Урушни музлатмоқчи бўлаётган Путин ва Трампга қарши чиққан АҚШ университетлари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазода ҳуманитар фожиа чўққига етди
Сўнгги 50 кун давомида Ғазо секторидаги чегараларнинг ёпилиши икки миллиондан ортиқ одам ҳаётига таҳдид солмоқда. «ҲАМАС» ҳаракати бу ҳолатни халқаро ҳамжамиятнинг инқирозга жавоб бера олмаганини кўрсатувчи далил сифатида баҳолади.
Ҳаракатнинг баёнотига кўра, Исроилнинг қамал қилиш сиёсати туфайли сектор яна озиқ-овқат, ичимлик суви, ёқилғи ва дори-дармонлар тақчиллигига дучор бўлган. Ҳатто болалар учун мўлжалланган вакциналар ҳам киритилмаяпти.
ҲАМАС буни мисли кўрилмаган гуманитар фожиа деб атади. Ҳар куни тинч аҳолига нисбатан тажовуз ва жазолаш амалиётлари содир этилаётгани қайд этилди. Баёнотда таъкидланишича, 2,5 млн фуқаронинг очлик ва муҳосарага учратилиши халқаро нормаларга зид равишда олиб борилаётган жиноий урушдир.
Қатар ва Мисрдан 7 йиллик тинчлик таклифи
Қатар ва Миср Исроил ҳамда ҲАМАС ўртасида 5–7 йиллик тўлиқ оташкесимни назарда тутувчи янги тинчлик таклифини илгари сурди. BBCнинг ёзишича, режада гаровда ушлаб турилган барча инсонларни алмашиш, Исроил армиясини тўлиқ Ғазодан олиб чиқиш ва минтақада тинчлик ўрнатиш бўйича аниқ механизмлар назарда тутилган.
ҲАМАС делегацияси Қоҳирага етиб борди ва музокаралар давом этмоқда. Исроил ҳозирча жавоб бергани йўқ.
18 мартдан буён Исроил ҳаво ҳужумларини қайта бошлади. Охирги ойда 1500 дан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди. Исроил танклари Рафаҳда буфер ҳудуд яратишни бошлади.
Манбаларга кўра, ҲАМАС бошқарувни миллий келишув асосидаги янги фаластинлик ҳукуматга топширишга рози. Аммо Исроил ҳали ҳам бу таклифни қабул қилмаяпти. Музокаралар натижаси минтақа келажагини белгилаб бериши мумкин.
Кашмирда туристлар отиб ташланди
Ҳиндистоннинг Кашмир штатида туристларга қилинган қуролли ҳужум оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда маҳаллий нашрлар.
Отишма Паҳалгам шаҳри яқинидаги Байсаран водийсида юз берган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳарбий формадаги бир неча шахс туристларга қарата ўт очган. Ҳужум натижасида 20 дан ортиқ киши яраланган.
Ҳозирча ҳукумат расмий равишда қурбонлар сонини эълон қилмади. Терроризмга қарши курашда қатъият янада кучаяди, деб таъкидлади бош вазир Нарендра Моди.
Ҳужум содир этганлар воқеа жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган. Ҳудудда кенг кўламли қидирув ишлари бошланган. Маҳаллий ҳукумат бу ҳолатни теракт сифатида баҳоламоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кашмир ҳудудида содир бўлган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар нобуд бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади.
Путиндан урушни музлатиш таклифи
Владимир Путин Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Стивен Уиткофф билан учрашувда Украинадаги урушни ҳозирги фронт чизиғида музлатишни таклиф қилди. У Россия конституцияга кўра қўшиб олинган оккупация қилинган областларнинг Украина назорати остида бўлган қисми учун даъводан воз кечишга тайёр эканини билдирди.
Эвазига Путин Украина томонидан Қрим яримороли Россияники сифатида тан олинишини хоҳламоқда.
Washington Post манбаларига кўра, АҚШ бугуннинг ўзида Қрим аннексиясини тан олиш ҳақида таклиф киритиши мумкин.
Украина президенти Володимир Зеленский бу таклифга қатъий раддия берди: «Бу ҳақда гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Қонунимизда бундай имконият йўқ. Қрим — халқимизнинг еридир. Бундай қарор бўлмайди», — деди у.
Зеленский: урушни тўхтатиш — энг осон йўл
Украина президенти Володимир Зеленский Россияга яна бир бор сўз йўллаб, тинчликка эришишнинг энг осон йўли – фақат тўлиқ ўт очишни тўхтатиш эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украина ҳамон фақат фуқаролик инфратузилмасига нисбатан зарбаларни тўхтатиш ҳақидаги таклифини сақлаб қолмоқда ва Москвадан аниқ жавоб кутмоқда.
Зеленский, Пасха байрамининг айрим кунларида фронтда нисбий тинчлик кузатилганини эслатиб ўтиб, бу Россия истаса, урушни бир зумда тўхтатиш мумкинлигини кўрсатади, деди. Бироқ, унинг қайд этишича, Москва тинчлик таклифини рад этган ва зарбалар янада кучайган.
Биргина Пасха оташкесимининг эртасигача Россия қарийб 3 минг марта турли турдаги зарбалар берган: уларда ракеталар, дронлар ва авиация ҳужумлари, «шаҳедлар» ва оғир қуроллар ишлатилган.
Зеленский ўзининг охирги чиқишида мухтасар қилиб шундай деди: «Тўхташнинг ўзи етарли — ўт очишни тўхтатсангиз, тинчлик дарҳол келади».
Доллар сўнгги 3 йиллик минимумда
АҚШ доллари 2022 йил мартдан бери илк бор энг паст даражага тушди. 21 апрел куни доллар индекси 97,92 долларгача тушди. Бунақаси Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан буён илк марта кузатилмоқда. Кун якунларига келиб, индекс 98,38 долларгача қаддини тиклади, аммо аввалги кунга нисбатан 1 фоизга пасайган ҳолда қолди.
Бу Трампнинг Федерал захира тизими раиси Жером Пауэллга босими ортиб бораётган паллада юз берди. Трамп уни Truth Social’да «Жаноб Ҳамма нарсага кечикиб бўлдик», деб атади. Президент уни ўз лавозимидан четлатишни ҳам кўриб чиқмоқда, аммо бу қарор Конгресс розилигисиз амалга ошмайди.
Инвесторлар эса бундай вазиятдан жуда безовта: Пауэллни ҳимоя қилган Америка Қўшма Штатлар Сенати Федерал захира тизими мустақиллигига таҳдидни асло қабул қилмаслигини маълум қилди. Бунинг ортидан бозорлардаги ишонч пасаймоқда, сармоялар АҚШдан чиқиб кетмоқда. Олтин нархи тарихий рекордни янгилаб, бир унцияси 3500 доллардан ошди. Dow Jones индекси 1000 пунктга тушиб кетди.
АҚШнинг 100 университети Трампга қарши
АҚШнинг 100 дан ортиқ университет ва коллежлари Доналд Трамп маъмуриятининг таълим соҳасига сиёсий аралашувига қарши қўшма баёнот билан чиқди. Баёнотда ҳукуматнинг босими, хусусан, талабаларнинг Фаластинни қўллаб-қувватлаш акциялари ва турлилик ҳамда инклюзивлик дастурларига қарши ҳаракатлари қораланди.
Ҳарвард, Принстон ва Браун каби етакчи таълим муассасалари томонидан имзоланган ҳужжатда ҳукумат томонидан молиялашни тўхтатиш таҳдиди ва солиқ имтиёзларини бекор қилишга қарши чиқилди.
«Ҳуқуқий ислоҳотларга қарши эмасмиз, аммо таҳдид ва цензурани қабул қилмаймиз», дейилади баёнотда.
