Жаҳон | 09:41
2997
2 дақиқада ўқилади

Вашингтонда АҚШ хавфсизлик вазири ўғрилик қурбони бўлди

Фото: News Front

Якшанба куни кечқурун Вашингтон шаҳри марказида жойлашган ресторанда тушлик вақтида АҚШнинг ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм ўғрилик қурбонига айланди, деб ёзади ABC News.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар манбасининг хабар беришича, вазир хавфсизлигини таъминловчи Махфий хизмат ресторандаги кузатув камералари ёзувини кўриб чиққан ва тиббий ниқоб тақиб олган номаълум оқ танли эркак сумкани ўғирлаб, ресторанни тарк этганини аниқлаган.

Вазирнинг сумкасида ҳайдовчилик гувоҳномаси, дори-дармонлар, квартира калити, Миллий хавфсизлик департаментига кириш рухсатномаси, косметичка, тўлдирилмаган чеклар ва тахминан уч минг доллар нақд пул бўлган.

Департамент вакилининг айтишича, Кристи Ноэм катта миқдорда нақд пулни оила аъзолари учун тушлик уюштириш ва Пасха байрами учун совғалар харид қилиш мақсадида ўз ёнида олиб юрган.

Ундан ўғрилик ҳақида сўрашганда, вазир ушбу воқеани тасдиқлади ва ҳозиргача ўғриликда гумонланувчи топилмаганини маълум қилди.

Кристи Ноэм Америка маъмуриятига келгунга қадар Жанубий Дакота штати губернатори, ундан аввал эса АҚШ Конгрессининг Ваколатхоналар палатаси аъзоси бўлган. Ички хавфсизлик вазири сифатида у миллий хавфсизликка масъул бўлган бўлимни бошқаради. Унинг фаолият соҳасига чегара назорати ва миграция, терроризмдан ҳимоя ва киберхавфсизлик масалалари киради.

Мавзуга оид