Жаҳон | 21:29 / 23.04.2025
8184
5 дақиқада ўқилади

Лондонда тинчлик музокаралари барбод бўлди

Зеленский Қримни Россияники деб тан олмаслигини айтгач, Марко Рубио Лондондаги учрашувга келишдан бош тортди. Бунинг ортидан Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари ҳам сафарини бекор қилди.

Қрим, 2025 йил март. Фото: Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia

Лондонда Украина ва Ғарбдаги иттифоқчилар ўртасидаги ташқи ишлар вазирлари даражасидаги музокаралар барбод бўлди. Украина президенти Володимир Зеленский Киев Россиянинг Қрим устидан суверенитетини тан олмаслигини айтди. Доналд Трампнинг тинчлик режаси эса АҚШ Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олишини назарда тутарди.

Россия Қримни 2014 йилда босиб олган. Дунё давлатлари бу аннексияни тан олмади ва Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланишидан олдин ҳам Россияга қарши кўплаб санкциялар қўлланди. Доналд Трамп маъмурияти эса ўзининг тинчлик режасида де-юре Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олишни таклиф қилган. Режа жамоатчиликка тақдим этилмаган, бироқ сўнгги кунларда Американинг бир нечта йирик оммавий ахборот воситалари аноним манбаларга таяниб, бу ҳақда хабар берди.

22 апрел куни The Washington Post Лондондаги музокараларда Украина ва Европа илк марта «ушбу таклифлар билан тўқнашиши» ҳақида ёзганди. Шундан кўп вақт ўтмай журналистлар билан брифинг чоғида Володимир Зеленский Украина «Қрим оккупациясини юридик жиҳатдан тан олмаслиги»ни айтди. «Бу Конституциямизга зид», – дея қайд этди Украина президенти.

Бир неча соат ўтиб The New York Times газетаси АҚШ давлат котиби, Лондондаги музокараларда Америка делегациясига раҳбарлик қилиши режалаштирилган Марко Рубио у ерга учмаслигини хабар қилди. Нашр манбалари буни тўғридан тўғри Украина президентининг Қрим ҳақидаги сўзлари билан боғлади. Вашингтондагилар расмий равишда давлат котиби музокараларни «тақвимдаги логистик муаммо» туфайли ўтказиб юборишини маълум қилди.

23 апрел тонгида Франция ва Германия ташқи ишлар вазирлари Жан-Ноэл Барро ва Анналена Бербок ҳам Лондонга сафарини бекор қилгани маълум бўлди. Sky News телеканали бундай қарор учрашувга Рубио келмаслиги маълум бўлганидан кейин қабул қилинган. Якунда музокаралар «қолдирилган», тинчлик режаси муҳокамаси эса пастроқ даражадаги мулозимлар иштирокида давом эттириладиган бўлган.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига бошчилигидаги делегация эса барибир Лондонга борди. Сибига Британи ТИВ раҳбари Дэвид Лэмми билан иккитомонлама музокара ўтказди.

Axios нашрининг Америкадаги манбаларга таяниб хабар беришича, учрашувдан бир кун олдин Украинадан Киев делегацияси Лондонда Оқ уйнинг урушни якунлаш режасини эмас, балки 30 кунлик сулҳни муҳокама қилмоқчилиги ҳақида сигналлар келган, бу эса Рубионинг сафарини бекор қилишга ва кўп томонлама музокаралар тўхтатилишига олиб келган.

Шунингдек, Axios биринчи марта Трамп режасининг барча бандларини эълон қилди. Бу режада АҚШ Қримни Россиянинг бир қисми сифатида тан олишидан ташқари, 2022 йил февралидан буён Украинанинг Луҳанск, Донецк, Херсон ва Запорижжя областларининг эгаллаб олинган ҳудудлар устидан Россия назоратини норасмий тан олиши қайд этилган. Шунингдек, режа Украинанинг НАТОга қўшилмаслигини кафолатлашни назарда тутади. Киев эса қандайдир «ишончли хавфсизлик кафолатлари» ва мамлакатни тиклаш учун маблағ олиши мумкин бўлади.

Трамп маъмурияти бу режа – «охирги таклиф» эканини ва агар томонлар рози бўлмаса, Вашингтон музокаралар жараёнидан чиқишини таъкидлашда давом этмоқда. Бу ҳақда биринчи марта Марко Рубио 17 апрел куниёқ маълум қилганди, бугун эса вице-президент Жей Ди Вэнс ҳам бу позицияни тасдиқлади. «Улар „ҳа“ дейиши ёки Қўшма Штатлар бу жараёндан чиқиши керак бўлган вақт келди», – деди у. Вэнс Украина ҳам, Россия ҳам ҳозирда ўз рақиблари назоратидаги ҳудудларнинг бир қисмидан воз кечиши ва «баъзи ҳудудий алмашинувларни амалга ошириши» керак бўлишини таъкидлади.

Кремлдагилар музокаралар ошкора бўлмаслиги кераклигини таъкидлашда давом этмоқда. «Тартибга солишнинг айрим мумкин бўлган элементлари жамоатчилик олдида муҳокама қилинмайди. Шунинг учун биз қандайдир алоҳида сюжетлар бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаймиз», – деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Шу билан бирга, у Москва Украинада европалик тинчликпарвар кучларнинг жойлаштирилишига кескин қарши чиқишда давом этаётганини қайд этди.

Мавзуга оид