Ўзбекистон | 18:00 / 23.04.2025
3356
5 дақиқада ўқилади

Таклифи инобатга олинмаган либераллар, нормани қатъий ҳимоя қилган ташаббускорлар – Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси қандай ўтди?

Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган ялпи мажлисидаги баҳс-мунозаралар кузатувчиларни бефарқ қолдирмади. Куннинг биринчи ярмида либераллар кескин фикрлари ва аниқ позициялари билан эътиборимизни тортган бўлса, куннинг иккинчи яримида эса ЎзХДП фракциясининг якдил нуқтаи назари кутилмаган ҳолат бўлди.

Мажлисда солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Дастлаб қонун лойиҳаси юзасидан масъул қўмита аъзоси Фирдавс Қурбоновнинг маърузаси эшитилди. Маълумот учун, қонун лойиҳаси жорий йил 4 февралда бўлиб ўтган қуйи палата ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

Маърузачи депутатнинг айтишича, қонун лойиҳасида бюджет тушумларининг барқарорлигини таъминлаш, хуфиёна айланмалар ва солиқларни яшириш ҳолатларига барҳам бериш, тадбиркорлик субъектларини судга қадар ва суд муҳокамаси давомида етказилган зарар тўлиқ қопланган тақдирда жавобгарликдан озод қилишни, шунингдек, солиқ ҳуқуқбузарлиги учун қўшимча ҳисобланган маблағлар тергов органи депозит ҳисоб рақамидан бюджетга ўтказилгунга қадар пеня ҳисобламаслик ҳақидаги нормалар акс этмоқда.

Бундан ташқари, мулкдорнинг ер участкаси жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда мулкнинг бозор қийматида тўлаб берилган компенсация миқдорини солиқ даромади таркибига киритмаслик белгиланмоқда. Тадбиркор билан боғлиқ жиноят ишида Бизнес омбудсман ёки Савдо-саноат палатаси вакили жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этиши мумкинлиги киритилмоқда.

Лойиҳани моддама-модда кўриб чиқиш вақтида ЎзЛиДеП партияси фракциясининг бир қатор депутатлари лойиҳанинг биринчи моддасида келтирилган “сохта тадбиркорлик” моддасига эътироз билдирдилар.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Умид Ёқубхўжаев қонун лойиҳасидаги сохта тадбиркорлик тушунчаси бугунги кунда биронта ривожланган давлатда қўлланмаслигини қайд этиб, уни янги таҳрирда қабул қилиш эмас, балки Жиноят кодексидан бутунлай чиқариб ташлашни таклиф қилди. — “Мазкур норма бир вақтлар бозор иқтисодиётига ўтиш даврида фирибгарлик хавфи юқори бўлгани сабабли киритилган. Ҳозирги вақтда сохта фирма очиб ҳужжатларни қалбакилаштириш, солиқдан бўйин товлаш бошқа моддалар билан жавобгарликка тортилишини ҳисобга олганда, фикримизча ушбу модда тадбиркорлик фаолияти учун қўшимча жавобгарликни келтириб чиқарувчи восита бўлиб қолмоқда. Ва бу модда Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, — деди у.

ЎзЛиДеПнинг яна бир аъзоси Дурбек Аҳмедов ҳам фракциядошининг фикрларини қўллаб-қувватлаб, сохта тадбиркорлик тушунчасини белгилаш механизмлари мавжуд эмаслиги, шу боис мазкур нормани лойиҳадан чиқариб ташлаш таклифини илгари сурди.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Анваржон Нурматов эса бу норма халқаро тажрибада кенг қўлланмаган бўлса-да, бугунги кунда солиқлардан қочиш ҳолатларининг олдини олиш, бюджет тушумларининг тўлиқлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, ушбу нормани қонун лойиҳасида қолдириш тарафдори эканини маълум қилди. Ва бошқаларни ҳам бу масалани қўллаб-қувватлашга чақирди.

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси Руслан Жумамуратовнинг фикрича, сохта тадбиркорликка қўл урганларнинг жинояти учун жавобгарликнинг сақлаб қолиниши иқтисодий хавфсизликни таъминлашда муҳимдир.

Адолатчилар ҳам жим туришмади. Ушбу партия фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов сохта тадбиркорлик орқали давлат ва жамият манфаатларига, бюджетга зарар етказилиши, фуқароларнинг ишончи суиистеъмол қилиниши адолат тамойилига зид эканини қайд этди.

— Фракция сохта корхоналарни рўйхатдан ўтказиш ва улар орқали жиноят содир этиш ҳолатларини фош этиш билан бир қаторда, реал фаолият юритувчи, бироқ тажрибасиз ёки нотўғри бошқарув туфайли инқирозга учраган тадбиркорларнинг айбсиз жазоланмаслиги тарафдори, — деди у.

Экологик партия фракцияси аъзоси Ноиба Иноятова либералларнинг таклифи қонун лойиҳасининг концепцияси билан боғлиқлигини ҳамда мазкур концепция биринчи ўқишда қабул қилинганлигини ҳисобга олиб, қўмитанинг таклифини овозга қўйишни сўради.

Шундан сўнг мажлисда сўз олган қонун ташаббускорлари либераллар илгари сурган Жиноят кодексидаги 179-модда, яъни сохта тадбиркорлик тўғрисидаги моддани чиқариб ташлаш таклифига қўшилмаслигини, агар мазкур модда чиқариб юбориладиган тақдирда суд-тергов амалиётида жиддий муаммолар келиб чиқиши мумкинлигини таъкидладилар.

Бу муносабатдан сўнг, қонун лойиҳаси овозга қўйилди ва кўпчилик овози билан қабул қилинди. Лойиҳага қарши овоз берган ЎзЛиДеП фракцияси қатор аъзоларининг таклифи инобатга олинмади ва ушбу норма қонун лойиҳасида қоладиган бўлди.

Парламентда кўпчилик ўринга эга бўлиш (янги чақириқда ЎзЛиДеП олдинги чақириққа нисбатан қўшимча 11 ўрин эгаллаб, 64 депутатлик (42,7 фоиз) ўрнига эга бўлган) бу — энг йирик фракция, муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда сезиларли даражадаги устунлик дегани.

Лекин гувоҳи бўлганимиздек, ҳар доим ҳам етакчи бўлиш устунлик бермайди, энг кўп депутатлик ўринларига эга бўлиш эса, овоз беришда устунликни англатмайди. Айниқса, бошқа фракциялар ўзаро бирлашиб, якдил позицияда турганда. Ҳар жиҳатдан мукаммал, халқчил қонунлар эса фикрлар, қарашлар хилма-хиллигида чархланади, баҳсларда такомилига етади. Парламентимиздаги мана шундай баҳс-мунозаралар давомли бўлиши, албатта, сайловчилар манфаатига хизмат қилади.

Мавзуга оид