Ўзбекистон | 19:19 / 24.04.2025
3297
3 дақиқада ўқилади

Болалари мунтазам калтаклангани айтилган “Танзиландия” хусусий боғчасининг лицензияси бекор қилинди

Суд қарори билан боғча фаолиятидаги айрим камчиликлар асос қилиниб, унинг лицензияси март ойида бекор этилган. Муассаса раҳбариятининг апелляция шикояти Тошкент шаҳар судида кўрилиб, биринчи инстанция қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Аввалроқ боғча тарбиячиларининг болаларга ўта қўпол муносабатда бўлган ҳолати тармоқларда резонанс кўтаргач, Мактаб вазирлиги “Танзиландия” боғчасини судга берганди.

Фото: Kun.uz

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Танзиландия” (юридик номи: “Yuksalish construction” НТМ) хусусий боғчаси билан боғлиқ ҳолат Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилган ва 19 март санасида суднинг қарори эълон қилинган. Kun.uz ушбу қарор билан танишиб чиқди.

Унга кўра, лицензиат томонидан нодавлат таълим соҳасидаги фаолияти учун лицензия олинган кунидан сўнг бир ой муддат ичида таълим ташкилоти, таълим олувчилар ва педагог ходимлар тўғрисидаги тўғри, тўлиқ ва ишончли маълумотларни таълим соҳасида ваколатли давлат органларининг тегишли ахборот тизимларига киритиш ва мунтазам равишда янгилаб бориш талаби қўйилган.

Аммо шунга қарамай, мактабгача таълим муассасасида тарбияланиб келаётган жами 155 нафар тарбияланувчидан 128 нафари (83 фоизи) “Болалар боғчаси” (bbit.uz) ахборот тизимига киритилмагани аниқланган.

Шунингдек, жами тарбияланувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари бепул қабул қилинганига оид талабни ҳам бузгани қайд этилган. Яъни “Танзиландия”да жами 155 нафар тарбияланувчи мавжуд бўлса-да, жами тарбияланувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари бепул қабул қилинмаган.

Шулардан келиб чиқиб, суд 2019 йил 27 декабрда берилган

МТ 104-сонли боғча лицензиясини бекор қилишга қарор чиқарган. Мактабгача ва мактаб вазирлигининг Kun.uzʼга маълум қилишича, МТТ раҳбарияти бу қарордан норози бўлиб, Тошкент шаҳар судига апелляция шикоятини киритган. Аммо 23 апрел санаси билан бу шикоят қаноатлантирилмаган, биринчи инстанция ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолгани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил феврал охирида “Танзиландия” боғчасининг тарбиячилари болаларга ўта қўпол муносабатда бўлгани тармоқларда резонансни юзага келтирганди. Ота-оналар буни фарзандининг ўйинчоғига ўрнатилган овозни ёзиб олувчи мослама орқали аниқлаганини билдирганди. Ўшанда ҳолат ортидан 3 нафар тарбиячи ишдан кетганди.

Мавзуга оид