Таълим раҳбарлари ҳукуматни мулоқотга чақириб, давлат маблағларини босим воситаси сифатида ишлатиш хавфли прецедент эканини таъкидлади. Улар таълимда фикр эркинлиги ва академик мустақилликни сақлаш муҳимлигини уқтиришди.
Америкаликлар Трампдан безишмоқда
АҚШда Доналд Трампга бўлган ишонч кескин камайди. Reuters/Ipsos сўровига кўра, унинг рейтинг кўрсаткичи 42 фоизгача тушди — бу сўнгги тўрт ойдаги энг ёмон натижа. Сўров иштирокчиларининг аксар қисми Трампни ҳаддан ташқари катта ваколатлар билан ҳаракат қилмоқда, деб ҳисоблайди.
Унинг университетлар, маданият муассасалари ва давлат органларига таъсир ўтказишга уринишлари жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда. 66 фоиз респондент президентнинг музей ва театрларни бошқаришини нотўғри, деб ҳисобламоқда. Трамп, шу билан бирга, Ҳарвард учун мўлжалланган 2 млрд доллар маблағни ҳам музлатиб қўйди.
CNBC сўрови натижаларига кўра, иқтисодий сиёсатни фақат 43 фоиз аҳоли қўллаб-қувватламоқда. Аҳоли инфляция ва божлардан хавотирда — 49 фоиз сўралганлар келгуси йилда иқтисод ёмонлашишини кутмоқда. Айниқса, мустақил сайловчилар ва ишчи табақа орасида қўллаб-қувватлаш кескин камайган.
Google Chrome ҳукуматга сотиладими?
АҚШ ҳукумати Google’нинг эгаси Alphabet компаниясидан Chrome браузерини сотишни талаб қилмоқда.
Бунга Google’нинг бозордаги монопол мавқейи сабаб бўлган. Ню Йорк суди компанияни рақобатга зид ҳаракатларда айбдор, деб топди.
Google’га кўра, у Apple ва Samsung каби йирик гаджет ишлаб чиқарувчиларга ўз қидирув хизматини қурилмаларда стандарт қилиб ўрнатиш учун 2021 йилда 26,3 млрд доллар тўлаган. Бу, АҚШ Адлия вазирлиги фикрича, рақобатни чегаралаган.
Google вакиллари эса судда уларнинг хизмати фойдаланувчилар томонидан танланиши сабаби — унда сифат ва самарадорлик юқори эканини таъкидлашди. Суд қарори ортидан компания бизнесини қайта кўриб чиқиши мумкин.
СИ ишлаган кинолар «Оскар»га даъвогар
Америка миллий киноакадемияси янги қоидаларга кўра, сунъий интеллект иштирокида яратилган фильмлар ҳам «Оскар» мукофотига номзод бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Бунда асосий мезон — инсон ижодий ҳиссасининг даражаси ҳисобланади. Яъни сунъий интеллектдан фойдаланилган филмда инсон томонидан қўшилган ижодий улуш етакчи бўлиши керак.
Бу қарор 97-марта ўтказилган «Оскар» маросимида СИ технологияси ёрдамида суратга олинган «Бруталист» фильми билан боғлиқ баҳслар ортидан қабул қилинди. Ушбу фильм энг яхши актёр ва операторлик ишлари учун мукофот олган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ҳолливуд актёрлари ва сценаристлари сунъий интеллект туфайли иш ўринлари йўқолиши хавфи сабабли иш ташлаш эълон қилганди.
Дарвоқе, келгуси мукофотларда жюри аъзолари ҳар бир номзод филмни тўлиқ томоша қилгандан сўнг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Мавзуга оид

18:19
АҚШда терроризмда гумонланиб ҳибсга олинганлар сони 655 фоизга ошди

13:52
Трампнинг тинчлик режаси бўйича Украина ва Россияга нима таклиф қилингани маълум бўлди

11:23
Россия дрони Украинадаги автобусга урилди, кўплаб қурбонлар бор

09:05