Ўзбекистон | 22:04 / 23.04.2025
1693
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Хитойга Жиззахдаги АЭС лойиҳасига сармоя киритишни таклиф қилди

“Ўзатом” раҳбари Хитойга бориб, АЭС қурилиши учун Хитойдан молиявий ресурсларни жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилди. Ташриф давомида “Ўзатом” ва “Росатом” расмийлари Shanghai Electric компанияси вакиллари билан уч томонлама учрашув ўтказиб, станциянинг ядровий бўлмаган ороли учун энергетик жиҳозлар ва турбиналар етказиб бериш масаласини кўриб чиқди.

Фото: "Ўзатом" матбуот хизмати

Ўзбекистон АЭС қурилишига Хитой сармоясини жалб этмоқчи. “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев шу масалада Хитойга борди.

Агентлик матбуот хизматининг хабар беришича, Аҳмадхўжаев Хитой Эксимбанки билан музокара ўтказган. Учрашувда Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун Хитойдан молиявий ресурсларни жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, Хитой миллий ядро корпорацияси (CNNC)нинг хорижий лойиҳалар учун масъул бўлими – CNOS офисида “Ўзатом”, “Росатом” ва Shanghai Electric компанияси вакиллари иштирокида уч томонлама учрашув бўлиб ўтган.

Учрашувнинг асосий мақсади Shanghai Electric компаниясининг турбина жиҳозлари ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш ва ушбу жиҳозларни Ўзбекистонда АЭС лойиҳаси талабларига мослаштириш истиқболларини баҳолашдан иборат бўлди.

Томонлар АЭСнинг ядровий бўлмаган ороли учун жиҳозларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Shanghai Electric – атом ва иссиқлик электр станциялари учун энергетика ва турбина жиҳозлари ишлаб чиқарувчи Хитойнинг етакчи компанияларидан бири. Компания 39 та АЭС учун ядровий бўлмаган орол жиҳозларини етказиб берган. Shanghai Electric ассортиментида қуввати 50 дан 1240 MWгача бўлган турбогенераторлар мавжуд.

Ўзбекистондаги биринчи АЭС лойиҳаси ҳақида

Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2024 йил 27 майда имзоланган шартнома асосида, Жиззах туманида умумий қуввати 330 МW бўлган, ҳар бири 55 МW қувватга эга 6 та реактордан иборат кам қувватли АЭС қурилиши кўзда тутилган.

Станция асосини ҳозиргача музёрар кемаларда қўллаб келинган РИТМ-200 сув-сувли ядро реакторларининг қуруқликда ишлашга мослаштирилган РИТМ-200Н версияси ташкил этади. Аммо ҳозиргача бу технология ер устида ишлатилмаган.

Бош пудратчи – “Росатом”нинг инженерлик дивизиони бўлмиш “Атомстроэкспорт” АЖ. Қурилишга Ўзбекистон компаниялари, хусусан Saneg ҳам жалб этилиши мумкин. Лойиҳа қиймати 2 млрд доллардан ошмаслиги, харажатлар асосан ташқи қарзлар ҳисобига бўлиши маълум қилинган.

“Ўзатом” раҳбари Азим Аҳмадхўжаев ўтган ойдаги интервюсида АЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг таннархи техник-иқтисодий асослар тайёр бўлганидан кейин маълум бўлишини айтганди.

“Ўзатом” ўтган йилги баёнотида АЭСнинг биринчи реакторини ишга тушириш 5 йилдан кейинга режалаштирилганини билдирганди.

15 апрел куни Жиззахда кам қувватли атом электр станцияси лойиҳаси учун биринчи ишлаб чиқариш бинолари қурилиши бошланди.

Мавзуга оид