.

Охир-оқибат нима бўлди? Жуда кўплаб фермер хўжаликлари жизғанак бўлиб куйиб қолди. Айримлари ер майдонлари кимга қанча қўшилиб кетгани ҳақида маълумотга эга бўлмасдан, йилнинг охирига қадар ишлаб келди. Йилнинг якунига келиб: “Кечирасиз, сизнинг ер майдонларингиз мақбуллаштириш вақти январ ойида бошқа фермер хўжаликларига қўшилиб кетган экан”, дейилгандан кейин туман ҳокимлигига келганда, “мурожаат қилиш муддатини ўтказиб қўйибсиз”, деган гапларни эшитган.

Ҳокимликлар йўл қўйган қонунбузарликларни жуда кўплаб судяларимиз ҳаспўшлади. Бунга қўлимизда далилимиз, фактларимиз бор.

Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунда давлат фермер хўжаликларининг ишига аралашмайди деган қоида бор. Қани у? Аралашмаяптими? Ҳукуматнинг 505-сонли қарори бўйича фермер “мен шу, шу экинларни экаман” деб таклиф берса, рад этилмоқда. Қишлоқ хўжалиги бўлимлари ва бошқармалари ўз билганларича экинларни жойлаштириб юборишмоқда. Мана куни кеча фермер хўжаликларимиздан мурожаат тушди. 505-сонли қарор талаби бўйича алмашиб экиш учун гектарга маккажўҳори экаман деган, фермер хўжалигининг бу таклифига нисбатан ҳеч қандай муносабат билдиришмабди, қарор талабидан келиб чиқиб рад жавоби ҳам берилмаган.

Шокир Шарипов суҳбатлашди. 

Мавзуга оид