Ўзбекистон | 20:45 / 24.04.2025
737
4 дақиқада ўқилади

“Геосиёсат” мулоқоти. Экспертлар билан савол-жавоб

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури экспертлари Фарҳод Толипов ва Фазлиддин Мадиев жонли эфирда халқаро майдонда кечаётган жараёнлар ҳақида томошабинлардан келиб тушган саволларга жавоб беришди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Доналд Трампнинг Россия–Украина урушини якунлаш бўйича режаси борсида қандай таҳлиллар мавжуд?

Фарҳод Толипов: Сўнгги вақтлардаги ташаббуслар ва режаларнинг барчаси чала, аниқ бир стратегия мавжуд эмасдек. Вазият ростдан мураккаб, масалан Украина, Россия, АҚШ вакиллари музокаралар ўтказишга ҳаракат қилишяпти, лекин мана, Трампнинг режасида ҳам Украинанинг ҳудудий ён бериш масаласи бор, худди Украинанинг тақдирини Украинасиз ҳал қилишаётгандек туюлади.

Расмий Киев иштирок этмаган музокаралар чала ва мукаммал бўлмаган натижаларни ҳосил қилади холос. Киевнинг сўнгги баёноти ҳам босиб олинган Қримни Россияники деб тан олишни рад этади. Шунинг учун ҳам дипломатик ва стратегик нуқтайи назардан, барча томонларни жалб қилган ҳолдагина адолатли ечим топиш мумкин. Шунинг учун Лондондаги учрашув ҳам мукаммал натижалар билан якунланмаса керак.

Эрон Исроилни давлат сифатида тан олса, минтақада тинчлик бўладими?

Фазлиддин Мадиев: АҚШ учун Яқин Шарқдаги муаммолар ҳозир ортиқча, чунки бугунги Вашингтон ташқи сиёсатида устувор вазифа – Украина масаласини тезроқ ҳал қилиб, Хитой билан эҳтимолий тўқнашувларга тайёрланиш. Шундоқ ҳам Трамп иқтисодий тежамкорлик сиёсати ҳақида кўп гапиряпти ва шу фонда Эрон билан урушга миллиардлаб сарфламаса керак.

Ундан ташқари, Яқин Шарқда ҳозир Туркия асосий ўйинчи ва Анқарани ҳеч ким четга суриб қўёлмайди. Трамп ва Нетаняҳу учрашувида ҳам шу нарса сезилгандек, Трамп Овал кабинетида ва Нетаняҳу қаршисида халифалардан бирининг иқтибосини келтириб, “мен икки томонни ҳам мувозанатда ушлайман” дегандек сўзлади.

Эрон фактори – бу Хитойнинг ҳам обрўйи масаласи. Чунки Хитойнинг стратегик даражада асосий эшиги бу Эрон.

Ҳозирги шаклланаётган дунё тартиботида Ўзбекистон нима қилиши керак?

Фарҳод Толипов: Ўзбекистон халқаро ҳуқуқни конституцияда ҳам устувор деб эътироф этган, шундай экан, Тошкент ўзининг хатти-ҳаракатларида БМТ резолюциялари асосида халқаро ҳуқуққа асосан йўл тутиши керак.

Кимнингдир найрангига ва босимларига қарамасдан, БМТ устуворлигида ҳаракат қилишимиз керак.

Туркия учун АҚШнинг F-35 самолётлари жуда муҳимми? Анқара нега бу учоқларга интилади?

Фазлиддин Мадиев: F-35 масаласи Туркия учун аслида жуда муҳим эмас, чунки мамлакат ўзида дунёдаги замонавий қуролларни ишлаб чиқаряпти. Ундан ташқари, Туркия энг самарали учувчисиз мосламалар борасида ҳам дунёнинг етакчи давлатларидан бири.

Туркияга F-35 ҳарбий куч борасидаги балансни сақлаб туриш учун керак. Яъни Анқара дунёдаги ҳарбий жиҳатдан қудратли давлатлар билан тенг даражадаги қуролларга эга бўлишни ҳохлайди. Аслида F-35дан фойдаланиш ҳам арзон эмас, чунки унга қўшимча яна иккита қўшимча самолёт учирилиши керак.

***

Жонли эфир давомида сиёсатшунослар БМТни қандай ислоҳ қилиш, Суриянинг Жўлан тепаликларини Исроилдан қайтариб олиш имконияти, янги дунё тартиботида туркийларнинг ўрни ва шу каби кузатувчилар йўллаган саволларга жавоб беришди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz'нинг YouTube'даги расмий саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид